Улар ҚҚСдан вақтинча озод этилади
14 октябр куни Парламентнинг Қонунчилик палатаси мажлисида Солиқ Кодексига қўшимчалар киритиш лойиҳаси кўриб чиқилди, ҳамда пандемия оқибатида содир бўлган иқтисодий қийинчиликлар сабабли озиқ-овқат нархлари ошишини олдини олиш, баъзи турдаги озиқ-овқат маҳсулоларини қўшимча қиймат солиғидан озод этиш бўйича депутатларнинг киритган таклифи қизғин муҳокама қилинди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз Telegram’ каналида маълум қилди.
Таклиф қилинаётган лойиҳага асосан 2020 йил 15 октябрдан бошлаб қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши кутилмоқда:
- 2021 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикасига шакар ва шакар хом ашёсини олиб кириш, шунингдек уни реализация қилиш айланмалари;
- 2021 йил 1 июлгача Ўзбекистон Республикасига картошка, ўсимлик ёғи, гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти ва бошқалар), ҳайвонларни (қорамол ва парранда) тирик ҳолда ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш айланмалари.
Депутатларининг таъкидлашича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши куз-қиш мавсумида ушбу маҳсулотлар тақчиллигининг олдини олишга ва ўз навбатида маҳсулотлар нархининг пасайишига хизмат қилади.
Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган. Лойиҳани шу ҳафта сўнгида кутилаётган Сенат ялпи мажлисига киритиш режалаштирилган.