Сўнгги пайтларда аҳоли томонидан газ таъминоти қарздорликларининг кўпайиб кетиши каби ҳолатлар бўйича шикоятлар келиб тушмоқда. Шикоятларга кўра ҳисоблагичларидаги қарздорлик газ ташкилотларидаги қарздорлик суммаси билан мос келмаяпти. Шу муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Куширбаев суриштурув ишларини олиб борди.
Суриштирув мобайнида аҳоли хонадонларидаги эски ҳисоблагичлар ва янги автомат газ ҳисоблагичлари устида тадқиқот ўтказилиб, кўрсатгичлар таққосланди. Маълум бўлишича, эски ҳисоблагичлар паст газ оқимида қариб 37 фоизга хатолик билан ишлайди. Яъни газ оқими ҳисобланмаган ҳолатлари ҳам кузатиб борилган. Шу боис ҳисоблагичдаги қарздорлик газ таъминоти ташкилотларидаги қарздорликдан фарқ қилмоқда.
Расул Куширбаев қишлоқ жойларида газ оқимини меъёрда ушлаб турилиши таъминланишини бўйича чора-тадбирлар кўрилишини сўради. Автомат газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ишлари эса босқичма-босқич амалга оширилади.