Ўзбекистон Марказий Банки Бошқаруви қарорига кўра тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар қўшимчалар киритилди.
Тижорат банкларига қуйидагилар тақиқланди:
- жисмоний шахсларга хорижий валютада кредитлар (қарзлар) бериш ва кредитлар (қарзлар) бўйича уларнинг мажбуриятларини хорижий валютада ҳисобга олиш;
- илгари олинган кредитлар (қарзлар) бўйича сўндирилмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда жисмоний шахсларга янги микромолиявий хизматлар кўрсатиш тақиқланади
Қарз олувчи гаровдаги депозитни кредитни қайтариш учун йўналтириши мумкин
Энди қарз олувчи кредит (қарз) бўйича гаровда турган ўзининг депозитидаги (омонатидаги) маблағларини кредит (қарз) шартномаси даврининг хоҳлаган вақтида депозит (омонатнинг) амал қилиш муддатидан қатьи назар, мазкур кредитни (қарзни) қайтариш учун йўналтириш ҳуқуқига эга.
Бунда, қарз олувчи кредит (қарз) бўйича гаровда турган ўзининг муддатли депозитидаги (омонатидаги) маблағларини шартномада кўрсатилган депозит (омонат) муддати тугагунга қадар кредитни (қарзни) қайтариш учун йўналтирмоқчи бўлса, у бу ҳақда банкни депозитни (омонатни) қайтаришни мўлжаллаётган санадан камида бир ой олдин хабардор қилиши лозим.
Қарздордан кредитнинг жорий тўлови учун кредитни (қарзни) қайтариш жадвалида белгиланган суммага нисбатан кўп маблағ келиб тушса, у ҳолда банк келиб тушган маблағнинг ортиқча қисмини карз олувчининг кредитининг (қарзнинг) асосий қарзини сўндиришга йўналтиради ҳамда кредит (қарз) суммасини қайта ҳисоблайди, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса.
Мижозларга хизмат кўрсатишда қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун санкциялар
Ҳисобварақлар бўйича жарималар
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча зарурий ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин банклар томонидан ҳисобварақлар очишда сабабсиз кечиктирилганлик ёки очишдан бош тортганлик, шунингдек мазкур турдаги ҳисобварақ очиш учун ортиқча ҳужжатларни талаб қилганлиги учун банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,02 фоизи миқдорида жарима тўлайди.
Иш хақи ва бошқа эҳтиёжлар учун ўз вақтида накд пул берилмаганда
Банклар томонидан иш хақи ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа эҳтиёжлар учун ўз вақтида накд пул бермаганлик учун мижозларга, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига улар ҳисобварақларида маблағ бўлганида банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,005 фоизи миқдорида жарима тўлайди.
Ҳисобварақларига пулларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини бузганда
Қонун ҳужжатларида ўрнатилган мижозлар ҳисобварақларига пулларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини бузганлик учун, электрон тўловларни амалга оширишнинг ва хато амалга оширилган электрон тўловларни қайтаришнинг ўрнатилган муддатларини бузишни истисно этган ҳолда, банк ҳар бир ҳолат учун банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,01 фоизи миқдорида жарима тўлайди.
Электрон тўловларни амалга оширишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлари банк томонидан бузилган тақдирда, у мижозга кечиктирилган ҳар бир кун учун кечиктирилган электрон тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, лекин кечиктирилган электрон тўлов суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлаши шарт.
Банкнинг айби билан электрон тўлов нотўғри амалга оширилган тақдирда, у маблағни хатолик аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан олувчининг ҳисобварағига ўтказиши шарт. Акс ҳолда, мижоз банкдан маблағларни қайтаришни, шунингдек кечиктирилган ҳар бир кун учун нотўғри амалга оширилган электрон тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, лекин нотўғри амалга оширилган электрон тўлов сумманинг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлашни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Банклар қуйидаги ҳолларда жарима тўлашдан озод қилинади:
– форс-мажор ҳолатлари, шу жумладан, банклараро электрон тўловлар тизимида рўй бериши мумкин бўлган узилиш;
– банк мижози томонидан амалдаги қонунларда белгиланган талабларга мос келмайдиган тўлов ҳужжатлари тақдим қилинганда;
– қонунларда белгиланган тартибга банк ёки мижоз ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатилганда.
Жарима жазо чораларини қўллаш суд қарорига асосан амалга оширилади
Тижорат банкларига нисбатан жарима жазо чораларини қўллаш суд қарорига асосан амалга оширилади. Бунда бу каби низолар юзасидан мижозларнинг ўзлари томонидан судга даъво киритилади.
Банк томонидан тўланган жарима суммаси қисман қонунбузарликка йўл қўйган банк (филиали) раҳбари ва бош бухгалтери томонидан қопланади.