Оила кодексининг V бўлим, 14 боби билан алимент мажбуриятлари тартибга солинади. Унга кўра:
Алимент қандай тартибда ундирилади?
Болага алимент тўлаш тартибини ота-она ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақли. Алимент мажбурияти ихтиёрий равишда бажарилмаса ота (она)дан суд ҳужжатига асосан ундирилади.
Алимент қачондан бошлаб ундирилади?
- Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб;
- Таъминот олиш чоралари судгача кўрилган, бироқ алимент тўловчи шахс уни тўлашдан бош тортганлиги аниқланса, судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ўтган уч йиллик давр учун алимент ундирилиши мумкин.
Алимент қачонгача ундирилади?
- бола 18 ёшга етгунга қадар
- вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларга алимент ундирилиши мумкин
Алимент қанча миқдорда ундирилади?
Алимент суд томонидан белгиланганда ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг:
- бир бола учун – тўртдан бир қисми
- икки бола учун – учдан бир қисми
- уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак!
- Агар алимент тўловчи ишламаса, алимент ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади
- Бола учун алимент у вояга етгунига қадар кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкин
- Боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатлар суд ҳужжатига асосан қатъий суммада ундирилиши мумкин
- Алимент тўловчининг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин
- Бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд тўлаётган алимент миқдорини камайтириши ёки ота (она)ни алимент тўлашдан озод қилиши мумкин
Болага алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаш қуйидагиларга сабаб бўлади:
- Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинади
- Маъмурий жавобгарликка тортилади: 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш ёки БҲМнинг 20 баравари миқдорида (4 460 000) жарима
- Жиноий жавобгарликка тортилади: 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.