“Ислоҳотлар вектори” лойиҳаси эксперт кенгаши ҚҚС ставкасини пасайтириш ва солиқ маъмурчилигини қисқартиришга чақирди. Қуйида тавсиянинг тўлиқ матни келтирилмоқда.
2019 йил 7 сентябрь куни «ISLOHOTLAR VEKTORI» / «ВЕКТОР РЕФОРМ» лойиҳаси Экспертлар кенгашининг йиғилишида қуйидаги қарор қабул қилинди:
“Ислоҳотлар вектори” лойиҳаси эксперт кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони билан бошланган солиқ ислоҳотларини амалга оширишнинг долзарб муаммоларига эътибор бериш муҳим деб ҳисоблайди.
Солиқ ислоҳоти бизнес учун солиқ ва маъмурчилик юкини камайтириш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва қонунийлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини тубдан қайта қуришга қаратилган. Бироқ, солиқ ислоҳотларининг бир қатор мақсадларига эришилмади, бу эса мамлакатдаги ишбилармонлик муҳити ва ишбилармонлик фаоллигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Хусусан, солиқ солишнинг умумий ва соддалаштирилган тартиблари ўртасидаги тафовутни камайтириш муаммоси тўлиқ ҳал қилинмади. Натижада, иқтисодиётнинг айрим тармоқларида умумий ва соддалаштирилган тартибдаги корхоналар тенг бўлмаган шароитларда фаолият кўрсатмоқда. Бу умумий тартибдаги корхоналарнинг даромадларини яширишга ва солиқларни тўлашдан қочиш учун ўз бизнесларини кичиклаштиришга ундайди. Ушбу ҳолат солиқ ислоҳотларининг яна бир вазифаси – айланма маблағ (даромад) солиқларининг таъсир доирасини камайтиришга тўсқинлик қилмоқда.
Бизнинг фикримизча, юқоридаги муаммоларнинг асосий сабаблари қуйидагича:
— ҚҚС юқори ставкаси (20%),
— ҚҚС тўлашда индивидуал имтиёзларнинг мавжудлиги ва ҚҚС тўлашдан бир қатор соҳаларнинг озод қилингани,
— ҚҚС ва даромад солиғи маъмурийчилигининг мураккаб тартиблари.
Шуни ҳам инобатга олиш керакки, ҚҚСнинг юқори ставкаси икки солиқ тартиби ўртасидаги солиқ юкидаги тафовутнинг сақланиб қолишининг асосий сабаби эмас, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини пасайтириш омили ҳисобланади: бизнинг минтақавий қўшниларимиз — Қозоғистон ва Қирғизистонда — ҚҚС ставкаси 12%.
Экспертлар кенгаши қуйидагиларни тавсия қилади:
- ҚҚС ставкасини 20 фоиздан 12 фоизгача пасайтириш, шу билан бирга, ҚҚС ва бошқа солиқлар ҳамда божхона тўловлари бўйича имтиёз ва истисноларни бекор қилиш.
- Солиқ маъмуриятчилиги харажатларини камайтириш бўйича комплекс ишларни амалга ошириш, шу жумладан:
- ҚҚС ва даромад солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартибини соддалаштириш;
- Ягона солиқ тўлови (ЯСТ) ва соддалаштирилган ҚҚСнинг алоҳида ставкаларини, хусусан умумий овқатланиш соҳаси учун қайта кўриб чиқиш.
Маълумот учун
«ISLOHOTLAR VEKTORI» лойиҳаси 2019 йилнинг август ойида иш бошлаган бўлиб, Iqtisodiy rivojlanishga ko’maklashish markazi нинг таркибига киради.
«ISLOHOTLAR VEKTORI» / «ВЕКТОР РЕФОРМ» лойиҳасининг миссияси: Ҳукумат, Бизнес, Экспертлар ҳамжамияти ва Фуқаролик жамияти ўртасида ижтимоий мулоқотни фаоллаштириш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни таҳлилий қўллаб-қувватлаш орқали рақобатбардош бозор иқтисодиётини барпо этишга ёрдам беришдан иборат.
Мамлакатнинг етакчи олимлари, иқтисодчилари ва ишбилармонларидан иборат Экспертлар кенгаши «ISLOHOTLAR VEKTORI» лойиҳасининг ақлий маркази ҳисобланади. Лойиҳанинг Экспертлар кенгаши таркиби билан мана бу ерда танишингиз мумкин.