«Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида» Ҳукумат қарори (967-сон, 03.12.2019 й.) қабул қилинди деб хабар берди “Ҳуқуқий ахборот“ канали .
Қарор билан, 2020 йил 1 январдан бошлаб, тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган 10 та олий таълим муассасалари рўйхати тасдиқланди.
Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган ОТМлар
1) Самарқанд давлат чет тиллари институти
2) Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти
3) Тошкент давлат юридик университети
4) Тошкент давлат иқтисодиёт университети
5) Тошкент молия институти
6) Тошкент давлат шарқшунослик институти
7) Тошкент фармацевтика инситути
8) Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
9) Урганч давлат университети
10) Тошкент темир йўл муҳандислари институти
Бунда ушбу ОТМларнинг илмий педагогик салоҳияти юқорилиги, молиявий фаолиятининг барқарорлиги, моддий-техника базаси етарли даражадалиги, таълим хизматлари бозорида мазкур мутахассисликларга талаб юқорилиги инобатга олинди.
Шунингдек, ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган ОТМларга бир қатор қўшимча вазифалар белгиланди.
Қўшимча таълим хизматларини кўрсатиш, иқтисодиёт тармоқлари мутахассисларининг малакасини ошириш ва бошқа пуллик хизматларни жорий этиш шулар жумласидандир.
Қарорга кўра, ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган ОТМда тўлов-контракти асосида таълим олаётган талабаларнинг контракт тўлаш муддатлари томонлар келишувига кўра шартнома асосида белгиланади.
Маълумот учун: Президентнинг 2019 йил 11 июлдаги қарори билан 2020 йилдан бошлаб айрим ОТМлар босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиши белгиланган.
Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасаларига қуйидаги ҳуқуқлар берилиши белгиланган:
а) юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорларини мустақил белгилаш;
б) иқтидорли, шунингдек аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
в) сақлаш харажатлари, вазифа ва мажбуриятларни бажариш, ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш ҳамда ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда сарфланадиган лаборатория материалларини (реактивлар, кимёвий идиш, бутловчи, биологик материаллар ва бошқа объектлар), шу жумладан китоблар, журналлар, ўқув адабиётлари харид қилиш ва чоп эттириш учун маблағларни мустақил сарфлаш;
г) олий таълим муассасаси инфратузилмасига сервис хизматлари кўрсатишнинг алоҳида турлари, жумладан бино ва иншоотлар, талабалар турар жойлари, спорт объектларидан фойдаланиш, уларни тозалаш, таъмирлаш, компьютер техникаси ва телекоммуникация тармоқларини сақлаш ва юридик хизматлар кўрсатишни аутсорсинг шартларида ташкил этиш;
д) бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда:олий таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти, унинг моддий-техник базаси имкониятларини инобатга олиб, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш;олий таълим муассасасини ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш.