Президент: Энди банклар ресурс жалб этиш бўйича “ўз аравасини ўзи тортиши” керак

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг инвестициявий фаоллигини ошириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.Бу хақда  president.uz хабар берди

Сўнгги икки йил ичида банклар капитализациясини ошириш учун 3,3 миллиард доллар давлат маблағлари ажратилди

Охирги йилларда давлат бюджетидан тижорат банкларига дастурларни молиялаштириш учун 8,4 триллион сўм, айланма маблағлар учун 400 миллион доллар, устав капиталини ошириш учун 1,7 миллиард доллар маблағ ажратилди. Умуман олганда, сўнгги икки йил ичида банклар капитализациясини ошириш учун 3,3 миллиард доллар давлат маблағлари берилди.

Йиғилишда бу маблағлардан самарали фойдаланилмаётгани, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга кўмаклашиш, мижозлар ва банк даромадларини кўпайтириш борасидаги ишлар етарли эмаслиги танқид қилинди.

Мисол учун, хусусий банклар кредит ресурсининг ярмидан кўпини депозитлар ҳисобига шакллантираётган бўлса, давлат банкларида бу кўрсаткич атиги 10 фоиз атрофида.

Шунингдек, давлат банклари кредит портфелининг ярмидан кўпи 5 та йирик давлат корхонаси ҳиссасига тўғри келади. Ҳанузгача эскирган дастурий таъминотлардан фойдаланаётгани учун банк хизматлари сифати талаб даражасида эмас.

Соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида банклар фаолиятида давлат иштироки босқичма-босқич қисқартирилмоқда.

Давлат дастурлари доирасидаги кредитлар фоизи қайта молиялаш ставкаси билан тенглаштирилди ва 2021 йилдан тўлиқ эркинлаштирилиши белгиланди

Тизимда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида банклар фаолиятида давлат иштироки босқичма-босқич қисқартирилмоқда. Хусусан, давлат дастурлари доирасидаги кредитлар фоизи қайта молиялаш ставкаси билан тенглаштирилди ва 2021 йилдан тўлиқ эркинлаштирилиши белгиланди. Бу банкларни кўпроқ мижоз топиш, ресурс жалб қилиш, кредит ажратиш бўйича изланишга, ривожланишга ундайди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, банклар трансформациясини тезлаштириш ва сифатли амалга ошириш мақсадида барча давлат банкларидаги акциядорлик вазифаси Молия вазирлигига юклатилди.

Йиғилишда Молия вазирлиги ва Марказий банкка Жаҳон банки билан биргаликда банк секторини узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини якунлаш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари тижорат банкларининг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилиб, долзарб чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда банкларга қўйилган депозитларнинг 70 фоизи қисқа муддатли бўлгани ҳолда, кредитларнинг 90 фоизи узоқ муддатга берилган. Айрим банкларда жорий харажатлар даромадга нисбатан 60-70 фоизни ташкил этади.

Шу боис банкларни молиявий соғломлаштириш ва уларнинг барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Аҳолининг кенг қатламига мўлжалланган хизматларини кўпайтириш ҳамда кредитлаш тартибини соддалаштириш бўйича топшириқлар берилди

Онлайн ва мобил алоқа орқали хизмат кўрсатиш, чет элларда кенг тарқалган “скоринг” ва автоматлаштирилган модулли кредит ажратиш тизимини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Банкларнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, бизнесга йўналтирилган корпоратив бошқарув тизими ва кузатув кенгашларини жонлантириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Инвестициявий жозибадорликни ошириш орқали хусусий сектор иштирокини кенгайтириш кераклиги таъкидланди.

– Энди банклар ресурс жалб этиш бўйича “ўз аравасини ўзи тортиши” керак. Шундагина бозор шароитига мос, замонавий бошқарув тизимига эга молиявий институтга айлана олади, – деди Президент.

Йиғилишда кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Марказий банк ҳузурида ташкил этилаётган Банк ходимларини қайта тайёрлаш корпоратив маркази ва Тошкент молия институти бу борада жиддий шуғулланиши кераклиги айтилди. Банк ходимларининг мижозлар билан ишлашини рағбатлантириш, улар фаолиятини самарадорликка қараб баҳолаш индикаторларини жорий этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

ВАЛЮТАНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ ЯНГИ ҚОНУН: АСОСИЙ ЎЗГАРТИРИШЛАР

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди (22.10.2019 йилдаги ЎРҚ-573-сон Қонунга қаранг). Шу тариқа, бу ҳужжатнинг учинчи версияси бўлди: биринчиси 1993 йилдан 2004 йилгача, иккинчиси – 2004 йилдан 2019 йилгача амал қилган.

Асосий ўзгартиришлар хақида norma.uz – ахборот хуқуқий портали  қуйидаги шархни тайёрлади.

Биринчидан, резидентлар ҳисобланадиган шахслар рўйхати кенгайтирилди. Уларга қуйидагилар киритилди:

  • хориждаги Ўзбекистон фуқаролари;
  • юридик шахсларнинг Ўзбекистонда ва ундан ташқарида жойлашган филиаллари ва ваколатхоналари;
  • Ўзбекистоннинг савдо ваколатхоналари, шу жумладан хориждаги савдо
    ваколатхоналари;
  • қароргоҳлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотлар.

Иккинчидан, мамлакат ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланиши тақиқланади (валютага оид шарҳ).

Резидентлар ўртасида амалга оширилиши рухсат этилган валюта операциялари рўйхатига ҳам айрим ўзгартиришлар киритилди. Уларнинг рўйхати энди тўлиқ бўлади (илгари «қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда» жумласи мавжудлиги туфайли очиқ бўлган, таҳр. изоҳи). Бундан ташқари, энди қонунда резидентлар ўртасидаги қуйидаги кўринишдаги валюта операциялари қайд этилган:

  • жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига хизмат сафарлари амалга оширилиши билан боғлиқ харажатларини тўлаш ва уларнинг ўрнини қоплаш бўйича операциялар, шунингдек хизмат сафарлари муносабати билан берилган, сарфланмай қолган бўнакни қайтаришга доир операциялар;
  • Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналарига, консуллик муассасаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро ёки ҳукуматлараро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхоналарига ҳисоб-китобларни ва ўтказмаларни бажаришни назарда тутувчи операциялар;
  • жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон банкларида очилган ҳисобварақлардан  носавдо операциялар бўйича ўтказмалари;
  • транспорт ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида турган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахсларнинг филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа бўлинмалари ўртасида йўловчилар ташишга оид шартномалар бўйича ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операциялар;
  • мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида валюта қимматликларидан фойдаланиш, шунингдек уларни ундириш билан боғлиқ операциялар.

Эслатиб ўтамиз, умумий қоидага кўра – Ўзбекистонда барча тўловлар ва ҳисоб-китоблар миллий валютада амалга оширилади.

Учинчидан, резидентларга чет эл валютасида ҳисобварақлар очиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Жисмоний шахсларга осонроқ бўлади, чекловлар олиб ташланди (илгари фақат хорижда бўлиш даври учун ҳисобварақлар очиларди). Юридик шахслар учун эса, аксинча, энди фақат Президент ёки Ҳукуматнинг бундай ҳисобварақлар очиш ва улардан фойдаланиш мақсадлари назарда тутилган қарорлари ёхуд халқаро шартномалар мавжуд бўлса, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ҳамда улардан фойдаланишга йўл қўйилади. Бундан ташқари, ташкилотлар рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органларини ҳамда МБни ҳисобварақлар очилганлиги (ёпилганлиги) тўғрисида ва ҳисобварақларнинг реквизитлари ўзгарганлиги ҳақида, ушбу ҳисобварақлардаги қолдиқлар ва айланмалар тўғрисида хабардор қилиши керак. Буни ҳар чоракда, ҳисобот чораги тугаганидан кейин бир ойдан кечиктирмасдан амалга ошириш лозим.

Тўртинчидан, ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилиш белгиланди. Бу норезидент мажбуриятларининг қуйидагилар орқали тўлиқ ёки қисман бажарилишидир:

  • норезидентнинг мажбуриятлари бўйича пул маблағлари ёки товар келиб тушиши (ишлар бажарилиши, хизматлар кўрсатилиши);
  • норезидентнинг мажбуриятини бир турдаги қарши талабларни ҳисобга олиш йўли билан тугатиш;
  • норезидентнинг томонлар ўртасидаги мавжуд дастлабки мажбуриятини худди ўша шахслар ўртасидаги бошқа предметни ёки бажариш усулини назарда тутувчи ўзга мажбурият билан алмаштириш йўли билан тугатиш;
  • суғурта тўловларини олиш.

Агар резидент норезидентга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа резидент фойдасига воз кечса, репатриация қилиш тўғрисидаги талабнинг бажарилишини таъминлашга доир тегишли мажбурият талаб қилиш ҳуқуқини қабул қилган резидентга ўтади. Резидент (норезидент) ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг репатриация қилинишини таъминлаши шарт, бироқ репатриация қилиш муддати норезидентнинг мажбуриятлари юзага келган санадан эътиборан 180 кундан ошиб кетса, мазкур операция капитал ҳаракатининг операцияси сифатида баҳоланади.

Бешинчидан, валюта операцияларининг янги турлари киритилди ва уларнинг рўйхати кенгайтирилди. Валюта операциялари ички (мамлакат ҳудудида ўтказиладиган) ва халқаро (трансчегаравий) операцияларга бўлинади, улар ўз навбатида, жорий халқаро операцияларга ва капитал ҳаракати операцияларига бўлинади.

Жорий халқаро операциялар деб эътироф этиладиган кредитни (қарзни) сўндириш ҳисобига тўланадиган сумма тўлаш даврида қарзнинг олинган, шартномада кўрсатилган тўлаш даврлари сонига нисбати сифатида ҳисоб-китоб қилинган қисмининг 2 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланган ҳолда аниқлаштириб олинди.

Носавдо тусидаги пул ўтказмалари (булар ҳам жорий халқаро операцияларнинг бир тури, таҳр. изоҳи) рўйхати энди тўлиқ бўлди (илгари МБ қандайдир операцияларни ҳам улар жумласига киритиши мумкин эди, таҳр изоҳи). Унга қўшимча равишда қуйидагилар киритилди:

  • жисмоний шахслар ўртасида 100 млн сўм эквивалентигача бўлган миқдордаги пул ўтказмалари;
  • шахсий эҳтиёжлар учун товарларга (хизматларга, ишларга) ҳақ тўлаш.

Резидентлар томонидан Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган ўз филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш, интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқни тўлиқ олиш ёки сотиш ҳам капитал ҳаракати операциялари жумласига киритилди.

Олтинчидан, миллий ва хорижий валютани чегарадан олиб ўтиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.

Валюта

Аввалги тартиб

Янги тартиб

олиб кириш

олиб чиқиш

олиб кириш

олиб чиқиш

Миллий (сўм) Декларациялаш ва рухсат олиш:
  • 50 ЭКИҲ/БҲМ (11 150 000 сўм) доирасида – декларацияланмайди ва МБ рухсати олинмайди;
  • кўрсатилган суммадан юқори бўлганда – жами сумма декларацияланади ва МБ рухсати асосида.
Олиб кириш суммаси чекланмайди. 100 млн сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада амалга оширилади, белгиланган эквивалентдан ортиқ суммада олиб чиқиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Қонуности ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилганидан кейин батафсил (декларациялаш, рухсатнома олиш зарурати ва уни олиш тартиби) аниқлаштирилади (бу ердабу ерда ва бу ерда қаранг).

Хорижий Декларацияланади:
  • $2 000 эквивалентидаги миқдорда, ушбу сумма ҳам ҳисобга киради – декларацияланмайди;
  • ундан ортиқ бўлса – жами сумма декларацияланади.

Олиб кириш суммаси чекланмайди.

Декларацияланади:
  • $2 000 эквивалентидаги миқдорда, ушбу сумма ҳам ҳисобга киради – декларацияланмайди;
  • ундан ортиқ бўлса – жами сумма декларацияланади.

Рухсат этилган:

  • $5 000 эквивалентидаги сумма, ушбу сумма ҳам ҳисобга олинади – рухсатномасиз;
  • ундан ортиқ сумма – МБ рухсатига (резидентлар) ёки  олиб киришда тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси (норезидентлар) асосида.

Еттинчидан, мазкур соҳадаги валютани назорат қилувчи органлар – МБ, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, ДСҚ, ДБҚнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланди. Хусусан, улар валюта операциялари бўйича текширувларни амалга ошириши ҳамда фақат ўтказилаётган валюта операциясига бевосита тааллуқли бўлган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиши мумкин.

Ўз навбатида, текширилаётганлар текширув материаллари билан танишишга, назорат қилувчи органларнинг ҳаракатлари устидан шикоят қилишга ва етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 23.10.2019 йилдан кучга кирди. 

Банкоматлар орқали валюта нақдлаштиришдаги комиссия тўловига изоҳ берилди

Аввалроқ маълум қилинганидек, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб халқаро тажрибага асосан халқаро тўлов карталаридаги маблағларни мамлакат ҳудудидаги банкоматлар орқали фақат миллий валюта – «сўм»да нақдлаштириш амалиёти жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари халқаро тўлов карталаридаги хорижий валютани чекланмаган миқдорда нақдлаштиришлари мумкин

Марказий банк бу борада хеч қандай тўсиқлар йўқ эканлигини қайд этди. Банк кассаларида шахсни тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик паспорти ёки ҳарбий гувоҳнома) тақдим этган ҳолда халқаро тўлов карталаридаги хорижий валютани  нақдлаштиришга чеклов йўқ.

Сўнгги пайтларда айрим оммавий ахборот воситаларида нақдлаштириш жараёнида комиссия олинаётганлиги тўғрисида чоп этилган мақолалар юзасидан Марказий банк қуйидагиларни маълум қилади.

Банк тижорат ташкилоти бўлиб, банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақилдир

Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунига асосан, банк тижорат ташкилоти бўлиб, банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақилдир.

Маълумки, халқаро тўлов карталари орқали амалга ошириладиган транзакциялар халқаро тўлов тизимлари (Visa, Master Card, China Union Pay ва ҳоказо) воситасида бажарилиб, ушбу тизимлар томонидан ҳар бир транзакция учун тижорат банкларидан муайян комиссия тўлови ундирилади.

Нақд чет эл валютаси билан боғлиқ операцион харажатлари ҳам мавжуд

Бундан ташқари, тижорат банкларининг нақд чет эл валютаси билан боғлиқ операцион харажатлари ҳам мавжуд бўлиб, улар нақд хорижий валютани республикага олиб кириш, олиб чиқиш, қайта санаш, транспорт ва бошқа харажатларни ўз ичига олади.

Ўз навбатида, банклар хўжалик юритувчи субъект сифатида ҳамда даромад олиш мақсадида мижозлардан ундириладиган хизмат ҳақини мазкур харажатларни инобатга олган ҳолда тасдиқлайдилар.

Тўлов карталаридаги хорижий валютани нақдлаштириш учун ўрнатилган комиссия МДҲ мамлакатларидаги тарифлардан (ўртача 2%) сезиларли даражада паст

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мамлакатдаги барча валюта айирбошлаш шохобчалари тегишли терминаллар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб 633 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари «24/7» режимида фаолият кўрсатмоқда.

Марказий банк жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда ОАВ вакилларининг банк операциялари ҳамда банк соҳасидаги ислоҳотларга тааллуқли савол ва мурожаатларини кўриб чиқишга тайёр эканлигини маълум қилади.

Онлайн очилган банк ҳисобрақамлари сони ортмоқда

Банк ҳисобрақамлари онлайн тарзда очиш кўпайиб бормоқда. Марказий банк маълумотларидан аниқ бўлдики, 2019 йилнинг тўққиз ойи мобайниди бизнесни рўйхатидан ўтказиш пайтида  11565 та тадбиркорлик  субъектлари – юридик шахслар банк ҳисобрақамлари онлайн очишган.

Ҳисобрақамлари онлайн очиш амалиёти 2019 йилнинг март ойидан бошлаб йўлга қуйилган бўлиб, у тадбиркорлик субъектларига  банк ҳисобрақамларини масофадан туриб очиш имконияти берди.

Жорий йилнинг 1 октябр ҳолатига давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида 11565 та тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга банк ҳисобрақамлари масофадан туриб очилган.

1 сентябр ҳолатига нисбатан солиштирлаганда, ушбу  кўрсаткич ўсиш 19,5% га ошган.

Эндликда, нафақат юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам  масофадан туриб банк ҳисобварақларини очиши мумкин.

Онлайн ҳисобварақларини очиш учун:

  • Давлат хизматлари марказларига ташриф мумкин;
  • Электрон кўринишда fo.birdarcha.uz  сайти орқали

Тошкент шаҳарида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича қанча кредит ажратилди?


Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурининг пойтахтимизда қандай ижро этилаётганлигига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди

Маълум қилинишича, Тошкентда йил бошидан буён “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш давомида 3309 нафар тадбиркор ва ҳунармандга 238,3 млрд.сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Дастур ижроси учун Тошкент шаҳридан оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш масаласида мурожаат эттган фуқароларга имтиёзли кредит учун 270,0 млрд.сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланган.

Ҳозирда мазкур режанинг 90 фоизи бажарилди. Шунингдек, имтиёзли кредит олиш масаласида мурожаат этганларнинг лойиҳаларини ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, мазкур дастурга қўшимча тарзда яна 26,5 млрд.сўмлик кредит маблағлари ажратилиши кутилмоқда.

Кредит учун тақдим этилган лойиҳаларнинг 462 таси кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга тааллуқли бўлиб, уларга 3,5 млрд.сўм миқдорида кредит ажратилган.

Сенатда электрон ҳамён эгалари идентификациялаш тартиби кўриб чиқилмоқда

Бугун Олий Мажлиси Сенатининг  Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисига киритилган 5 та қонун кўриб чиқилди.

Банклар ва банк фаолияти тўғрисида

Қонуннинг мақсади – омонатчилар ҳамда банк хизматларидан бошқа фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда молия муассасаларининг барқарорлиги ва улар ўртасидаги соғлом рақобатни таъминлаш.

У банк фаолиятига рухсат бериш шартлари, Ўзбекистон Республикасида ушбу фаолиятни амалга ошириш, шунингдек банкларни қайта ташкил этиш ва тугатиш борасидаги муносабатларни тартибга солади.

Валютани тартибга солиш тўғрисида

Қонун мамлакатда резидентлар ва норезидентларнинг ўз валюта бойликларига бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда юзага келадиган муносабатларни ҳамда валютани тартибга солиш ва унинг назоратига доир вазифаларнинг қонуний ечимини таъминланишга қаратилган. Натижада валюта операцияларини амалга оширишда юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз маблағларини эркин тасарруф этишлари бўйича барча ҳолатларнинг қонунчилик меъёрлари билан қамраб олиниши таъминланмоқда.

Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида

  • тўлов тизимларига ва уларнинг таркибий қисмларига нисбатан талаблар ўрнатилмоқда.
  • тизимларни назорат қилиш ва кузатиб борилиди,
  • тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларини лицензияга эга бўлади
  • электрон пуллар ҳамёни соҳибларини идентификациялаш тартибини белгиланади
  • хавфсизлик ва ахборот муҳофазасини таъминланади

Ушбу Қонун билан тўлов ва тўлов тизимлари соҳасида ягона ахборот ва ҳуқуқий муҳит яратилиши, Марказий банк томонидан тўлов хизматлари бозорининг самарали тартибга солиниши таъминланади.

Метрода тўлов учун HUMO карталари қабул қилина бошланди


Шу йилнинг 7 октябрьдан бошлаб метрополитен кассаларида ҲУМО карталари  билан тўлаш имкони пайдо бўлди. Хозирда қуйидаги метро бекатларида тўловни амалга ошириш мумкин. Бу хақда HUMO тўлов тизимининг телеграм канали хабар бермоқда.

– Буюк Ипак Йўли ( кириш КФC тарафдаги автобус бекатидан )
– Aмир Темур Ҳиёбони (барча кириш жойлари)
– Мустақиллик Майдони (барча кириш жойлари)
– Пахтакор (кириш Давлат консерваторияси тарафдан)
– Бунёдкор (кириш Халқлар дўстлиги саройи тарафдан)
– Мирзо Улуғбек (кириш Ғ. Ғулом боғи тарафдан )
– Чилонзор ( кириш 9 қаватли бинолар тарафдан)
– Беруний (кириш Миллий Университет ва ЎзКўргазмаСавдо тарафдан)
– Минор (кириш Молия институти ёнидан)
– Aбдулла Қодирий (кириш Олой бозори марказий павилёни ёнидан)

Тўловни амалга ошириш учун ҲУМО валидаторига карта билан тегиш кифоя. Шунингдек, яқин кунларда ҲУМО валидаторини бошқа метро бекатларига улаш режалаштирилган.

Банклар хизмат кўрсатиш талабларини бузганлик қўшимча жарималар тўлайди

Ўзбекистон Марказий Банки Бошқаруви қарорига кўра  тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар қўшимчалар киритилди.

Тижорат банкларига қуйидагилар тақиқланди:

  • жисмоний шахсларга хорижий валютада кредитлар (қарзлар) бериш ва кредитлар (қарзлар) бўйича уларнинг мажбуриятларини хорижий валютада ҳисобга олиш;
  • илгари олинган кредитлар (қарзлар) бўйича сўндирилмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда жисмоний шахсларга янги микромолиявий хизматлар кўрсатиш тақиқланади

Қарз олувчи гаровдаги депозитни кредитни қайтариш учун йўналтириши мумкин

Энди қарз олувчи кредит (қарз) бўйича гаровда турган ўзининг депозитидаги (омонатидаги) маблағларини кредит (қарз) шартномаси даврининг хоҳлаган вақтида депозит (омонатнинг) амал қилиш муддатидан қатьи назар, мазкур кредитни (қарзни) қайтариш учун йўналтириш ҳуқуқига эга.

Бунда, қарз олувчи кредит (қарз) бўйича гаровда турган ўзининг муддатли депозитидаги (омонатидаги) маблағларини шартномада кўрсатилган депозит (омонат) муддати тугагунга қадар кредитни (қарзни) қайтариш учун йўналтирмоқчи бўлса, у бу ҳақда банкни депозитни (омонатни) қайтаришни мўлжаллаётган санадан камида бир ой олдин хабардор қилиши лозим.

Қарздордан кредитнинг жорий тўлови учун кредитни (қарзни) қайтариш жадвалида белгиланган суммага нисбатан кўп маблағ келиб тушса, у ҳолда банк келиб тушган маблағнинг ортиқча қисмини карз олувчининг кредитининг (қарзнинг) асосий қарзини сўндиришга йўналтиради ҳамда кредит (қарз) суммасини қайта ҳисоблайди, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса.

Мижозларга хизмат кўрсатишда қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун санкциялар

Ҳисобварақлар бўйича жарималар

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча зарурий ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин банклар томонидан ҳисобварақлар очишда сабабсиз кечиктирилганлик ёки очишдан бош тортганлик, шунингдек мазкур турдаги ҳисобварақ очиш учун ортиқча ҳужжатларни талаб қилганлиги учун банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,02 фоизи миқдорида жарима тўлайди.

Иш хақи ва бошқа эҳтиёжлар учун ўз вақтида накд пул берилмаганда

Банклар томонидан иш хақи ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа эҳтиёжлар учун ўз вақтида накд пул бермаганлик учун мижозларга, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига улар ҳисобварақларида маблағ бўлганида банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,005 фоизи миқдорида жарима тўлайди.

Ҳисобварақларига пулларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини бузганда

Қонун ҳужжатларида ўрнатилган мижозлар ҳисобварақларига пулларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини бузганлик учун, электрон тўловларни амалга оширишнинг ва хато амалга оширилган электрон тўловларни қайтаришнинг ўрнатилган муддатларини бузишни истисно этган ҳолда, банк ҳар бир ҳолат учун банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,01 фоизи миқдорида жарима тўлайди.

Электрон тўловларни амалга оширишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлари банк томонидан бузилган тақдирда, у мижозга кечиктирилган ҳар бир кун учун кечиктирилган электрон тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, лекин кечиктирилган электрон тўлов суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлаши шарт.

Банкнинг айби билан электрон тўлов нотўғри амалга оширилган тақдирда, у маблағни хатолик аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан олувчининг ҳисобварағига ўтказиши шарт. Акс ҳолда, мижоз банкдан маблағларни қайтаришни, шунингдек кечиктирилган ҳар бир кун учун нотўғри амалга оширилган электрон тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, лекин нотўғри амалга оширилган электрон тўлов сумманинг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлашни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Банклар қуйидаги ҳолларда жарима тўлашдан озод қилинади:
– форс-мажор ҳолатлари, шу жумладан, банклараро электрон тўловлар тизимида рўй бериши мумкин бўлган узилиш;
– банк мижози томонидан амалдаги қонунларда белгиланган талабларга мос келмайдиган тўлов ҳужжатлари тақдим қилинганда;
– қонунларда белгиланган тартибга банк ёки мижоз ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатилганда.

Жарима жазо чораларини қўллаш суд қарорига асосан амалга оширилади

 Тижорат банкларига нисбатан  жарима жазо чораларини қўллаш суд қарорига асосан амалга оширилади. Бунда бу каби низолар юзасидан мижозларнинг ўзлари томонидан судга даъво киритилади.

Банк томонидан тўланган жарима суммаси қисман қонунбузарликка йўл қўйган банк (филиали) раҳбари ва бош бухгалтери томонидан қопланади.

1-октябридан бошлаб банкоматлар нақд доллар беришни тўхтатади

2019 йилнинг 1- октябридан бошлаб банкоматлар нақда долларни беришни тўхтатади. Энди  валютанинг сўмдаги қиймати нақд кўринишда берилади. Бу хақда  АИТБ «Ипак Йули» матбуот хизмати хабар қилди.


1- октябридан бошлаб банкоматлар нақд долларни беришни тўхтатади

«Ўзбекистон резидентлари Ипак йўли банки кассаларида халқаро тўлов карталаридан нақд хорижий валютани тўсиқларсиз ечиб олишлари мумкин. Aйни вақтда шуни маълум қиламизки, жорий йилнинг 1-октабридан бошлаб банкнинг халқаро тўлов тизимлари (VISA, MasterCard ва UnionPay )га хизмат кўрсатувчи барча банкоматлари халқаро тўлов карталаридан (хусусан, Ипак йўли банки томонидан эмиссия қилинган халқаро тўлов карталаридан) нақд пулни фақат миллий валютада беради», — дейилган банк баёнотида.

Шунингдек, kun.uz га кўра  24-сентабрдан бошлаб баъзи банкоматлар халқаро тўлов карталаридаги пулни фақат миллий валюта (сўм)да нақд чиқариб беришни бошлаган.

«1- октябридан бошлаб нақд доллар ечиб олиниши хамма банкларда шундай тартибда бўлади, фақат бизнинг банкда эмас, норезидентлар фақат миллий валютада пулларни ечиб олиши мумкин. Айни пайтда бизнинг банк банкоматларнинг дастурий таъминотини қайта созлба чиқишни бошлади», –    деб хабар берди АИТБ «Ипак Йули»


Марказий банк изоҳи

Марказий банкнинг Kun.uz га хабар қилишича, бундай амалиётдан асосий мақсад жиноий йўл билан топилган даромадларни қонунийлаштиришга қарши кураш.

“Исталган нормал мамлакатда, ҳатто қўшни мамлакатларда ҳам, банкоматлар орқали фақат миллий валюта олиш мумкин. Ўзбекистонликлар банкоматлардан нақд хорижий эчиб ололмайди, лекин паспорт билан банк кассасига бориб, нақд хорижий валюта эчиб олиш мумкин бўлади», – деб изоҳ берган Марказий банк.


Бошқа банклар хабардор эмас

Капиталбанк, Давр банк и Алокабанк  банклари бу чекловдан хабардор эмаслигини маълум қилган. Хусусан, АТБ «Алокабанк»да уларга хеч қандай чекловлар хақида хабар қилишмаганини қайд этишди.

Ўзбекистонда ипотека кредити шартлари ўзгарди

Фото УзА

Ҳукумат томонидан ипотека кредити шартларига айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (784-сон, 18.09.2019 й.) деб хабар берди Huquqiy ahborot канали

Арзон уй-жойлар учун ипотека кредитлари 20 йилга берилади

Якка тартибда ва қишлоқ жойларда намунавий қурилган арзон уй-жойлар учун ипотека кредитлари 2 йиллик (2020 йил 1 январдан 1 йиллик) имтиёзли давр билан 20 йил муддатга берилади. Ҳозиргача 6 ойлик имтиёзли давр билан 15 йилгача берилаётган эди.

Арзон уй-жой таснифи

Ўлчами 0,02 га бўлган ерда жойлашган бир қаватли 3 хонали арзон уйлар ва 4 қаватли арзон кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар арзон уй-жой ҳисобланади.

Ипотека кредити миқдори

Ипотека кредити миқдори арзон уй-жой қийматининг 90 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.

Кредит олиш учун юқори ёш чегараси

Бундан ташқари, ипотека кредити 18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади (ҳозирга қадар бундай кредит олиш учун юқори ёш чегараси белгиланмаган).