2020-йилнинг 23-декабридаги “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-656-сон Қонунига кўра ҳокимларнинг ерни олиб қўйиш бўйича ваколатлари қисқартирилди.
Қонунга мувофиқ, мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Барчага маълумки ҳокимлар корхона, муассаса, ташкилот, деҳқон ҳўжалик субъектларининг ерларига эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйишга ваколатига эгадирлар. Бироқ “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, эндиликда ҳокимлардан ушбу ваколат олиб қўйилди.
Шунингдек, Ер кодексидан Вазирлар Маҳкамасининг томонидан, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини белгиланган тартибда бекор қилиш ҳамда ерларни олиб қўйиш билан боғлиқ ваколатлари чиқарилди.
Эндиликда, ер участкасига эгалик қилиш ёки ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш ҳоким ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан эмас, балки суд тартибида амалга оширилади.
“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ:
- давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга мулкдорнинг розилиги билан қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади;
- кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда қабул қилинади;
- мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилишига ҳамда бекор қилинишига йўл қўйилмайди.