Mонополияга қарши курашиш қўмита раиси Нажмиддинхўжа Шарипов маъмурий ва тартибга солувчи ҳужжатларнинг бизнесга таъсири хақида маълум қилди.
Ўзбекистонда бизнес учун маъмурий юк жуда катта. Ҳозирги кунда бу борада 45 мингга яқин меъёрий-техник ҳужжатлар мавжуд. Mонополияга қарши қўмитаси уларнинг сонини камайтиришни режалаштирмоқда Бу хақда togri.uz хабар қилди
Tехник ҳужжатлар сони 40 мингдан ортиқ
Қўмита раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирги кунда республикада бизнесга бевосита таъсир кўрсатувчи 500 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 40 мингдан ортиқ техник ҳужжатлар мавжуд.
“Бу жуда кўп, ҳатто тартибга солиш органларининг ўзи ҳам норматив ҳужжатларнинг кўплиги сабабли чалкашиб кетган. Бу ўз навбатида, коррупцияга олиб келади. Энди биз уларни камайтириш чоралари устида ишламоқдамиз,” деган Шарипов.
Лицензиялаш ҳужжатлари ҳам жуда кўп
Aйрим тадбиркорлик фаолиятини лицензиялашда юқори маъмурий юк кузатилмоқда. Энди лицензия олиш учун зарур бўлган йўналишлар сони 51 тагача қисқартирилди. Aммо ҳозирда лицензиялаш ҳужжатларининг сони 355 тани, рухсатномалар сони эса 141 тани ташкил этади.
Ялпи ички маҳсулотнинг 70 фоизини давлат корхоналари ишлаб чиқаради
Mонополияга қарши қўмита раҳбари, шунингдек, иқтисодиётни ҳаддан ташқари давлат томонидан тартибга солишнинг зарари ҳақида ҳам гапирди. Унга кўра, бугунги кунда мамлакатда устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган 4100 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
“Ўтган йилги ялпи маҳсулотнинг қарийб 70 фоизи давлат улушига эга корхоналарга тўғри келади. Бу жудаям кўп”, деган Шарипов.
Давлат корхоналарида ресурслардан фойдаланиш имконияти яхши
Хусусан, бугунги кунда мамлакатда 1800 га яқин давлат унитар корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Улардан баъзилари монополиялардир. Қолган қисми хусусий бизнес билан рақобатлашади.
“Албатта, улар турли хил манбалардан яхшироқ фойдаланиш имкониятига эга. Aввало, улар маъмурий ресурсга эга. Шу сабабли, баъзи бозорларда тенгсизлик кузатилмоқда. Бизнинг мақсадимиз – бозорлардаги рақобат ва бозорнинг барча иштирокчилари учун ресурслардан тенг фойдаланишни таъминлаш”, дейди Шарипов.
Шу мақсадда қўмита давлат корхоналарининг преференция, имтиёзлари ва мутлақ ҳуқуқларини қисқартиришни ва умуман иқтисодиётда давлатнинг бевосита иштирокини камайтиришни режалаштирмоқда.
Ҳукумат доим ҳам қўмитага қулоқ солмаяпти
Қўмита раҳбарининг сўзларига кўра, қўмита томонидан кўриб чиқилган меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларининг 80 фоизга яқини рақобатни чекловчи қоидаларни ўз ичига олган. Уларнинг баъзилари қўмитанинг салбий хулосасига қарамай қабул қилинган.