Телеграм каналимиз

Ёшлар учун “Фермерлар мактаби” лойиҳаси ишга туширилди

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз бизнесини очиш ёки юритишни истаган ёшларни қисқа муддатли курсларда ўқитиш мақсадида “Фермерлар мактаби” ўз иш фаолиятини бошламоқда.

Фермерлар мактаби – бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда энг замонавий инновацион технологиялардан фойдаланишни ёшларга ўргатиш, билимли ва малакали ёш фермерларни тайёрлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик кўникмаларини ошириш сирларини очиб берадиган Ўзбекистондаги илк лойиҳа.

Курслар малакали ўқитувчилар томонидан ўтилиб, амалий дарслар ҳудудлардаги йирик чорвачилик ва паррандачилик комплекслари, замонавий иссиқхоналар, сабзавотчилик ва полизчилик хўжаликлари ҳамда кластерларда олиб борилади. Ўқитиш муддати 2 ой давом этади.  

Лойиҳа қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртлари базасида  5 та ҳудудда ташкил этилади:

  • Тошкент (Тошкент вилояти, Сирдарё, Жиззах вилоятларида);
  • Андижон (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида);
  • Самарқанд (Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларида);
  • Термиз (Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида);
  • Нукус (Қорақалпоғизстон Республикаси ва Хоразм вилоятларида).

Номзодлардан қуйидагилар талаблар этилади:

  • талабгор 18 ёшга тўлган, аммо 35 ёшдан ошмаган бўлиши;
  • камида ўрта маълумотга эга бўлиши;
  • чорвачилик, паррандачилик, иссиқхона ҳамда сабзавот ва полизчилик йўналишларига қизиқишга эга бўлиши зарур.

Фермерлар мактаби курсига ўқишга қабул қилиш учун танлов 2 босқичда ўтказилади. Аввал номзодларнинг ҳужжатлари Танлов комиссияси томонидан ўрганилиб, бирламчи рўйхат шакллантирилади. Сўнг номзодлар билан бевосита (ёки онлайн) суҳбат ўтказилади.

Номзодлар мактабнинг расмий веб сайти орқали қуйидаги ҳужжатларни топширишлари керак бўлади:

  • онлайн сўровнома (анкета);
  • маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси (аттестат ёки диплом);
  • 4х6 ўлчамдаги рангли фотосурат;
  • паспорт нусхаси.

Ҳужжатларни қабул қилиш жорий йилнинг 28 апрелидан 12 май соат 24.00 гача давом этади. 

Телеграм каналимиз