Телеграм каналимиз

Янги газ ҳисоблагичларини ўрнатиш муддатлари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 25 сентябрда имзолаган фармонига кўра табиий газни мониторинг қилиш ва ҳисобга олишни автоматлаштирилган тизимини жорий этиш муддатлари белгиланди. Унга кўра «Технопарк» МЧЖ билан электрон табиий газ ҳисоблагичлари ва зарур ускуналарни етказиб бериш бўйича шартнома тузилади.

Ҳисоблагич қурилмалари биринчи навбатда табиий газни истеъмол қилиш ва қарздорлиги юқори бўлган ҳудудларга ўрнатилади, йирик истеъмолчилар ва тадбиркорлик субектлари ўз маблағлари ҳисобига уланади.

Қурилмалар қуйидаги тартибда ўрнатилади:

  • 2020 йил 1 октябргача – «Худудгазтаъминот» АЖ маблағлари ҳисобидан Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларига
  • 2021 йил 1 февралгача – Тошкент вилояти Ўртачирчиқ, Чиноз, Юқоричирчиқ, Янгийўл ва Кармана туманлари ва Тошкент, Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззак, Наманган, Нукус, Самарқанд, Термиз, Урганч, Қарши, Каттақўрғон, Қўқон ва бошқа шаҳарларнинг юқори қарздорликка эга бўлган ҳудудларида “Тикланиш ва тараққиёт” форди маблағлари ҳисобидан
  • 2021 йил 1 августгача – республиканинг бошқа барча ҳудудларига
  • 2021 йил 1 майгача – мактабгача таълим, мактаб, коллеж, университет ва бошқа ижтимоий обектлар давлат бюджети томонидан

Шу билан бирга 2020 йил якунига қадар йирик истеъмолчилар, тадбиркорлик субъектлари, ёқилғи қуйиш шохобчалари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи юридик шахсларга ўз ҳисобларидан янги ҳисоблагичлар етказиб берилади.

Қарорни амалга оширишда маблағлар қуйидаги ташкилотлардан жалб қилинади:

  • «Тикланиш ва тараққиёт» фондидан 4 йилга ажратилган 150 млн доллар миқдорда кредит
  • «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ томонидан тақдим этилган 27.5 млн доллар миқдорида кредит
  • Италиянинг «САСE» экспорт кредит агентлиги томонидан суғурта қилинган хорижий тижорат банкларидан олинган кредит
  • республика фондлари ва маҳаллий тижорат банкларининг маблағлари, зарур ҳолатларда хорижий молия ташкилотлари

Бундан ташқари, фармонда 2021 йил 1 июнгача газни ҳисобга олиш тизими билан синхронлаштириладиган ҳисоб-китоб тизими яратилиши кўрсатилган.

Телеграм каналимиз