Россия Олий иқтисодиёт мактаби талабалари ўтган учрашувда Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин Ўзбекистон 2020 йилда Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишини маълум қилди. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ўзининг телеграм каналида бу хақда хабар қолдирди. Хусусан, Ҳошимов ёзмоқда :
«Бугун Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин, Олий иқтисодиёт мактаби (НИУ ВШЭ) талабалари билан бўлган учрашувда Ўзбекистон Евроосиё иттифоқига 2020 йили киришини тасдиқлади. Ундан ташқари талабаларга келаётган таътилда Ўзбекистонга боришни тавсия қилди ва Ўзбекистон туристик жиҳатдан ниҳоятда қизиқлиги ва меҳмондўстлигини айтиб ўтди. Ҳозирда музокаралар Ўзбекистон давлат корхоналарига Евроосиё иттифоқига киришдаги имтиёзлар ҳақида бўлаётганини ва бу масалада келишув албатта бўлиши ҳақида айтди.
Орешкин ҳозирда Россия ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг Россия тарафидан раҳбари ҳисобланади.
Бошқа жуда ишончли манбаларга кўра, Ўзбекистон Евроосиё иттифоқига кириши 2020 йилнинг кузида, Тошкентдаги МДҲ давлатлари саммитида эълон қилинар экан» деб ёзмоқда иқтисодчи.
Олдинроқ, Россия Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенко Тошкентга ташрифи давомида Ўзбекистон иттифоқига қўшилиш масаласини кўриб чиқаётгани хақида айтиб ўтган эди.
Kun.uz хабар беришича , 7 октябрь куни Ўзбекистон Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси лойиҳаси жойлаштирилди. Унга кўра, Ўзбекистон 2022-2025 йилларда ЕОИИга аъзо бўлиб кириши кўзда тутилган.