Телеграм каналимиз

Евроосиё иқтисодий иттифоқи қандай ташкилот?


Ўзбекистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш масаласи кўриб чиқилаётгани хақида шу ойнинг бошида хабар берилган эди.

Кеча кун.узда «Buyuk Kelajak» эксперт кенгаши аъзоси Баҳром Исмоилов «Евросиё Иқтисодий Иттифоқи ҳақида 5 афсона» сарлавҳали мақоласи эълон қилингандан кейин,  иттифоқ масаласи яна куннинг асосий мавзусига  айланди.

Хусусан, ижтимоий  тармоқларда бу мавзу қизғин муҳокама қилинмоқда. Bankvabiznes.uz телеграм каналларида мавзуга нисбатан билдирилган муннособатлар туркумини тақдим этади.

Ташқарида канали ёзмоқда:

Россия парламенти юқори палатаси раҳбари Валентина Матвиенконинг кечаги гапларидан кейин Евроосиё иқтисодий иттифоқи бўйича ботга кўплаб саволлар келди. ушбу ташкилотга қўшилиш оқибатлари ҳақида кўпчилик ёзяпти, шунинг учун яна бирор нарса қўшиш шарт эмас деб ўйлайман. Ҳозир ёзадиганларим ЕОИИнинг шу пайтгача кўрсатган кароматлари ҳақида.

Постсовет ҳудудида Россия иштирокида муваффақиятли интеграция ташкилотларини тузиш деярли имконсиз

Дастлаб айтиш лозим бўлган асосий фикрлардан бири – постсовет ҳудудида Россия иштирокида муваффақиятли интеграция ташкилотларини тузиш деярли имконсизлиги. Бунга сабаб – Россия деярли барча кўрсаткичларда (ҳудуд, аҳоли, иқтисодиёт, ҳарбий салоҳият, ресурслар) қолган барча собиқ совет мамлакатларининг умумий натижасидан ҳам устунроқ. Бундай улкан тенгсизлик интеграция йўлидаги асосий тўсиқ бўлиб, жумладан деярли барча қарорлар асосан Россия томонидан қабул қилинишига олиб келади.

Ташкилотда сиёсий компонент асосий ролни ўйнашига эътибор қаратиш керак

ЕООИ эса номида «иқтисодий» сўзи борлигига қарамай бу ташкилотда сиёсий компонент асосий ролни ўйнашига эътибор қаратиш керак. Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи тузиш таклифини 2011 йил октябрида «Известия» журналига ёзган мақоласига Россиянинг ўша пайтдаги бош вазири Владимир Путин 2012 йилги президентлик кампанияси учун дастлабки қадам сифтида берганининг ўзи бу ташаббуснинг қанчалик сиёсий бўлганидан дарак беради.

Путин мақоласида ўша пайтда мавжуд бўлган Божхона Иттифоқи ва 2012 йилдан ишга тушадиган Ягона иқтисодий ҳудуд базасида ЕООИни тузиш билан чекланмай, Назарбоев 1990 йиллар ўрталарида берган таклифига мурожаат қилиб Евроосиё Иттифоқигача боришни таклиф қилган ва мақоланинг катта қисмини айнан шунга бағишлаган эди. Кейинчалик Қозоғистон ва Беларусь етакчилари иттифоқ фақат иқтисодий бўлиши лозимлиги бўйича қатъий позициясини маълум қилди ва 2015 йил 1 январдан Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи иш бошлади.

ЕООИ тузилишидан мақсад интеграциядан кўра унинг мавжудлиги фактини кўрсатиш эканлигини асосий урғу пастки эмас, юқори даражадаги ҳамкорликка қаратилгани ва интеграциянинг бир неча босқичи бир пайтда ўтказилиши режалаштирилганидан ҳам билиш мумкин.

ЕООИнинг тузилиши Россиянинг Украина билан можароси туфайли Ғарб давлатлари билан санкциялар уруши даврига тўғри келди. Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, Киев билан можаронинг негизида ҳам украиналикларнинг Россия бошчилигидаги интеграция ташкилотларига қўшилиш учун ЕИ билан яқинлашишдан воз кечишга қарши намойишлари оқибатидаги воқеалар сабаб бўлганди.

Россия иттифоқ аъзоларига ўз шартларини мажбурламоқда

Ғарб билан санкциялар уруши натижасида Москва Беларусь ва Қозоғистондан санкцияга тушган маҳсулотлар реэкспортини чеклашга уриниб, уларнинг ўз маҳсулотлари ҳам қўшимча текширувларга ва чекловларга учрашига сабаб бўлди. Шунингдек, Россия умумий стандартлар ўрнига ўз стандартларини ўтказишга мажбурлаши кузатилган. Россия иттифоқ аъзоларига ўз шартларини мажбурлаши фақатгина ўз манфаатларидан келиб чиқиб, Қрим ва Донбасс туфайли юзага келтирган қийинчиликлари товонини тўлатишга урингани жумладан кескин эътирозларга сабаб бўлган.

Иттифоқ аъзолари Россияга ёқмайдиган бирор ҳаракат қилса, масалан Ғарб билан яқинлашиб юборса ёки Москва қўйган антисанкцияларга амал қилмаса (ўзи уларга фақат Россия амал қилиши кераклиги равшан бўлса ҳам), уларга нисбатан дарҳол савдо чекловлари қўйиб, интеграция шартларини бузишдан тоймайди. Қозоғистон ва айниқса Беларусь билан доимий равишда кузатиладиган савдо урушлари бунга яққол мисол бўлиши мумкин. Россия учун ЕОИИ доирасидаги эркинликлар керак бўлганда уларни чеклаб, иттифоқдошларига босим ўтказиш учун керак.

ЕОИИ тенг ҳуқуқли давлатлар интеграцияси эмас

Хуллас, ЕОИИ тенг ҳуқуқли давлатлар интеграцияси эмас, балки Россия ва унга лоял давлатлар иттифоқи оддий кўзга ҳам маълум бўлса-да, юқорида бундай ўйлашга нималар сабаб бўлиши ҳақида қисқача тўхталишга ҳаракат қилдик.

Европа Иттифоқи ҳозиргача бу даражада чиқурлашганига сабаб – уларнинг етакчилари аъзо-давлатлар халқлари ва бизнесларининг ўзаро алоқалар учун эҳтиёжларига ўз вақтида жавоб қайтариб, қулайлик яратиб кетавергани бўлган. ЕОИИ эса аксинча тепадагилар истагани учун тузилган ва пастдагилар уларнинг қарорларига мослашишга ҳаракат қилиб юради.

Телеграм каналимиз