Телеграм каналимиз

Зафар Ҳошимов: Янги солиқ ставкаси ҳақида икки оғиз

“Korzinka.uz” асосчиси ва раҳбари солиқчилидаги охирги ўзгаришлар нархларга қандай таъсир қилиши хақида ўз фикр ва мулохазалари билан ўртоқлашди.

Пролог

***

Мендан: «Солиқ ислоҳотида нималар бўлмоқда ва бу нархларда қандай акс этади?», деб тўсатдан сўрайсан. Мен ўзимни аямай навбатдаги узундан-узоқ матнимни ёзиб, сенга тушунтиришга киришаман.

Уни охиригача ўқишга сабринг етмай, орқангни ўгириб кетиб қоласан ва мен саволингнинг жавоби мақоламнинг охирги жумласида мужассам бўлганини айтишга ҳам улгурмай, хўрсиниб қўяман.»

***

Бугун солиқ ислоҳоти учун муҳим кун. Эслатиб ўтаман, 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси (ҚҚС) 20%дан 15%га тушди. Ҳодиса ўзига хос ва шу вақтнинг ўзида драматик хусусиятга эга. Ушбу солиқ тизимида бундай кескин пасайишни ҳали кузатмаганимиз аниқ. Жаҳон тажрибасида ҳам бир-икки мисолдан ортиқ ҳеч бу каби кескин ўзгариш бўлмаган бўлмаса керак. Бунинг устига айни ўзгариш йил бошида эмас, балки йил орасида содир бўлгани янада ҳайратомуз.

Аниқ, бу ўзига хос ва жуда муҳим, ижобий ҳодисадир.

Бундай қадам ташлаш учун қанчалик мардлик, донолик ва қатъият талаб этилишини ҳатто тасаввур қилиш мушкул. Эслатиб ўтишим керакки, солиқ ставкаси пасайиши билан бир вақтда октябр бошидан ҚҚСга бир қатор имтиёзлар, аниқроқ айтсак, деярли барча имтиёзлар бекор қилинди. Ўйлайманки, улар қанчалик фойдасиз ва ҳаттоки зарарли бўлганини яна бир бор тилга олишга ҳожат йўқдир.

Истеъмолчилар ушбу имтиёзлардан деярли ҳеч қандай наф кўрмас эдилар. Автозавод ҚҚС тўламагани билан, автосалон уни тўласа, НҚЗ ва ТМК ҚҚСсиз ёнилғи чиқарсаю, АЁҚШлар эса барибир унинг нархини сотувдаги нархга қўшиб сотишса, биз билан сизга бундай имтиёзлардан не фойда?

Сут ҚҚСсиз бўлсаю, ундан тайёрланган маҳсулотлар барчасига кефир, творогдан тортиб, қаймоқ ва пишлоққача ҚҚС юкланган бўлса. Айни ҳолат гўшт ва гўшт маҳсулотларига ҳам тааллуқли, масалан, колбасада барибир ККС бор эди. 

Бутунлай тескари ҳолатни эса ун ва нон маҳсулотларида кузатиш мумкин. Уларнинг ҳар бир таркибий қўшимчасигача таннархида ҚҚС кирган. Новвойхона маҳсулотлари эса ушбу солиқдан озод. Ва улар ун маҳсулотлари ичидаги ҚҚСни тўғри таннархга қўшишар эди. Шунинг учун ҳам, ҚҚС барибир ноннинг барча масаллиқлари таннархи таркибига тушганини ёзиб ўтдим. Айни мисолларнинг барчасида истеъмолчилар барибир ҚҚС тўлаганини келтирмоқдаман. Аммо бундай имтиёзлар солиқ тўловчилар занжирида адолатли тақсимланишга тўсқинлик қилиб, турли хил эгриланиш ва дисбалансларга сабаб бўлганди.

Улар корхонанинг айланма маблағларини музлатиб, солиқ тўлови йўлида умумий узилишларни келтириб чиқарган. Бу эса маҳсулот нархида ҳам акс этиб, корхоналар ривожланиши, хисоб-китоб автоматлаштирилишини ортга сурган. Бу ҳам ахийри барибир, истеъмолчи ва корхона манфаатларига бирдек зарба берганди.

Сўнгги кунларда ўзгаришлар истеъмол нархларида қандай акс этиши борасида кўплаб саволлар берилди. Турли гуруҳларда айни саволни менга ва тармоғимизга йўналтиришди.

Истеъмолчилар 1 октябрдан кейин korzinka.uz пештахталаридаги маҳсулотлар нархи қандай ўзгариши масаласига қизиқишди. Тармоққа бўлган бундай қизиқиш мени қувонтиради, албатта. Мамлакат чакана савдо соҳаси кенг бўлсада, масала борасида айнан бизга мурожаат қилинганидан хурсандман.

Бу брендимизнинг тан олиниши, нафақат чакана савдо, балки ислоҳотларни татбиқ этишда ҳам етакчилигимизни англатади. Барча саволлар учун раҳмат.

Энди мақсадга кўчсак: 

ҚҚС пасайиши шак-шубҳасиз шу кунгача 20% устамаси энди 15%га пасайтирилган барча маҳсулотлар нархига ижобий таъсир қилиши керак. Нархлар тез орада «юмшаши»ни кутамиз. Аммо 1.10.2019гача ҚҚС бўйича муайян имтиёзлар амал қилган маҳсулотлар бор. Булар: гўшт, товуқ, тухум, сут, пиёз, картошка, шакар, гуруч, балиқ ва нон.

Энди шу имтиёзлар бир вақтда бекор қилинади ва эҳтимолий тахминларимизга кўра бу янги ўзгаришлар ушбу маҳсулот нархларига назарий жиҳатдан салбий таъсир бериши керак. Умуман олганда эса ўртача вақтда маҳсулотлар нархи даражаси қандай бўлиши ва қабул қилинган қарор бозорнинг умумий конъюнктурасида кай даражада акс этиши борасида ҳеч ким якуний ва аниқ хулоса бера олмаса керак.

Бу ерда «бозор» сўзини шунчаки ишлатмадим. Чунки бозор иқтисодиётида нархлар талаб ва таклиф мувозанати нуқтасини кўрсатади. Маълум бир маҳсулотнинг талаб ва таклифига эса ККСдан ташқари яна талайгина омиллар таъсир кўрсатади. Аммо мен бу жараёнга оптимистик руҳда қарайман. Тилга олинган диапозонда солиқ ставкаси камайтирилиши аксарият товарларнинг нархини шакллантиришга ижобий туртки беради, уларнинг ишлаб чиқарилиши ҳажми ортади, таъминотчилар ва ишлаб чиқарувчилар орасида рақобат авж олади, харажатлар қисқаради, соядаги иқтисодиёт улуши камаяди, натижада эса нархлар пасаймасада, ҳеч бўлмаса, ўсиши тўхтайди ёки анча секинлашади, деб ишонаман.

Ишончим комилки, тафаккурли инсонлар нархларни пасайтириш истаги борасида истеъмолчилар билан биз савдо ходимлари бир тарафда эканлигимизни тушунишади. Биз қанақадир премиум эксклюзив бутик эмас, балки йирик маҳсулот чакана тармоғимиз. Бизнесимиз кенгайиши, товар айланмалари ўсиши биз учун юқори устамалардан кўра муҳимроқ аҳамиятга эга.

Чунки мақбул нархлар = кўпроқ истеъмол=кўпроқ савдо ва мижозлар=кўпроқ товар айланмаси=ҳар бир сотилган товардаги харажатлар пасайиши ҳисобига умумий ҳажмда кўпроқ даромад дегани. 

Шунга амал қилган ҳолда айрим маҳсулотларга имтиёзлар бекор қилинишига қарамай, бозордаги шароитга асосланиб, амалдаги бозор талаб ҳамда таклифидан келиб чиккан ҳолда ушбу маҳсулотлар солиқ имтиёзларини йўқотган бўлсада, биз бу маҳсулотлар нархларини ўзгартирмасликка қарор қилдик. Яна бир бор истеъмолчиларимизга таъкидлаб айтмоқчиманки, korzinka.uz доимо харидорларига нарх ва сифатнинг энг яхши мутаносиблигини, максимал қулайлик ва юқори даражадаги хизмат сифатини тақдим этишда давом этади.

Биз билан бўлинг!

Xудо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади!*

Телеграм каналимиз