Телеграм каналимиз

Тошкентда INNOWEEK-2019 29—31 октябрь кунлари бўлиб ўтади.Унда нималар тақдим қилинади?


Инновацион ғоялар ҳафталиги – INNOWEEK-2019 29—31 октябрь кунлари “Ўзекспомарказ”миллий кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтади. Тадбир маҳаллий ва хорижий тадқиқот ва инновацион марказлар, инвестиция фондлари, технология агентликлари, технопарклар ва бизнес инкубаторлар учун ноёб платформа бўлиши кутилмоқда. Ҳафталик доирасида инновацион ва инвестиция форуми, инновацион маҳсулотлар кўргазмаси, IRC халқаро робототехника чемпионати , Осиё-тинч океани технологиялар трансфери марказининг тақдимоти бўлиб ўтади.

Инновацион маҳсулотлар кўргазмаси

Кўргазмадан кўзланган асосий мақсад — янги маҳаллий ва хорижий технологияларни намойиш этиш,мамлакат иқтисодиёти учун қулай бўлган янги инвестиция имкониятларини жалб қилиш. Кўргазмада маҳаллий ва хорижий барча соҳаларда энг инновацион маҳсулотлар, инновацион лойиҳалар, прототиплар ёки бизнес моделлари намойиш этилади. Тадбирда хорижий инновацион ва илмий марказлар, инвестиция фондлари, технология агентликлари, технопарклар ва бизнес инкубаторлар иштирок этади.

Кўргазма 29, 30, 31 октябрь кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар давом этади.

Инновацион ва инвестиция форуми

Форумда хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестиция жамғармалари, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес инкубаторлари иштирок этадилар. Тадбирда 30 дан ортиқ мамлакат вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотлар ва компаниялар, Австрия, Буюк Британия, Нидерландия, Италия, Исроил, Россия, Туркия, Эстония, Эрон, Қозоғистон ва АҚШдан илм-фан ва инновациялар соҳасидаги етакчи мутахассислар қатнашади. Президентимизнинг “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида таъкидланганидек, инсон капиталини мамлакат рақобатбардошлиги ва халқаро майдонда инновацион ривожланишнинг асосий омили сифатида ривожлантириш ҳафтанинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

IRC Халқаро робототехника чемпионати

ИРC-2019 28 октябрдан 31 октябргача “UzEkspoMarkaz” кўргазмалар мажмуасида икки ёш тоифасида бўлиб ўтади: 9-16 (Junior) ва 17-23 (Senior). Ҳар бир ёш тоифаси турли танловлардан иборат.

“Junior” категорияси бўйича мусобақалар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилади. “Кегелринг” ва “Робо-сумо” танловида ўз-ўзини бошқарадиган роботлар билан иштирок этадилар.

“Senior” тоифасидаги мусобақалар “1st OIC Robotics Challenge Uzbekistan” деб номланади. Мазкур халқаро мусобақа Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилоти Илмий-техник ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси билан биргаликда ташкил этилди. Мусобақада Ислом ҳамкорлик ташкилоти иштирокчи-давлатларидан келган ёшлар иштирок этади.

Чемпионат 29, 30 ва 31 октябрь кунлари соат 09.00-12.00 ва 13.00-16.00 да бўлиб ўтади.

ЭСКАТО

Инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида 2019 йилнинг 30-31 октябрь кунлари Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази фаолиятини юртимиз жамоатчилигига тақдим этиш мақсадида БМТ ҳузуридаги Осиё-Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази билан ҳамкорликда “Innovation and Technology Transfer — Role of Intellectual Property” (“Инновациялар ва технологиялар трансферида интеллектуал мулкнинг аҳамияти”) мавзусида ОТТТМнинг минтақавий семинари ўтказилади.

“Инновацион ғоялар етакчиси“ кўкрак нишони тақдимоти”

“InnoWeek-2019”доирасида “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони топширилади. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да таъсис этилган “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони ёш олимлар, талабалар ва ташаббускор фуқароларга, шу жумладан, норезидентларга инновацион ғоялар ва технологияларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва уларни амалиётга жорий этгани учун топширилади.

Future Foresight

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг Вазирлар Маҳкамаси ва Келажак ишлари бўйича вазирлиги билан ҳамкорликда “Future Foresight” семинар-тренинглари ташкил этилади.

Мазкур семинар-тренинглар давлат хизматчилари учун халқаро экспертлардан янги билим ва малакаларни ўзлаштиришларига қаратилган бўлиб, бу ўз навбатида иш самарадорлигини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, келажакни прогнозлаштиришга ёрдам беради.

Телеграм каналимиз