Телеграм каналимиз

ҚҚСнинг нарх-навога ва тадбиркорлик субъектларига салбий таъсири бўлмаслиги айтилганди. Тадбиркорлик кайфияти бунинг аксини кўрсатмоқда

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бўлим бошлиғи, I даражали адлия маслаҳатчиси Н.И.Норбаевнинг ҚҚС ҳақида таҳлил ва таклифлари эълон қилинди. Қуйида мақолада келтирилган асосий таҳлил ва таклифлар билан танишишингиз мумкин.

ҚҚС бўйича саволларга жавоб берилганми?

Адлия маслаҳатчиси Норбаев ўз мақоласида ҚҚС бўйича ўрганишлар ўтказилганмиди ва саволларга жавоб берилган бериламаганлигига эътибор қаратди. Хусусун, у ёзмоқда :

  • ҚҚС жорий этилишидан олдин ёки кейин социологик ўрганишлар ўтказилганми;
  • ҚҚСга тортишнинг ижтимоий самарадорлиги кузатилганми;
  • Умуман солиқ идоралари фаолиятида социологик тадқиқотлар амалга ошириладими;
  • Солиқ тизимини бошқаришда таҳлилий социологик хизматлар ташкил этилганми;
  • Бошқарув қарорларининг ижтимоий оқибатлари прогноз қилинадими

ҚҚСнинг нарх-навога ва тадбиркорлик субъектларига салбий таъсири бўлмаслиги айтилганди. Тадбиркорлик кайфияти бунинг аксини кўрсатмоқда

ҚҚСнинг жорий қилиниши ёки ставкасининг оширилиши ёки пасайиши амалга оширилса, бундай ўзгаришда аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ўзларини қандай тутадилар. Булар ўрганиладими?

Ижтимоий ҳолат ёки солиқ тўловчи фуқаронинг ҳулқ-атвори юзасидан таҳлиллар етарли бўлмаганлиги оқибатида, ҚҚС ислоҳоти доирасида мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан бир неча бор ҚҚСнинг нарх-навога ва тадбиркорлик субъектларига салбий таъсири бўлмаслиги ёки минимал бўлиши тўғрисида кўп марта баёнот берилди. Лекин бугунги кундаги истеъмол товарлари ва бозордаги ҳолат, тадбиркорлик субъектларининг кайфияти бунинг аксини кўрсатмоқда.

Яқинда Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги илмий-тадқиқот маркази Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Наманган вилоятларидаги маҳаллий ва хорижий инвесторларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида 200дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар билан суҳбат ўтказган. Маълум бўлишича, энг асосий қийнаётган масала бу оғир солиқ юки ва юқори ҚҚС миқдори уларнинг фаолиятига халақит бермоқда.

Солиқ юки камаймоқда, солиқ тизими самарадорлиги хам 

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, солиқ тизими самарадорлигининг пастлиги кўп жиҳатдан унинг иқтисодий қонунлар ва нормаларга мувофиқ ишлаши, объектив ва субъектив омилларнинг ўзаро таъсири умумийлигини ҳисобга олмаслиги ва солиқ тизими фаолиятининг ижтимоий механизм-лардан ажралганлиги билан изоҳланар экан.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йил бошидан буён тадбиркорларга солиқ юки 30 фоизга камайган бўлсада, 135 минг тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатган. Бу ўтган йилга нисбатан 3 фоизга кўпдир.

Йил бошидан буён ҚҚС тўловчилари сони беш баравар ошди. Бироқ, ҚҚСни ҳисоблашнинг самарали ва содда механизмлари йўқлиги сабабли, янги тизимга ўтган 26 минг корхонадан 9 минг (35%) нафари солиқ ҳисоботларини тақдим эта олмадилар.

ҚҚС соддалаштирилган ҳисоблашни тизими ростдан соддами? Нега имтиёзли ва имтиёзсиз  корхоналар маҳсулот ва хизмат сотиш нархларида деярли фарқ сезилмайди ?

Жамиятимизда кўп кузатилган тадбиркорлик субъектларимизнинг аксариятига хос бўлган хулқ-атвор тўғрисида фикр юритмоқчимиз. Маълумки, айрим тоифа солиқ тўловчилар маълум бир солиқ имтиёзларидан фойдаланадилар. Аммо, улар томонидан ишлаб чиқарилган махсулот ёки хизматлар билан имтиёздан фойдаланмайдиган корхоналар маҳсулот ва хизмат сотиш нархлари орасида деярли фарқ сезилмайди.

Нега? Ахир имтиёздан фойдаланса маҳсулоти арзонроқ чиқиши керак эмасми?!

Бу борада ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аксарият ҳолларда, имтиёз тақдим этилиши ёки ставканинг пасайтирилиши бозорда шаклланиб бўлган нарх-навонинг пасайишига олиб келмайди яъни бу преференциядан фойдаланган тадбиркорлик субъекти нархни туширмайди.

ҚҚС ставкасининг оширилиши биринчидан, тадбиркорлар томонидан бозорда ўз мавқеини сақлаб қолиш ва ҚҚС таъсирини камайтириш учун солиқдан қочишнинг янги имкониятларини излай ошлайдилар, иккинчидан, коррупция элементларини ошишига хизмат қилади, учинчидан, нақд пул савдоси кучаяди, бу эса хуфиёна иқтисодиётдаги тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратади.

ҚҚСни жорий қилишда уни кўп ўлчовли ижтимоий ҳодиса сифатида ҳар томонлама таҳлил қилиш, объектив ва субъектив омилларнинг ўзаро таъсирини ҳисобга олган ҳолда ўрганиш, келгусидаги салбий таъсирларнинг олдини олишга хизмат қилади.

ҚҚСнинг салбий оқибатларини камайтириш тадбирларини икки босқичда ташкил қилиш лозим

1) 2020 йил 1 январдан бошлаб барча корхоналарни, товар айланмаси миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўлашга ўтказиш, шу билан бирга ҚҚС ставкасини пасайтириш;

2) ҚҚС билан боғлиқ инфратузилмани яратиш, яъни:

  • имтиёзларни максимал даражада бекор қилиш;
  • ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш;
  • Электрон ҳисоб-фактура тизимини тезкор равишда амалга киритиш, товарлар ҳаракати таҳлили ва ҚҚС ҳисобланишини назорат қилиш;
  • ҚҚСнинг ҳисобга олинган суммасининг уни ҳисобланганидан ошган суммасини мажбурий қоплаб бериш тартибини жорий этиш.

Ушбу саналган тадбирларни айнан паст ставка билан амалга ошириш бирмунча осонроқ ва оғриқсизроқ кечади. Юқори ставка тадбиркорликни чўчитади, натижада керакли инфратузилмани яратиш қийинлашади. Ифратузилма заиф бўлганда ҚҚСнинг салбий таъсири кучаяди;

  • ҚҚС ставкасини пасайиши билан боғлиқ бюджет йўқотиши ўрнини қоплаш мақсадида, давлат харажатларини оптималлаштириш, ортиқча харажатлардан воз кечиш, харажатларни иқтисодиёт ривожланишига ҳамоҳанг ошириб бориш;
  • Солиқ соҳасида социологик тадқиқотлар амалга оширишни йўлга қўйиш, солиқ тизимини бошқаришда таҳлилий социологик хизматларни ташкил этиш;
  • Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси бизнес вакиллари ўртасида ҚҚСни ҳисоблаш бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш;
  • Нархларни жиловлашнинг бошқа барча омилларини самарали қўллаш;
  • Иқтисод, солиқ ва молия соҳасида мутахассислар тайёрлаш дастурларида “Иқтисод ва молия соҳасида социология” каби ўқув дастурларни жорий қилиш. 

Ушбу таҳлил ва таклифлар 2019 йил август ойида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган ва тегишли давлат органларига, хусусан Давлат солиқ қўмитасига киритилган.

Телеграм каналимиз