Марказий банк томонидан инфляцион таргетни аниқлаш ва ўрнатиш бўйича баъзи бир хорижий давлатлар тажрибаси янги хужжатда келтириб ўтилди.
Инфляцион таргетлаш режимининг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, марказий банк (ва/ёки ҳукумат) келгуси давр учун инфляция мақсади (таргети) ва инфляциянинг таргетдан силжиш оралиғини (tolerance band) олдиндан эълон қилиши лозим.
Шу ўринда табиий савол туғилади: инфляция таргети қандай аниқланади ва ўрнатилади?
Инфляцион таргетни белгилашда қандай омиллар ҳисобга олинади?
Нима учун инфляцион таргетлаш режимида пул-кредит сиёсати юритаётган давлатларда инфляция таргети турлича белгиланган?
Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида чехиялик иқтисодчилар Роман Хорватх ва Якуб Матежулар (2011) инфляцион таргетлаш режимига ўтган 19 та давлатда инфляция таргетини белгилашда ҳисобга олинадиган омилларни таҳлил қилишган.
Улар «мамлакатлар инфляция бўйича таргетни танлашда ўтган даврлардаги инфляция даражаси, унинг тебранувчанлиги, ЯИМ ўсиши ва ташқи инфляция даражаси каби макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисобга олади» деган умумий хулосага келишган.
Чехия тажрибаси
Чехия Миллий банки (ЧМБ) 1997 йил декабрда инфляцияни пасайтириш стратегияси сифатида инфляцион таргетлаш режимига ўтди ва бу борада ривожланаётган давлатлар марказий банклари ўртасида биринчи бўлди. ЧМБ инфляцияни пасайтириш стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишни ва узоқ муддатларда нархлар барқарорлигини таъминлашни тўрт босқичда амалга оширди: 1-босқич – 1998-2001 йй., 2-босқич – 2002-2005 йй., 3-босқич – 2006-2009 йй. ҳамда 4-босқич – 2010 й. ва ундан кейинги йиллар.
1997 йил декабрда ЧМБ 1998 йил учун инфляция таргетини 5,5-6,5 фоиз қилиб белгилади ва инфляцион таргетлаш режими биринчи босқичи (1998-2001 йй.) сўнгига қадар инфляцияни 3,5-5,5 фоиз оралиғига туширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Таргет кўрсаткичи сифатида базавий инфляциядан фойдаланилди.
Базавий инфляциянинг асосий таҳлил ва коммуникация кўрсаткичи сифатида танланишидан мақсад – тартибга солинадиган нархларни либераллаштириш ва эгри солиқларнинг ўзгариши тўғрисида олдиндан эълон қилинган режаларнинг мавжуд эмаслиги билан боғлиқ эди.
Инфляцион таргетлашнинг дастлабки йили учун таргет белгилашда 1997 йил сўнгида миллий валюта – кронанинг қадрсизланиши, тартибга солинадиган нархлар ўзгариши, қўшилган қиймат солиғи ставкалари ҳамда 1998 йил бошида ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар томонидан нарх тузатишлари ҳам ҳисобга олинган.
2000 йил февраль ойидан бошлаб Молия вазирлиги ўзининг тартибга солинадиган нархлар, эгри солиқлар ва тўловлардаги ўзгаришлар учун ўрта муддатли режасини «2002 йилгача тартибга солинадиган нархлар ўзгариши истиқболлари» шаклида эълон қилишни бошлади. Бу эса Чехия Миллий банкига 2002 йил бошидан инфляция таргет кўрсаткичи сифатида умумий инфляцияга (ИНИ) (headline inflation) ўтишга ёрдам берди.
Пул-кредит сиёсати стратегиясида ЧМБ Чехия ҳукумати билан ҳамкорликда 2002-2005 йиллар учун давомий камаювчи таргет оралиғини белгилашга қарор қилди (2002 йил январда 3-5 фоиз ва 2005 йил декабрда 2-4 фоиз). Таргет оралиғини белгилашда тартибга солинадиган нархлар ва бошқа маъмурий чоралардаги кутилаётган ўзгаришлар, шунингдек ушбу ўзгаришларнинг инфляцияга камайиб борувчи иккиламчи таъсири ва бошқа омиллар ҳисобга олинди.
2006 йил январдан 2009 йил декабргача бўлган давр учун инфляция таргети 3 фоиз (+/-1 фоиз бандли оралиғи билан) белгиланганлиги эълон қилинди. Ушбу 3 фоиз таргетни танлашда Европа Иттифоқи белгилаган меъёрларга етиб олиш (convergence criteria) мақсади ва тартибга солинадиган нархлардаги олдиндан эълон қилинган ўзгаришлар билан бирга, инфляцияни ҳисоблашда статистик ортиқча баҳолаш билан боғлиқ камчиликлар ҳисобга олинган.
2007 йил март ойида ЧМБ Европа Иттифоқи давлатлари томонидан ўрнатилган барқарор нархлар трендига етиб олиш жараёнини якунига етказиш мақсадида 2010 йил январдан инфляция таргети ўзгариш оралиғини +/-1 фоиз бандида сақлаб қолган ҳолда 2 фоизгача туширди. 2010 йилдан бери инфляциянинг узоқ муддатли таргети 2 фоиз (+/-1 фоиз банд) даражасида белгилаб келинмоқда.