Юридик шахсларга тадбиркорлик жиҳозлари ва автомобиллар учун тақдим этиладиган лизинг нима эканлиги ва у кимларга тақдим этилиши ҳақида батафсил билиб оламиз.
Оддий қилиб айтганда, лизинг бу узоқ муддатли ижара тури ҳисобланади. Аммо, оддий ижарадан фарқли равишда, муддат охирида истеъмолчиларда лизингга олинган объектларни сотиб олиш имконияти бўлади. Мисол учун, тикув машинасини лизингга олмоқчи бўлган цех ушбу хизмат турини кўрсатувчи компанияга ташриф буюради. Ўз навбатида, компания ўз маблағлари ҳисобига тикув машинасини харид қилади ва уни мижозга маълум миқдордаги тўлов эвазига муддатли фойдаланиш учун топширади. Белгиланган ижара муддати якунланганидан сўнг эса тикув машинасига эгалик қилиш ҳуқуқи бевосита мижознинг номига ўтади.
«Ўзавтосаноат-лизинг» компаниясининг «Фоизсиз лизинг» акцияси билан танишинг
Лизинг кимлар учун?
Махсус ускуналар, транспорт воситалари, кўчмас мулк ёки бизнес жиҳозларига муҳтож якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар лизингдан фойдаланади. Шунингдек, агар сизга машина зарур бўлса, сиз жисмоний шахс сифатида ҳам лизинг расмийлаштиришингиз мумкин. Лизинг объектлари тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва бошқа кўчар ва кўчмас мулклар бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ер участкаси, табиий объект ва давлатга тегишли бўлган, ҳамда қонун бўйича эркин муомалага чиқарилмайдиган мулкни лизингга олиш мумкин эмас.
Ўзбекистонда лизинг тўловлари бир неча босқичда амалга оширилади:
- Бошланғич тўлов – бу одатда товарнинг сотиб олиш нархининг 20-30%ни ташкил этади;
- Ойлик тўловлар ўз навбатида икки хил шаклда бўлади:
- Аннуитет – бутун муддат давомида бир хил миқдорда ойлик тўловларни амалга ошириш.
- Регрессив – тўлов миқдорининг ойма-ой камайиб бориши.
«Микроқарз» нима ва уни қандай расмийлаштириш мумкин?