2 сентябрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги Солиқ кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Муҳокамалар 17-сентябргача давом этади, мана бу ерда ўз фикр ва мулоҳазаларингизни қолдиришингиз мумкин.
Buxgalter.uz янги таклиф қилинаётган кодекс лойихаси билан танишиб чиқди. Солиқ кодексининг амалдаги таҳрири шу йилдан бошлаб сезиларли янгиланган. Бироқ унда эски ёндашувларнинг асоратлари қолган:
- турли фаолият турлари учун талай солиқ режимлари;
- солиқ тўловчи ҳуқуқларининг декларативлиги;
- қонунга итоаткорлигидан қатъи назар барча солиқ тўловчиларга бир хилда татбиқ этиладиган солиқ назорати шаклларининг шаффоф эмаслиги.
Ишлаб чиқувчиларнинг баёнотига кўра, улар ушбу муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилишган. Буни улар қанчалаик уддалаганликларини мутахассислар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасини диққат билан ўрганиб чиққач баҳолайдилар. Бироқ ҳозирнинг ўзида қуйидаги ижобий ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда.
Қуйида ундаги 12 та энг муҳим ўзгаришлар билан танишингиз мумкин.
1.”Яшил йўлак” – инсофли солиқ тўловчилар учун.
Барча назорат тадбирлари асосига хатар-таҳлили натижалари қўйилади. Агар тадбиркор ҳисоботларни ўз вақтида топширса ва солиқларни тўласа, унинг солиқ юкламаси фаолият тури учун ўртача даражада бўлса, белгиланиши бўйича солиқчиларда унга нисбатан саволлар юзага келмайди.
Бундайларни солиқ инспектори эмас, балки компьютер дастури халқаро ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда аниқлайди.
Агарда солиқ тўловчи ўртача ёки юқори хатар гуруҳига киритилса, унга солиқчиларнинг эътибори юқори бўлади. Ушбу эътибор учта солиқ дастагидан (камерал назорат, сайёр текширувлар, солиқ аудити) бирининг аниқ ҳуқуқий шаклига айланади.
Камерал назорат ва сайёр текширувлар натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликларни солиқ тўловчининг ўзи молиявий санкцияларсиз тўғрилаши мумкин. Фақат пеня тўлашга тўғри келади.
Жарима санкциялари (пеня бундан мустасно), суд жараёнлари ва бошқа кўнгилсиз оқибатлар фақат тафтиш ўрнига келадиган солиқ аудити натижаларига кўра назарда тутилган. Бунда санкция миқдорлари солиқ ҳуқуқбузарлиги турига боғлиқ ҳолда табақалаштирилади.
2. Солиқ тўловчи контрагентни танлашда эҳтиёткорлик қилиши даркор.
Лойиҳа янги тушунча – эҳтиёткорликни жорий этмоқда. Контрагентни танлашда сиз у бир кунлик фирма эмаслигига ишонч ҳосил қилишингиз лозим бўлади. Бунинг учун қуйидагиларни текшириш зарур:
- контрагент солиқ органларига ҳисобга қўйилганми;
- ишлаб чиқариш базасига эгами;
- ходимлари мавжудми;
- унинг молиявий аҳволи ва ишбилармонлик обрўси қандай;
- у мажбуриятларни ижро этишга қобилиятлими.
Инсофсиз контрагентлар билан битимлар қўшимча солиқлар ҳисоблашга олиб келиши мумкин.
3. Давлат бюджети солиқ тўловчиларга пенялар тўлайди.
Солиқ органларининг қонунга хилоф равишда қўшимча солиқ ҳисоблаш, молиявий санкциялар қўллаш ва ортиқча тўланган солиқлар суммаларини қайтаришни кечиктириш учун жавобгарлиги жорий этилмоқда. Ушбу ҳолларда давлат бюджети солиқ тўловчиларга пеня тўлайди.
Масалан, сиздан инкассо орқали мавжуд бўлмаган боқимонда учун пул ечилган. Ёки сиз солиқчилар “илтимосига кўра” бюджетга ортиқча тўладингиз. Шу каби вазиятларда давлат бизнесга унинг пулидан “фойдаланишнинг” ҳар бир куни учун фоиз тўлайди. МБ қайта молиялаштириш ставкасига тенг фоиз ставкаси қабул қилинади.
4.Давлат ҚҚС бўйича манфий сальдони қайтаради.
Бугунги кунда ҚҚС бўйича “манфий” сальдо фақат экспорт қилувчиларга қайтарилмоқда. Таклиф этилаётган ўзгартиришларга биноан у камерал текширув ўтказилгандан кейин барча тўловчиларга тўланади. Экспорт қилувчилар, йирик солиқ тўловчилар ва банк кафолатини тақдим этган корхоналарнинг бундан ўтишлари зарур эмас.
5. Асосий воситалар бўйича ҚҚС – дарҳол ҳисобга олинади.
Бизнес асосий воситалар объектларини, жумладан кўчмас мулк объектларини харид қилишда (барпо этишда) ҚҚСни бир йўла ҳисобга олиши мумкин. Бу улар қийматиниг 20%ини корхонада фойдаланишда сақлаб қолишга ёрдам беради. Масалан, 3 млрд сўм қийматидаги бинони харид қилишда “кирувчи” ҚҚС суммаси 600 млн сўмни ташкил этади. Бу суммани корхона дарҳол ҳисобга олиши – ўз харидоридан олган ҚҚСдан ушлаб қолиши мумкин.
Ҳозирги вақтда ҳисобга олишни тенг улушларда 12 ой давомида, кўчмас мулк объектлари бўйича эса 36 ой давомида амалга ошириш мумкин. Яъни ҳар ойда корхона сизнинг мисолингизда фақат 16,7 млн сўмни ҳисобга олишга ҳақли. Фарқи яққол кўринади!
6. Соддалаштирилган ҚҚС бўлмаслиги мумкин.
Солиқ кодексидан соддалаштирилган ҚҚСни чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда. У корхоналарга фойдали эмас, чунки уларга кирувчи солиқни ҳисобга олиш имконини бермайди. Ҳақиқатда “соддалаштирилган” ҚҚС – бу худди ўша ЯСТ, фақат оширилган ставкалар бўйича. У қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг умумбелгиланган солиққа ўтиши боис ҳам зарур бўлмайди. Бу ўша умумий овқатланиш корхоналарига кирувчи ҚҚСни ҳисобга олиш имконини беради.
7. ҚҚС тўловчилар рўйхати кенгайтирилмоқда.
ҚҚС тўловчилар жумласига қуйидагилар қўшилади:
- қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари. Бунда уларга имтиёзлар тақдим этилган – фойда солиғи бўйича ноль ставкаси ва мол-мулк солиғидан озод этиш;
- бозорлар;
- адвокатлик бюро ва фирмалари;
- чет эл юридик шахсларининг доимий муассасалари;
- давлат мулкини ижарага тақдим этган ҳолда бюджетга ҚҚС ҳисоблаб чиқариш ва ўтказишни амалга оширадиган ваколатли давлат органи.
8. Текин олинган мол-мулк ва кўрсатилган хизматларга ҚҚС солмаслик мумкин.
Фақат битта шарт билан – текин бериш иқтисодий жиҳатдан оқланган бўлиши керак. Бу сиз қуйидагилар учун мол-мулкни текин беришингиз ёки текин хизмат кўрсатишингизни англатади:
1)даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида;
2) тадбиркорлик фаолиятини сақлаб қолиш ёки ривожлантириш учун. Ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги аниқ асосланган.
9. “Google га солиқ” жорий этиш кўзланмоқда.
Ўзбекистон жисмоний шахсларга электрон шаклда хизмат кўрсатадиган хорижий ташкилотларга ҚҚС белгилашни хоҳлайди. Лойиҳада бунинг учун махсус боб назарда тутилган. Google, Yandex, Alibaba каби компаниялар ва бошқалар 2020 йил 1 январдан бошлаб:
- солиқ органларида ҳисобга қўйилишлари;
- ҳар ойда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ҳисобот топширишлари;
- Ўзбекистоннинг жисмоний шахсларига кўрсатилаётган хизматлар қийматидан ҚҚС ҳисоблашлари ва тўлашлари керак.
10. Фойда прогнози ва жорий тўловлар бўйича маълумотномалар ўтмишда қолади.
Солиқ тўловчилар энди жорий тўловлар бўйича маълумотномалар топширмайди. Бунда – ҳамма, турли сабабларга кўра.
Солиқ даврида жами даромади 5 млрд сўмгача бўлган ташкилотлар уларни топширмайди, сабаби улар учун аванс тўловлари назарда тутилмаган.
Қолган барча – аванс тўловларини амалга оширади. Бироқ, ҳисоб-китоб услуби соддалаштирилганлиги ва Солиқ кодексида қайд этилганлиги боис фойдани прогнозлаштириш ва маълумотномалар топшириш зарур эмас.
11. Харажатлар асосланган бўлиши керак.
Лойиҳага мувофиқ фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда корхонанинг жами даромадидан барча иқтисодий жиҳатдан оқланган харажатлар чегирилади. Бу – қуйидаги шартларда ҳар қандай харажатлар ҳисобланади:
1)даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида амалга оширилган харажатлар;
2) бундай тадбиркорлик фаолияти учун зарур ёки уни сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун хизмат қилади ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асосланган;
3) қонунчилик қоидаларидан келиб чиқади.
12. Инвестициявий чегирма фойда солиғида тежашда ёрдам беради.
Фойда солиғи ҳисоб-китобида корхона қуйидаги миқдорда инвестициявий чегирма қилишга ҳақли:
- янги технологик ускуналар қийматининг, модернизация қилиш, техник, технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш харажатларининг 10%и;
- ахборот тизимларини яратишга доир инвестиция лойиҳалари доирасида маҳаллий ишлаб чиқаришининг дастурий таъминоти қийматининг 10%и;
- ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтиришга, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасининг 5%и.