Яқинда президентнинг “Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ҳужжатда бир қатор янгиликларни жорий этиш назарда тутилган. Энг аввало, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ер солиғи ставкаларини (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ташқари) белгилаш ҳуқуқи берилади.
Бундан ташқари, кўчмас мулк объектлари учун мол-мулк солиғи ва ер солиғини ҳисоблаш тизими икки босқичда амалга оширилади:
- 2021-2023 йилларда кўчмас мулк бўлган турар жой фонди объектлари, яъни квартиралар, якка тартибдаги уй-жойлар, дала ҳовлилар, шунингдек ушбу объектлар эгаллаб турган ер участкаларига;
- 2022-2024 йилларда яшаш учун мўлжалланмаган алоҳида кўчмас мулк объектлари, шунингдек ушбу объектлар эгаллаб турган ер участкаларига.
Қуйидагилар орқали ер ва сув ресурсларидан, ер қаъри қазилмаларидан фойдаланиш самарадорлиги оширилиши режалаштирилмоқда:
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун солиқ солишнинг ягона тартиби жорий этиш;
- коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналарга сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини сақлаб қолиш;
- қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш қисми ва балиқ етиштириш, шу жумладан деҳқон хўжаликлари сув ҳажми бўйича 1 куб метр учун 40 сўм миқдорида ягона солиқ ставкаси белгилаш.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг суммаси 2020 йил учун ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 баробаридан ошмаслиги керак.
Эндиликда, фойдали қазилмалар захираси ҳаракати тўғрисидаги ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича йиллик ҳисоботлари электрон шаклда тақдим этиш тартиби белгиланади.
Фармонда Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳам назарда тутилган. Кўчмас мулк объектларини солиққа тортишнинг янги тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу халқаро молия институтлари ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга оширилади.