Ўзбекистон энг ислоҳотчи ТОП-20 давлатлар ичида

Жаҳон банки бизнес юритишни енгиллаштиришда энг катта ислоҳотлар амалга оширган дунёдаги 20 та топ давлатлар ичида Ўзбекистон ҳам эътироф этилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.

Жаҳон банки “Бизнес юритиш” халқаро рейтинги доирасида охирги бир йил ичида бизнесни юритишда енгилликларни назарда тутувчи энг кўп ислоҳотларни амалга оширган 20 та давлатни эътироф этди. Булар ичида Ўзбекистонда 5 та йўналишда амалга оширилган қадамлар алоҳида тан олинди.

Жаҳон банки хабарига кўра, Ўзбекистон охирги даврда миноритар инвесторларни ҳимоя қилишни мустаҳкамлаган, солиқлар тўлаш тизимини соддалаштирган, шартномаларни ижросини амалга оширишни кучайтирган, шунингдек ташқи савдо йўналишида сезиларли янгиликлар киритган.

Бундай ташқари, тижорат ташкилотларида мустақил кенгаш аъзолари бўлиши юзасидан янги талаблар ва аудит қўмиталарининг мавқеи мустаҳкамланди.

Инфратузилма солиқлари фойда солиғи билан бирлаштирилгани ҳам алоҳида таъкидланган. Жаҳон банки медиация институтини ривожлантиришга қаратилган қадамларни ҳам эътироф этиб, бу борада ягона ҳуқуқий база шаклланганини ва медиациядан фойдаланишни рағбатлантириш механизмлари жорий этилганини таъкидлаган.

Божхона соҳасида эса хавф-хатарни таҳлил қилиш асосида текширувларни амалга ошириш тартиботлари киритилганини ҳам маъқуллаган.

Адлия вазирлиги ушбу йўналишда ислоҳотларни олиб боришда иштирок этган барча ташкилотлар ва уларнинг мутасаддиларини ушбу эътироф билан табриклайди.

Давстатқўм деҳқон бозорларидаги минимал-максимал нархларни маълум қилди

Давлат статистика қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг марказий деҳқон бозорларидаги  алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал-максимал нархларини маълум қилди. 2019 йил 24 сентябрь куни холатига кўра улар қуйидагича :

Мол гўшти (лаҳм гўштидан ташқари) 32 000 сўмдан 55 000 сўмгача (кг)

Кузатув натижасига кўра, 1 кг мол гўштининг (суяксиз гўштидан ташқари) минимал нархи Нукус шаҳрининг “Нукус деҳқон бозори”, Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори”да қайд этилган (32 000 сўм). Мол гўштининг максимал нархлари эса Тошкент шаҳрининг “Эски жўва деҳқон бозори”, “Фарҳод деҳқон бозори”, “Олой деҳқон бозори”, “Қўйлиқ деҳқон бозори”, “Миробод деҳқон бозори”да кузатилди (55 000 сўм).

Қўй гўшти 35 000 сўмдан 60 000 сўмгача (кг)

Қўй гўштининг минимал нархи кузатув натижасига кўра Нукус шаҳрининг “Нукус деҳқон бозори”да (35 000) сўмдан рўйхатга олинган. Максимал нархлари эса Тошкент шаҳрининг “Олой деҳқон бозори”да (60 000) сўмдан кузатилди.

Картошка 1 200 сўмдан 4 000 сўмгача (кг)

Олиб борилган кузатув натижаларига кўра, картошканинг минимал нархи Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори”да (1 200 сўмдан), максимал нархлари эса Тошкент шаҳрининг “Олой деҳқон бозори”да (4 000 сўм) қайд этилди.

Пиёз 1 000 сўмдан 3 000 сўмгача (кг)

Кузатув натижасига кўра, пиёз маҳсулотининг минимал нархлари Жиззах шаҳрининг “Жиззах марказий деҳқон бозори”, Тошкент шаҳрининг “Эски жўва деҳқон бозори”да (1 000) сўмдан кузатилди. Максимал нархлари эса Наманган шаҳрининг “Наманган Чорсу деҳқон универсал бозори”, Урганч шаҳри “Урганч марказий деҳқон бозори”, Тошкент шаҳрининг “Олой деҳқон бозори”, “Миробод деҳқон бозори”да кузатилди (3 000 сўм).

Сабзи 1 500 сўмдан 5 500 сўмгача (кг)

Сабзи маҳсулотининг минимал нархи кузатув натижасига кўра Нукус шаҳрининг “Нукус деҳқон бозори”, Жиззах шаҳрининг “Жиззах марказий деҳқон бозори”, Фарғона шаҳри “Фарғона шаҳар марказий деҳқон бозори”да (1 500) сўмдан қайд этилган. Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг “Миробод деҳқон бозори”да (5 500) сўмдан кузатилди.

Тухум 5 000 сўмдан 10 000 сўмгача (10 дона)

Тухум маҳсулоти кузатув натижасига кўра, минимал нархи Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори”да кузатилди (5 000 сўм). Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг “Миробод деҳқон бозори”да қайд этилган (10 000 сўм).

Гуруч 5 700 сўмдан 18 000 сўмгача (кг)

Гуруч маҳсулотлари кузатув натижаларига асосан, минимал нарх Тошкент шаҳрининг “Олой деҳқон бозори”да (5 700 сўмдан), максимал нарх эса Тошкент шаҳрининг “Олой деҳқон бозори”, “Миробод деҳқон бозори”да кузатилди 18 000 сўм).

Ўсимлик ёғи 8 500 сўмдан 13 500 сўмгача (1 л.)

Ўсимлик ёғи маҳсулотлари кузатув натижасига кўра, минимал нархи Бухоро шаҳрининг “Бухоро марказий деҳқон бозори”, Термиз шаҳрининг “Марказий деҳқон озиқ-овқат бозори” ва Тошкент шаҳрининг “Миробод деҳқон бозори”да (8 500) сўмдан кузатилди. Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори”да (13 500) сўмдан кузатилди.

Шакар 5 000 сўмдан 6 500 сўмгача (кг)

Шакар маҳсулоти кузатув натижасига кўра, минимал нархи Тошкент шаҳрининг “Қўйлиқ деҳқон бозори”да (5 000) сўмдан кузатилди. Максимал нархи эса Термиз шаҳрининг “Термиз шаҳар деҳқон озиқ-овқат бозори”, “Марказий деҳқон озиқ-овқат бозори”да (6 500) сўмдан кузатилди.

Молия вазирлиги : АТ “Халқ банки” ходимлари томонидан  55 млн.сўмлик пенсия ва нафақа пуллари ўзлаштириб юборилди

Молия вазирлиги пенсия ва нафақа пулларини етказиб бериш соҳасидаги назорат тадбирларининг натижалари бўйича маълумот берди. Ҳусусан, банк фаолиятида қуйидаги бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди :


Пенсия ва нафақа пуллари банк ходимлари томонидан ўзлаштирилди.

Банкинг филиалларида 159 нафар пенсионерларнинг 55 млн.сўмлик пенсия ва нафақа пуллари банк ходимлари томонидан ўзлаштирилган бўлса, тўлов ведомостларида имзолари бўлмаган 446 нафар пенсионерларнинг 144,4 млн.сўмлик пенсиялари асоссиз харажатга чиқарилган. Мисол учун, Банкнинг Бойсун туман филиали ғазначиси томонидан 71 нафар фуқароларнинг 2019 йил май ойи пенсиялари егаларига тарқатилмасдан 38 млн.сўм маблағларни ўз еҳтиёжлари учун ишлатиб юборилган. Шу билан бирга, 120 нафар вафот етган ва озодликдан маҳрум етилган фуқароларга 60 млн.сўм тўловлар амалга оширилган ҳамда 642 нафар пенсионерларнинг 314,3 млн.сўмлик пенсия ва нафақалари ишончномаси бўлмаган ҳолда бошқа фуқароларга бериб юборилишига йўл қўйилган.


Ногирон пенсионерлар учун нафақалари етказиб берилмаган

Жамғармадан АТ “Халқ банки”га ётоқда бўлган ногирон пенсионерлар учун нафақаларни етказиб бериш харажатлари қоплаб берилаётган бўлсада, 649 нафар ётоқда бўлган ва юриш имконияти чекланган фуқароларнинг 283,3 млн.сўмлик пенсиялари уйларига олиб бориб берилмаган.Шунингдек, яшаш манзилида бўлмаган ва бошқа ҳудудларга кўчиб кетган фуқароларга 301 млн.сўмлик пенсиялар ўрнатилган тартибга зид равишда тўланган. Бундан ташқари, пенсия ва нафақалар ойнинг 26 санасигача тўлиқ тарқатилиши белгиланган бўлсада АТ “Халқ банки” филиаллари томонидан қарийиб 39 минг нафар фуқароларга 13,5 млрд.сўмлик пенсия ва нафақалар белгиланган муддатидан кечиктирилиб тўланишига йўл қўйилган.


Буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси пуллари ноқонуний сарфланган

Шунингдек, буджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Самарқанд вилояти бошқармаси тассарруфидаги туман (шаҳар) бўлимларида пенсия ва нафақаларни тайинланиши ҳамда тўланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 165 ҳолатда жами 168,6 млн.сўмлик Жамғарма маблағлари ноқонуний сарфланганлиги аниқланди. Жумладан, фуқароларга пенсия тайинланишида уларнинг паспортидаги туғилган йили ўзгартирилиб, пенсия ҳуқуқи пайдо бўлмасдан туриб, пенсия тайинланиши ва тўланиб келиниши натижасида 9 ҳолатда 61,1 млн.сўм миқдорида Жамғарма маблағлари асоссиз сарфланган. Мисол учун, Жамғарманинг Паяриқ туман бўлими томонидан ҳақиқатда 1957 йил 27 декабрда туғилган ва пенсия олиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаган фуқаронинг туғилган йилини 1952 йил 27 декабрга ўзгартирилиб, “Пенсия” дастурига киритилиши ва муддатидан 5 йил олдин яъни 2014 йилда пенсия тайинланиши оқибатида 18,8 млн.сўм асоссиз пенсия пули тўлаб келинган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти туғрисида”ги Қонунида давлат пенсияларининг турли хилларини олиш ҳуқуқига ега бўлган фуқароларга уларнинг ўзлари танлаган бир турдаги пенсия тайинланиши белгиланган бўлсада, бир вақтнинг ўзида бир фуқарога икки турдаги пенсия ва нафақаларнинг тайинланиб, тўлаб келиниши натижасида 14 ҳолатда 21,2 млн.сўм миқдоридаги Жамғарма маблағлари ноқонуний сарфланган.

Жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимлари масъул ходимлари томонидан фуқароларнинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларини “Пенсия” дастурига нотўғри киритилиши оқибатида 35 ҳолатда 41,8 млн.сўм миқдоридаги Жамғарма маблағлари асоссиз ортиқча сарфланишига йўл қўйилган. Мисол учун, Жамғарманинг Каттақўрғон туман бўлимида ёшга доир пенсия тайинланишида фуқаронинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларини “Пенсия” дастурига нотўғри киритилиши оқибатида фуқарога 2016-2018 йилларда ва 2019 йилнинг ўтган даврида 8,7 млн.сўм ортиқча пенсия пули тўланган.

Шу билан бирга, корхона ва ташкилотлар томонидан бериладиган маълумотномалардаги иш ҳақларини нотўғри ёзиб берилиши оқибатида 3 ҳолатда 7,8 млн.сўм миқдорида маблағлар ортиқча сарфланганлиги аниқланган. Мисол учун, Жамғарманинг Ургут туман бўлимида фуқарога ёшга доир пенсия тайинланишида, Ургут туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан берилган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномасида фуқаро ишламаган давр учун асоссиз иш ҳақи ёзиб берилганлиги натижасида фуқарога 2 млн.сўм ортиқча пенсия пули тўланганлиги аниқланиб, фуқарога тайинланган ёшга доир пенсия бекор қилинган ва 11 млн.сўм миқдоридаги ноқонуний пенсия тўловларининг олди олинган.

Булардан ташқари, Жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимларининг масъул ходимлари томонидан боқувчисини йўқотганлик пенсияси муддати тугагандан ушбу пенсия тўловлари ўз вақтида тўхтатилмаганлиги натижасида 80 ҳолатда 18,8 млн.сўм, боқувчисини йўқотганлик пенсиялари ва 16 ёшгача болаликдан ногиронлик нафақаси тайинланишига асос бўлган фуқаролар вафот етгани ҳолда 21 ҳолатда 8,9 млн.сўм, тайинланган имтиёзли пенсия талабларини асоссиз равишда ўзгартирилиши натижасида 3 ҳолатда 8,9 млн.сўм миқдорида Жамғарма маблағлари ноқонуний сарфланишига йўл қўйилган. Мисол учун, Жамғарманинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига асосан 50 ёшга тўлиши билан имтиёзли равишда пенсия тайинланган фуқарога мазкур Қонуннинг 49-51 моддаларига зид равишда фуқаро 54 ёшга кирганида меҳнат стажи ўзгартирилиб, пенсия миқдори нотўғри оширилиши натижасида 3,5 млн.сўм Жамғарма маблағлари асоссиз сарфланган.

Буджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари ҳужжатлари белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди.

Чорсу меҳмонхона комплекси яна сотувга қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.09.2019 йилдаги 774-сонли қарорига мувофиқ
собиқ Чорсу меҳмонхона комплексини сотувга қўйилди. Бу хақда davaktiv.uz хабар берди

Сотиш шартлари

  • Меҳмонхона комплекси номи: собиқ “Чорсу” меҳмонхона мажмуаси
  • Жойлашган жойи: Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани
  • Савдо тури: “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали аукцион савдолар
  • Бошланғич нархи: 1 сўм
  • Инвестиция мажбуриятларининг энг кам миқдори: 25 млн АҚШ доллари
  • қиймати: 1 сўм
  • киритиш муддати: 2 йил
  • Яратиладиган иш ўринлари: 150 та

Аукцион савдоларида қатнашиш тартиби

– аукцион савдоларида қатнашиш учун талабгор шахсий кабинетини ва шахсий ҳисоб рақамини очиши учун
www.e-auksion.uz сайтидан рўйхатдан ўтиши керак;

– аукцион савдоларда қатнашиш учун талабгор белгиланган инвестиция суммасининг 5 фоизидан кам бўлмаган миқдорида шахсий кабинетдаги ҳисоб рақамини тўлдириши ва объект учун белгиланган лот рақамига ариза бериши (бунда, савдо ғолиби томонидан шартнома тузилиши рад этилган тақдирда закалат суммаси қайтарилмайди) керак;

– объектни сотиб олиш бўйича ғолиб бўлган инвестор олди-сотди шартномаси тузилгунга қадар белгиланган тартибда инвестиция миқдорининг камида 10 фоизи (2,5 млн. АҚШ долларига тенг) миқдоридаги маблағни ўзининг хизмат кўрсатувчи банкида алоҳида ҳисоб рақами очган ҳолда жойлаштирганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (тегишли тижорат банкдан маълумотнома) ҳамда ушбу маблағларни инвестиция киритиш учун фойдаланиш бўйича кафолат хатини тақдим этиши лозим.

Электрон онлайн аукцион муддатлари

Электрон онлайн аукцион савдолари 21.10.2019 йил соат 09:00 да бошланади.

Электрон онлайн аукцион савдоларга аризаларни қабул қилиш аукцион ўтқазиш тўғрисидаги хабарнома эълон қилинган кундан бошланади ва савдо кунидан 1,5 кун олдин 13:00 да тугайди.

Агар аукцион савдолари бўлиб ўтмаган деб топилса, такрорий танлов савдолари ҳар 15 иш кунида бир марта ўтказилади.

Бундан олдироқ, ушбу меҳмонхона комплексида  туркиялик инвестор томонидан «Эски шахар» туризм худуди очилиш режалаштирилган эди. Умумий қиймати $ 33 млн га тенг бўлган проект шу йилниг охирида ишга тушиши керак эди.

Шу йилнинг августида spot.uz инвестор ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармагани ва шу сабабли у билан келишув бекор қилингани эълон қилинган эди.

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари миқдори эълон қилинди

Марказий банк 01.09.2019 кун холатига Ўзбекистон олтин-валюта захираларини миқдори 27 .8 млрд долларга етганини маълум қилди.

Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири сифатида республика олтин-валюта захираларини сақлаш ва бошқариш хисобланади ( Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ).

Қуйида олтин – валюта захиралари миқдори хақида маълумот берилган, млн.АҚШ долларида.

01.01.2019 01.04.2019 01.07.2019 01.08.2019 01.09.2019
26 394,1 26 996,5 27 105,6 27 041,327 873,3

Олтин-валюта захираларини самарали бошқариш мақсадида Марказий банк томонидан захираларнинг ялпи ва соф қийматлари ҳисоби юритилади.

Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармасининг стандартлари асосида юритилади. Олтин-валюта захираларининг таркиби хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.

Қўқон шаҳрида саноат ва тадбиркорликни ривожлантиришга 510 миллион доллар ажратиш мўлжалланмоқда

Фото www.skyscrapercity.com

Қўқон шаҳрида саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 510 миллион доллар миқдорида маблағлар жалб этилиши режалаштирилган, дея хабар берди ЎзА

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун 63 миллион, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги лойиҳаларга 31 миллион доллар маблағ йўналтирилади. Шаҳарда тадбиркорларга молиявий кўмаклашиш дастури доирасида халқаро молия муассасаларининг 500 миллион долларлик инвестициялари ўзлаштирилади.

Шаҳарда инфратузилма объектларини ривожлантиришга 124 миллион доллар маблағ йўналтирилиши мўлжалланмоқда. Ушбу маблағлар ҳисобидан ичимлик ва оқова сув тармоқлари, иссиқлик тизими, автомобиль йўлларини модернизация қилиш, шунингдек, электр ва газ тармоқларини янгилаш бўйича жами 90 та лойиҳа амалга оширилади.

Уй-жой фондини ривожлантириш учун 220 миллион доллар миқдорида инвестициялар жалб этилиб, 9 қаватли 17 та, 12 қаватли 36 та, 16 қаватли 65 та уй-жой барпо этилади.

Олдинроқ, bankvabiznes.uz Марғилон шаҳрида тадбиркорликни молиявий қўллаб – қувватлаш учун 300 миллион доллар маблағ йўналтирилиши хақида хабар берганди

Марғилон шаҳрида тадбиркорликни молиявий қўллаб – қувватлаш учун 300 миллион доллар маблағ йўналтирилади

Фото www.advantour.com

Президент Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни Фарғона вилоятидаги “Қўқон” эркин иқтисодий зонасига ташриф буюрди.Бу ерда, дастлаб, Қўқон ва Марғилон шаҳарларини комплекс ривожлантиришга хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича янги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Кейинги уч йилда Қўқон ва Марғилонга 1 млрд 354 млн долларлик имтиёзли кредитлар ажратилади

ЎзА хабарига кўра, кейинги уч йилда бу икки шаҳарга халқаро молия институтларининг 1 миллиард 354 миллион долларлик имтиёзли кредитлари йўналтирилиши режалаштирилган. Бу маблағ учта йўналишда – саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, инфратузилма объектларини модернизация қилиш ҳамда кўп қаватли уй-жойлар қуриш соҳаларида ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб – қувватлашга 300 миллион доллар

Марғилон шаҳрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик секторини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 300 миллион доллар маблағ йўналтирилади. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларига бериладиган маблағлар шаҳарда янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини янада яхшилаш имконини яратади.

Шахар инфратузилмасини ривожлантириш учун 87,6 миллион доллар, уй-жойлар қурилишига 110 миллион доллар маблағ сарфланади. Яқин йилларда ушбу шаҳарда 9 қаватли 12 та, 12 қаватли 54 та, 16 қаватли 16 та турар-жой барпо этилиб, аҳолининг эҳтиёжи тўлиқ таъминланади.

ЯТТлар ва фермер хўжаликларига чет эл валютасида даромадларини ечиб олиш тақиқланди

Президентнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (ПҚ–5811-сон, 05.09.2019 й.), деб хабар қилмоқда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, чет эл валютасида давромад олувчи юридик шахс ташкил этмаган якка тадбиркорлар, шунингдек фермер хўжаликлари ўз ҳисобварақларидаги маблағларни фақат миллий валютада ечиб оладилар (ҳозирга қадар чет эл валютасида ечиб  олиши мумкин бўлган), чет эл валютасидан чет элда фойдаланиш бундан мустасно.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига уларнинг бошқарув органлари 2017 йилнинг 5 сентябрига қадар ташқи савдо контрактлари бўйича ҳосил бўлган кредитор қарздорликни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилганида ҳисобдан чиқарилаётган кредитор қарздорлик суммасига солиқ мажбуриятларини қўшиб ҳисобламасликка рухсат берилди.