Телеграм каналимиз

Инфляцион таргетни аниқлаш ва ўрнатиш: Польша тажрибаси

Марказий банк томонидан инфляцион таргетни аниқлаш ва ўрнатиш бўйича баъзи бир хорижий давлатлар тажрибаси янги хужжатда келтириб ўтилди.

Инфляцион таргетлаш режимининг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, марказий банк (ва/ёки ҳукумат) келгуси давр учун инфляция мақсади (таргети) ва инфляциянинг таргетдан силжиш оралиғини (tolerance band) олдиндан эълон қилиши лозим.

Шу ўринда табиий савол туғилади: инфляция таргети қандай аниқланади ва ўрнатилади?

Инфляцион таргетни белгилашда қандай омиллар ҳисобга олинади?

Нима учун инфляцион таргетлаш режимида пул-кредит сиёсати юритаётган давлатларда инфляция таргети турлича белгиланган?

Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида чехиялик иқтисодчилар Роман Хорватх ва Якуб Матежулар (2011) инфляцион таргетлаш режимига ўтган 19 та давлатда инфляция таргетини белгилашда ҳисобга олинадиган омилларни таҳлил қилишган.

Улар «мамлакатлар инфляция бўйича таргетни танлашда ўтган даврлардаги инфляция даражаси, унинг тебранувчанлиги, ЯИМ ўсиши ва ташқи инфляция даражаси каби макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисобга олади» деган умумий хулосага келишган.

Барча ўтиш иқтисодиётли давлатлар сингари юқори инфляцияни жиловлаш мақсадида 1998 йил сентябрь ойида Польша Миллий Банки (ПМБ) пул-кредит сиёсатини юритиш учун инфляцион таргетлаш режимини қабул қилди. 1998 йил июль ойида инфляция даражаси 11 фоиздан ошиқ бўлган бир пайтда ПМБ 1999 йил учун биринчи қисқа муддатли инфляция таргетини 8-8,5 фоиз оралиғида белгилади.

Инфляцияни пасайтириш мақсадида амалга оширилган бир қатор чора-тадбирлар натижасида инфляция даражаси кутилганидан кўра тезроқ суръатларда пасайишда давом этди. Шундан келиб чиқиб, 1999 йил март ойида инфляция 6 фоизгача тушган бир пайтда, ПМБ пул-кредит сиёсати қўмитаси 1999 йил инфляция таргетини 6,6-7,8 фоиз оралиғига ўзгартиришга қарор қилди.

Бироқ тартибга солинадиган нархларнинг олдиндан эълон қилинмаган ҳолда оширилиши ва таклиф томондан кутилмаган шокнинг юзага келиши натижасида 1999 йилнинг охирига келиб инфляция даражаси 9,8 фоизни ташкил этди.

Польшанинг инфляцион таргетлаш режимига ўтган даврнинг илк йилларидаги тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, тартибга солинадиган нархлар борасида аввалдан эълон қилинган режаларнинг мавжуд эмаслиги туфайли ноаниқликлар сақланиб қолиши ҳамда иқтисодиётда ички талабни қондириш учун ишлаб чиқариш салоҳияти етарли даражада ривожланмаганлиги инфляция таргетини белгилашда ҳисобга олиниши керак бўлган муҳим омиллар ҳисобланади.

2000 йил учун мўлжалланган Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларида инфляция таргети 5,4-6,8 фоиз оралиғида белгиланди. Пул-кредит сиёсати қўмитаси фоиз ставкасини икки марта (2000 йил февраль ва август ойларида) кўтарди.

Шунга қарамай, мазкур йилда ПМБ пул-кредит сиёсати таъсиридан ташқарида бўлган номонетар омиллар – баъзи соҳаларда (жумладан, электр энергияси ва газ таъминоти) рақобатнинг етишмаслиги, тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш жараёни давом этаётганлиги сабабли ПМБ инфляциянинг ўрнатилган таргет оралиғида бўлишига эриша олмади.

Қаторасига икки йил давомида инфляция мақсадига эриша олмаганлиги боис ПМБ 2001 йил учун қисқа муддатли инфляция таргетини 6-8 фоиз оралиғида белгилашга қарор қилди. Лекин бу сафар фискал бюджет нобарқарорлиги ва глобал иқтисодий ўсишнинг кескин даражада секинлашиши натижасида юзага келган ноқулай ташқи муҳит Польша иқтисодиётига таъсир кўрсатди.

Юқорида таъкидланган омиллар 2000 йилда фоиз ставкасининг кўтарилиши таъсирини янада кучайтирди. Бунинг натижасида 2001 йил декабрь ойида йиллик инфляция 3,6 фоизгача тушди.

2002 йилда асосан иқтисодиётда талаб даражасининг пастлиги сабабли инфляция даражаси мазкур йил учун белгиланган 4-6 фоизли таргет оралиғи қуйи чегарасидан ҳам паст даражада (0,8 фоиз) сақланиб қолди. 2003 йил декабрь ойида инфляциянинг йиллик даражаси 2003 йил учун ўрнатилган қисқа муддатли таргет (3+/- 1 фоиз)дан бир оз пастроқ даражада бўлди.

Польша Миллий банкига инфляцияни иқтисодиёт учун мақбул даражага олиб тушиши учун 5 йилдан зиёдроқ вақт керак бўлди.

2004 йилдан бери ПМБ инфляция таргетини белгилашда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун Маастрихт шартномасининг инфляция бўйича меъёрларини ҳамда иқтисодий ўсишни ҳисобга олишга қарор қилди. Мазкур даврдан бошлаб ПМБнинг инфляция бўйича таргети 1,5-3,5 фоиз оралиғи бўлиб келмоқда.

Телеграм каналимиз