Ижтимоий тармоқларда автокредит эвазига автомобил сотиб олиб берувчи фирма рекламасига кўзингиз тушиб қолиши мумкин. Одатда бундай автокредитларнинг фоизи жуда паст бўлади. Шу туфайли кўпчилик ушбу таклифларга қизиқиш билдирмоқда.
«Банк ва мижоз» канали истеъмолчиларни қийнаётган баъзи бир саволларга равшанлик киритиш мақсадида, автокредит таклифини таҳлил қилиб чиқди. Натижалар қуйидагиларни кўрсатди:
SPARK AT PLUS автомашинасини кредитга олиниш таҳлили:
- автомашина нархи: 94,5 млн.сўм;
- бошланғич тўлов: 30%, яъни 28,4 млн.сўм;
- кредит миқдори: 66,1 млн.сўм;
- ойлик кредит тўлови (ўзгармас – аннуитет): 2,6 млн.сўм – бу ҳисоб китоб бўйича кредитнинг йиллик фоиз ставкаси 24%га тўғри келади;
- суғурта тўлови – 2,4 млн.сўм.
Бир қарашда банклар билан бир хил, ҳатто айримлардан арзон ҳам туйилиши мумкин. Бироқ:
- Ушбу фирмалар хизмат кўрсатгани учун нақд 4.726.900 сўм ёки автомашина нархидан – 5% миқдорида хизмат ҳақи олади.
- Қўшимчасига банк тарифига асосан дея яна 4.800.00 сўм ундирилади.
Умумий ҳисобда мижоз қўшимча равишда – 9,5 млн.сўм ёки кредит суммасининг – 14,4%и миқдорида қўшимча ҳақ тўлаши лозим бўлади.