2021 йилги Давлат дастури лойиҳасидан қандай ижтимоий ўзгаришлар ўрин олди?

Президентнинг 2021 йилги Давлат дастури тўғрисидаги фармон лойиҳасида ижтимоий ўзгаришлардан ташқари, бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар таклиф этилмоқда.

Қандай имтиёзлар назарда тутилмоқда:

  • туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳасида 20 минг тадбиркор томонидан ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлаш муддатини узайтириш (400 миллиард сўмга яқин);
  • мол-мулк солиғи ва ер солиғи кечиктирилганлиги учун пени солишни тўхтатиб қўйиш, солиқ қарзларини мажбурий ундиришни тақиқлаш;
  • кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ер ва мол-мулк солиғи тўлаш муддатини фоизларсиз узайтириши;
  • солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган кичик бизнес субъектларининг солиқ текширувларига қўйилган мораторийни кенгайтириш, бу билан солиқ текширувларида «хатарларни таҳлил қилиш» тизимини босқичма-босқич жорий этиш.

Банк соҳасида қуйидаги ўзгаришлар режалаштирилмоқда:

  • банклараро валюта бозорини онлайн платформага ўтказиш;
  • тадбиркорларга валютани тўғридан-тўғри банкдан сотиб олиш имкониятини яратиш;
  • валюта курсини белгилашда банкларнинг ролини ошириш;
  • расмий курсни ҳар куни эълон қилиш.

Ишсиз аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилиб ишлаш фаолиятига жалб қилиш мақсадида 7 миллион сўмгача субсидиялар бериш кўзда тутилмоқда. Бунда, асосан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун йўналтирилади.

Транспорт соҳасида қуйидаги ўзгаришлар режалаштирилмоқда:

  • давлат бюджетидан субсидиялар тизимини жорий этиш орқали йирик шаҳарларга ва сайёҳлик марказларига доимий рейсларни ташкил этиш;
  • республика бўйлаб маҳаллий аҳоли саёҳатини янада қулайлаштириш учун чипталар суммасидан 30% миқдорини қайтариш.

Энергия соҳасида қуйидаги ўзгаришлар режалаштирилмоқда:

  • суюлтирилган газни олиб киришда белгиланган божхона божини ва тегишли рухсат берувчи ҳужжатларни бекор қилиш;
  • электр энергияси ва табиий газ етказиб беришда бозор механизмларини жорий этиш орқали ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун улгуржи бозорни шакллантириш бўйича «йўл харитаси» ни ишлаб чиқиш;
  • йирик корхоналарнинг электр энергияси ва табиий газни импорт қилиш ҳуқуқини ривожлантириш.

Солиқ соҳасида қуйидаги ўзгаришлар режалаштирилмоқда:

  • кичик бизнес ва фермер хўжаликлари учун автоматик равишда молиявий ҳисоботларни тузадиган ва мониторинг учун солиқ органларига юборадиганэелектрон тизимни жорий этиш.

Божхона соҳасида қуйидаги ўзгаришлар режалаштирилмоқда:

  • «масофадан электрон декларациянинг божхона постлари» тизимини босқичма-босқич ва тест режимида ташкил этиш;
  • божхона расмийлаштирувини масофадан туриб бошқариш имконини ташкил этиш;
  • ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан ташувчилик ҳужжатларининг чегараларда текширилишини рақамлаштириш, тўловларни йиғиш ва умумий онлайн назоратни жорий этиш.