Телеграм каналимиз

Банкоматлар орқали валюта нақдлаштиришдаги комиссия тўловига изоҳ берилди

Аввалроқ маълум қилинганидек, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб халқаро тажрибага асосан халқаро тўлов карталаридаги маблағларни мамлакат ҳудудидаги банкоматлар орқали фақат миллий валюта – «сўм»да нақдлаштириш амалиёти жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари халқаро тўлов карталаридаги хорижий валютани чекланмаган миқдорда нақдлаштиришлари мумкин

Марказий банк бу борада хеч қандай тўсиқлар йўқ эканлигини қайд этди. Банк кассаларида шахсни тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик паспорти ёки ҳарбий гувоҳнома) тақдим этган ҳолда халқаро тўлов карталаридаги хорижий валютани  нақдлаштиришга чеклов йўқ.

Сўнгги пайтларда айрим оммавий ахборот воситаларида нақдлаштириш жараёнида комиссия олинаётганлиги тўғрисида чоп этилган мақолалар юзасидан Марказий банк қуйидагиларни маълум қилади.

Банк тижорат ташкилоти бўлиб, банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақилдир

Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунига асосан, банк тижорат ташкилоти бўлиб, банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақилдир.

Маълумки, халқаро тўлов карталари орқали амалга ошириладиган транзакциялар халқаро тўлов тизимлари (Visa, Master Card, China Union Pay ва ҳоказо) воситасида бажарилиб, ушбу тизимлар томонидан ҳар бир транзакция учун тижорат банкларидан муайян комиссия тўлови ундирилади.

Нақд чет эл валютаси билан боғлиқ операцион харажатлари ҳам мавжуд

Бундан ташқари, тижорат банкларининг нақд чет эл валютаси билан боғлиқ операцион харажатлари ҳам мавжуд бўлиб, улар нақд хорижий валютани республикага олиб кириш, олиб чиқиш, қайта санаш, транспорт ва бошқа харажатларни ўз ичига олади.

Ўз навбатида, банклар хўжалик юритувчи субъект сифатида ҳамда даромад олиш мақсадида мижозлардан ундириладиган хизмат ҳақини мазкур харажатларни инобатга олган ҳолда тасдиқлайдилар.

Тўлов карталаридаги хорижий валютани нақдлаштириш учун ўрнатилган комиссия МДҲ мамлакатларидаги тарифлардан (ўртача 2%) сезиларли даражада паст

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мамлакатдаги барча валюта айирбошлаш шохобчалари тегишли терминаллар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб 633 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари «24/7» режимида фаолият кўрсатмоқда.

Марказий банк жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда ОАВ вакилларининг банк операциялари ҳамда банк соҳасидаги ислоҳотларга тааллуқли савол ва мурожаатларини кўриб чиқишга тайёр эканлигини маълум қилади.

Телеграм каналимиз