Телеграм каналимиз

Меҳнат мигрантларига миқрокарз берилади

Фото bbc.com/uzbek

Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига микроқарзлар тақдим этилади.

Жорий йилнинг 28-ноябр куни “Микрокредитбанк” AТБ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва Меҳнат вазирлиги ҳамда “Ўзагросуғурта” AЖ ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда Микрокредитбанк ахборот хизмати.

Меморандумга кўра вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижда ишга жойлашиш харажатларини қоплаш мақсадида бир йил муддатга 2 миллион сўм миқдорида микроқарзлар тақдим этилади.  

Бунда микроқарзларни расмийлаштириш жараёни бир банк кунида амалга оширилиб, бунинг учун паспорт, ариза каби минимал ҳужжатлар талаб қилинади.

Микроқарзларнинг йиллик фоизи 2019-2020 йилларда 10 фоиз ва 2021 йилда 12 фоиз этиб белгиланган.

Мазкур кредитлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “labour-migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантларига берилади.

Шунингдек, Меҳнат вазирлиги ва “Ўзагросуғурта” АЖ ўртасида “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳаёти ва соғлиғи соҳасида ҳамкорлик меморандуми” имзоланди.

Ушбу ҳужжат билан фуқароларнинг чет элда вақтинча ишлаши даврида уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш суғурта мукофоти миқдорини қоплаш учун 50 минг сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этилади.

Ушбу суғурта маблағлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Телеграм каналимиз