Телеграм каналимиз

Президент бизнес қандай қўллаб қувватланишини эълон қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг бошида коронавирус муаммосига тўхталиб ўтди.

Унда президент коронавирус пандемияси мамлакат иқтисодиётига салбий таъсири ва бу пайтда бизнесни қўллаб – қувватлаш бўйича чораларни эълон қилди .

Сўнгги икки ҳафтада жаҳон бозорида нефтнинг нархи (бир баррель 60 доллардан қарийб 30 долларга) кескин пасайиб кетгани оқибатида газ экспортимиз тушумлари қисқариши мумкин.

Ўзбекистоннинг хориждаги асосий савдо ҳамкорларининг миллий валюталари қадрсизланиши республика валюта тушумини камайтиради.

Хорижий туристлар сони ва тушум миқдори камайиши мумкин. Булар, табиийки, ялпи ички маҳсулот ва экспорт ҳажмига таъсир қилмасдан қолмайди.

Менинг топшириғимга мувофиқ, Махсус ишчи гуруҳ туризм, транспорт, фармацевтика ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътиллари бериш, кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш, кечиктирилган ташқи қарздорлик учун жарима қўлламаслик тартибини жорий қилиш чораларини кўрмоқда – деди президент.

Ҳукумат қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириши зарур.

Бу жараёнда, аввало, молия ва хомашё бозорида беқарорлик юзага келишига йўл қўймаслик лозим.

Иккинчидан, молиявий барқарорликни сақлаш ҳамда бозорларда нарх-навонинг ўсишини олдини олиш зарур.

Учинчидан, иқтисодиётнинг базавий ва ҳал қилувчи тармоқлари узлуксиз ишлашини сақлаб қолиш керак.

Бунинг учун ҳар бир тармоқ, корхона ва ҳудуд кесимида манзилли ва аниқ тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.

Тўртинчидан, марказдан ҳудудий бюджетларни ва аҳолини қўллаб-қувватлаш асосий вазифаларимиз бўлиши шарт.

Телеграм каналимиз