Телеграм каналимиз

Тест синовлари учун онлайн рўйхатдан ўтиш

Абитуриентларни ОТМларга рўйхатга олиш Давлат тест маркази сайти ва Ягона интерактив Давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Рақамни тасдиқлаш. my.dtm.uz сайтида асосий ойнада рўйхатдан ўтиш бўлимига кириб, қуйидаги маълумотларни киритиш лозим бўлади: телефон рақам, пароль, такрорий пароль, ҳамда арифметик ифода қиймати. Сўнгра киритилган рақамга 5 хонали код смс кўринишида юборилади.

Паспорт маълумотлари. Шахсий маълумотлар бўлимига ўтиб, ЖШИР, паспорт серия киритилади. Абитуриентнинг доимий яшаш вилоят, тумани дастурдан танланади ва манзил тўлиқ ёзилади.

Тугатган таълим муассаси бўлимида абитуриент якунлаган муассаса тури (мактаб, лицей, коллеж), вилоят, туман, номи, йили танланади. Сўнгра аттестат, диплом серия рақами ёзилади. 2020-2021 ўқув йили битирувчи абитуриентлар маълумотлари автоматик тарзда акс этади. Агар чиқмаса, халқ таълимига вазирлигига мурожаат қилиш зарур бўлади.

Имтиёзлар. Чет тилидан сертификатга эга талабгорлар қўшимча серфикат маълумотларини киритишлари керак. Аввало, қандай тилдан берилганлиги, сертификат тури, даражаси, санаси, серияси ёзилади ва сертификат расми юборилади. Бошқа имтиёзлар билан бўлимда танишиш мумкин.

Умумий таълим фанларидан сертификат. Қабул 2021 бўлимида офертага рози бўлгандан сўнг, умумтаълим фанидан сертификат мавжудлиги сўралади. Тасдиқланган ҳолда, абитуриент ушбу фандан имтиҳон топширмайди.

Таълим шакли ва тури. Абитуриентлар танланган ОТМ қаерда жойлашишидан қатъий назар, тест синовини исталган ҳудудда топширишлари мумкин. Таълим шакли, тили, ёзув тури танланади. Кейинги босқичда танлов устиворлиги белгилаш керак бўлади. Бу нима? Агар абитуриент давлат грантини танласа, унинг кандидатураси 5 ОТМда фақатгина грант бўйича кўриб чиқилади. Агар давлат гранти ва тўлов контракти белгиланса, абитуриент биринчи грантга, сўнг контрактга тавсия этилади.

Мақсадли қабул. Бу нима? Ҳудудлар учун олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида ажратиладиган давлат гранти асосидаги квоталар. Ушбу таълим кўринишида ўқишга қабул қилинган талабалар ҳокимият билан шартнома тузишади ва давлатга маълум вақт ишлаб беришади. Мақсадли қабулда иштирок этган абитуриент ўқишга қабул қилинмаса, умумий танловда ҳам иштирок этади.

Таълим йўналишларини танлаш. Абитуриентлар 2021 йил қабулда 5тагача таълим йўналишини танлаш имкониятига эгалар. Бу ҳолатда тизим автоматик тарзда тест топшираладиган фанлар ва баллар системасини экранга чиқариб беради. Сақлаш тугмасини босгандан сўнг телефон рақамга келадиган кодни киритиш керак бўлади, акс ҳолда абитуриент рўйхатдан ўтмаган ҳисобланади. Ҳосил бўлган қайд варақасини юклаб олиш еки таҳрирлаш мумкин. Қайд варақасида тўловни амалга ошириш ҳисоб рақами мавжуд, тўловни банк кассалари ва электрон тизимлар орқали амалга ошириш бўлади.

Рўйхатга олиш 22 июльда якунланади.

Телеграм каналимиз