«Hududgazta’minot» АЖ ГНҲАТ (АСКУГ) тизимига уланмаган газ ҳисоблагич кўрсаткичларини мустақил тарзда газ идорасига юбориш имконини яратадиган телеграм бот яратди.
Ушбу бот истеъмолчиларга қуйидаги имкониятларни яратади:
- Газ ҳисоблагич кўрсаткичларини мустақил тарзда киритиш;
- Табиий газ истеъмоли ҳажми бўйича барча маълумотларни олиш;
- Рўйхатдан ўтиш;
- Шахсий ҳисоб рақамни доимий текшириш;
- Газ таъминоти учун тўловларни амалга ошириш.
Дастурни ишга тушириш муносабати билан газ инспектор лавозимлари бекор қилинди. Ушбу тизим орқали «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган бошқарув тизими»га (ГНҲАТ/АСКУГ) уланмаган газ ҳисоблагичларидан табиий газ истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни «BillingGaz» тизимига киритишда инсон омилини қисқартиришга эришилди.
«Hududgazta’minot» АЖ тўловлар ҳар ойнинг 10-кунигача амалга оширилиши, акс ҳолда тўлови кечиктирилган ҳар бир кун учун тўлов миқдорининг 50 фоизидан кўп бўлмаган ҳолда, 0,1 фоиз миқдоридаги пеня тўланиши ҳақида маълум қилди.
Телеграм бот қандай уланади?
Бунинг учун «Telegram» мессенжерига кириб, «қидирув» қисмига @hgt_abonent_bot деб ёзиш кифоя.