Президентнинг “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ–5152-сонли қарори билан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган оилаларга мажбурий бадални тўлаб бериш учун субсидия ажратилади.
2021 йил 1 октябрдан қуйидаги ўзгаришлар киритилади:
- қурилиши тугалланган уй-жойни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади;
- уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати 2 йил этиб жорий қилинади;
- уй-жойнинг кадастр паспортида кўп квартирали уй-жойга туташ ер участкаси тўғрисида маълумотлар мажбурий тартибда бўлиши шарт;
- кўп квартирали уй-жойларни бошқарувчиларнинг электрон реестри ишга туширилади.
2022 йил 1 январдан қуйидагилар кучга киради:
- мулкдорларнинг бошқарувчи олдида қарздорлиги мулк ҳуқуқини расмийлаштиришда нотариал идоралар томонидан тегишли шартномада акс эттирилади;
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган оилаларга мажбурий бадални тўлаб бериш учун субсидия ажратилади;
- уй-жой мулкдорларининг шахсий идентификация рақами ва уларнинг тегишли мол-мулки кадастр рақамидан фойдаланган ҳолда биллинг тизими жорий қилинади.
2021 йил 1 июлдан кўп квартирали уй-жойларни бошқариш усули ширкатлардан бошқарувчи ташкилотларга ўтган уй-жойлар учун жалб қилинган кредитларнинг муддатини, маҳаллий ҳокимликлар кафиллиги асосида, уч йилгача узайтириш чоралари кўрилади.
Қарорга кўра, қуйидаги масалалар бўйича умумий йиғилишнинг қарори, агар уни ёқлаб уй-жой мулкдорлари ёки улар вакилларининг 80 фоизидан кўпроғи овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади:
- кўп квартирали уй-жойга туташ ҳудудларда янги объектларни қуриш;
- мулкдорлар амал қилиши мажбурий бўлган кўп квартирали уй-жойларда умумий мол-мулкни бошқаришнинг талаб ва қоидаларини тасдиқлаш;
- кўп квартирали уй-жой учун қарз ва кредитларни жалб қилиш.