14- январь куни Президент “Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги РҚ–667-сонли қонунини имзолади.
Қонун билан бир қаторда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексига қўшимчалар киритилди.
Хусусан, ерни ноқонуний олиб қўйиш билан айбланган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача (22 млн 300 минг сўмдан 33 млн 450 минг сўмгача) миқдорида жарима солинади.
Шунингдек, мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолатларда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача (33 млн 450 минг сўмдан 44 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.
Жиноят кодексига асосан мансабдор шахс маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ҳам такроран қонунбузарликни амалга оширса қуйидаги жазо чоралари қўлланади:
- базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 250 бараваригача (44 млн 600 минг сўмдан 55 млн 750 минг сўмгача) миқдорда жарима;
- 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
- 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.
Ушбу қонунбузарлик учун қуйидаги маъмурий жазолар қўлланилади:
- ноқунуний тарзда биноларнинг бузиб ташланиши ҳолатларида мансабдор шахслар 3 йилгача, кўп миқдорда зарар келтирилган ҳолатларида эса 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилинади;
- ерни ноқонуний олиб қўйиш кўпчилик учун хавфли бўлган усулда содир этилса, мансабдор шахс муайян ҳуқуқдан ва 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.