Телеграм каналимиз

Солиқ мониторинги нима ва қандай ўтказилади?

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Давлат солиқ қўмитасининг “Солиқ мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди (https://regulation.gov.uz/ru/document/15754) деб хабар берди ДСҚ Матбуот хизмати

Солиқ мониторинги нима?

Солиқ мониторинги – бу тадбиркор ва солиқ органлари ўртасидаги очиқликка асосланган ўзаро манфаатли ҳамкорлик. Алоҳида хусусияти – солиқ тўловчи ва солиқ хизмати органи ўртасидаги ўзаро масофавий ва оператив мулоқот. Бунда бутун жараён реал вақт режимида масофадан туриб амалга оширилади.

Солиқ тўловчилар учун солиқ мониторинги афзалликлари:

– ўз хоҳишига кўра иштирок этиш;

– солиқ органлари билан автоматлаштирилган ҳамкорлик;

– солиқ органлари билан очиқ мулоқот ва асослантирилган фикрни олиш;

– назорат тадбирлари ҳажми ва тасдиқланган дастлабки ҳужжатлар сонининг қисқариши;

– солиқ органлари фаолияти шаффофлиги;

– солиққа тортишнинг мураккаб масалалари бўйича ноаниқликлар ва номувофиқликларни бартараф этиш;

– солиқ хавфларини бартараф этиш.

– пеняларнинг йўқлиги;

– солиқ текширувлари ўтказилишидан халос бўлиш (камерал ва сайёр текширув, солиқ аудити)

– ҳалол ва ишончли солиқ тўловчи сифатида тан олиниш.

Ким учун йўналтирилган?

Солиқ мониторинги олдинги йил учун даромадлари йиллик молиявий ҳисобот маълумотларига кўра 10 миллиард сўмни ташкил этган юридик шахсларга нисбатан ўтказилади.

Ўтказиш даври ва муддатлари?

Солиқ мониторингини ўтказиш даври бир календарь йил. Ўтказиш жараёни эса солиқ мониторинги ўтказиладиган йилнинг 1 январидан бошланади ва солиқ мониторинги ўтказилган даврдан кейинги йилнинг 1 июлида тугалланади.

Нимадан бошланади?

Солиқ мониторингига тайёргарлик солиқ тўловчи ва солиқ идораси ўртасидаги шериклик асосида амалга оширилади ва қуйидагиларни таъминлайди:

– танишиш ва маслаҳат бериш;

– солиқ мониторинги регламенти ва ўтказиш тартибини назарда тутувчи норматив ҳужжатларни биргаликда ишлаб чиқиш.

Ариза қандай берилади?

Солиқ мониторингини ўтказиш учун ариза юридик шахс томонидан рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органига, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали, солиқ ҳисоботи ўтказиладиган даврдан олдинги йилнинг 1 июлидан кечиктирмай тақдим этилади. Шу йилнинг 1 ноябригача солиқ органи қарор қабул қилади.

Рад этиш ҳолатлари

Қуйдаги ҳолларда солиқ мониторинги ўтказиш рад этилади:

1) белгиланган талабларга жавоб бермаса (йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан кам бўлса);

2) ариза ўз вақтида ёки аниқ бўлмаган шаклда берилган бўлса;

3) зарур ҳужжатлар тўплами тўлиқ тақдим этилмаса;

4) белгиланган талабларга жавоб бермайдиган регламент тақдим этилса.

Моҳият нимада?

Солиқлар ва тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг аниқлиги ва тўлиқлигини таъминлаш мақсадида солиқ тўловчилар фаолиятини масофадан туриб мониторинг қилиш.

Солиқ мажбуриятларини тўғри бажариш тўғрисида шубҳа туғилганда ёки ноаниқлик юзага келган тақдирда солиқ органининг асосли фикрини олиш имконияти.

Мониторингни тўхтатиш мумкинми?

Ҳа. Солиқ тўловчи томонидан назорат қилиш талаблари ва ҳужжатлар тақдим этилиши бузилган ва ишончли бўлмаган ахборот тақдим этилган ҳолларда мониторингни тўхтатиш мумкин.

Солиқ тўловчи ҳам мониторингни муддатидан олдин тугатиш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга.

Солиқ текшируви ҳақида нима дейиш мумкин?

Солиқ мониторинги ўтказилаётган солиқ даврида камерал ва сайёр солиқ текширувлари, шунингдек солиқ аудити ўтказилмайди. Истисно – асосли фикрга риоя қилмаслик, солиқ мониторингини муддатидан олдин тугатиш демакдир.

Мазкур қарор лойиҳаси давлат тилида жолаштирилган бўлиб, жамоатчилик муҳокамаси, таклиф ва мулоҳазалар 2020 йил 26 мартда якунланади.

Телеграм каналимиз