1 августдан иқтисодиёт ва қонунчиликда нималар ўзгаради?

Онлайн-НКМ, солиқ имтиёзлари, туризм, автомобиль нархлари, УКХ – шу ва бошқа соҳаларда қандай ўзгаришлар кутилаётгани ҳақида Norma.uz шарҳида батафсил билиб олишингиз мумкин. 

Тушумингиз 5 млрд сўмдан ошдими – онлайн-НКМ ўрнатинг 

2019 йил якунлари бўйича йиллик айланмаси (тушуми) 5 млрд сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари 1 августдан онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланишга ўтадилар. Бундай ўтиш чоғида нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида илгари ёзган эдик.

Мавзуга оид қуйидаги амалий тавсияларни ҳам ўқинг:

Солиқ имтиёзлари қисман бекор қилинади

Қуйидагилар 1 августдан бошлаб амал қилмайди:

а) 28.07.2009 йилдаги ПҚ-1166-сон қарорда назарда тутилган қуйидаги муддатга озод қилиш шаклидаги солиқ имтиёзлари:

  • 5 йил муддатга – юридик шахслар тижорат банкларининг депозитларига ва қимматли қарз қоғозларига 1 йилдан ортиқ муддатга жойлаштиришдан олинадиган фоизли даромадлари бўйича солиққа тортишдан; 
  • 3 йил муддатга – лизинг хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар фойда солиғи ва лизинг операцияларидан тушадиган даромадлар бўйича айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан;

б) 06.04.2010 йилдаги ПҚ-1317-сон қарорда назарда тутилган АВ ва НМА бўйича амортизация ажратмаларини ўрнатилган меъёрдан камроқ ҳисоблаш ҳуқуқи – банкрот корхоналар негизида ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектларга, улар янги инвесторларга сотилгунга қадар, бироқ улар давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга.

Алкоголь бозорида – янги қоидалар

2020 йил 1 августдан бошлаб:

  • алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқига рухсат берувчи гувоҳномалар чекланмаган муддатга берилади. Илгари ушбу ҳужжатлар 2 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилар эди;
  • ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишлардаги дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилинган қадоқланмаган табиий вино маҳсулотларига ноль даражали ставка бўйича акциз солиғи солинади;
  • ишлаб чиқарувчилар истеъмол этил спиртининг 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шартларида реализация қилиш ҳуқуқига эга (илгари – 100%).

Карантин даврида туризм қўллаб-қувватланади 

Туризм – пандемиядан энг кўп азият чеккан соҳалардан бири. Шу сабабли 1 августдан бошлаб:

биринчидан, «Очиқ осмон» режимини қўллаш кенгайтирилади:

  • у рейслар сони ва йўналишлари бўйича чекловларни бекор қилган, хорижий авиакомпанияларга бешинчи даражадаги «ҳаво эркинлиги»ни тақдим этган ҳолда – «Андижон», «Бухоро» ва «Урганч» халқаро аэропортларида қўшимча равишда жорий этилади;
  • хорижий авиакомпаниялар ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг мавжудлигидан қатъи назар «Очиқ осмон» режими жорий этилган халқаро аэропортларга доимий қатновларни амалга ошира оладилар. Бунинг учун улар ИКАОнинг учиш хавфсизлиги ва авиация хавфсизлигини таъминлаш бўйича стандартларига мувофиқ бўлишлари шарт;
  • «Очиқ осмон» режими билан аэропортларга қатновларни амалга ошираётган хорижий авиакомпанияларга 3 йил давомида Ўзбекистон резидентлари учун белгиланган тариф ва йиғимлар қўлланилади;

иккинчидан, қуйидагиларнинг харажатларини қоплаш механизмлари жорий этилади:

  • инвесторларнинг – йўловчи ташувчи янги дор йўлларини («Чорвоқ» эркин туристик зонасида ташкил этилаётганлардан ташқари) қуриш ва жиҳозлаш учун – уларни 2023 йил 31 декабрга қадар фойдаланишга топшириш шарти билан ҳар бир 500 м йўл учун 1 млрд сўм. Дастлабки 50 та ана шундай лойиҳа компенсация олиши мумкин;
  • тадбиркорлик субъектларининг – намунавий лойиҳалар бўйича қишлоқ жойларда жойлаштириш воситаларини тез қуриладиган конструкциялар (ўтовлар, контейнерлар, сэндвич панеллар) билан қуриш учун – ҳар бир жой учун 5 млн сўмгача. Шундай типдаги жойлаштириш воситаларининг жойлари сони 50 мингтага етгунига қадар ёки 2023 йил 31 декабргача субсидиялар ажратилади (қайси бирига илгарироқ эришилишига қараб);
  • «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» реестридаги хўжалик юритувчи субъектларнинг – 2020 йил 31 декабрга қадар туризм ва ёндош инфратузилма объектларининг бино ва иншоотларида эпидемияга қарши курашиш профилактик тадбирларини амалга оширишга;

учинчидан, ўзини ўзи банд қиладиган жисмоний шахслар гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчи хизматларини кўрсатишга ҳақли.

Акциз чегирилиб, утилизация йиғими қўшилади 

1 августдан қуйидагиларни мамлакатимизга олиб киришда акциз солиғи бекор қилинади:

  • тракторлар, шатакка олувчи машиналар ва скиддерлар (8701-гуруҳ ТИФ ТН коди);
  • двигатель ҳажми ва сиғими турлича бўлган моторли транспорт воситалари, шу жумладан дизель ва ярим дизеллар (8702-гуруҳ);
  • асосан йўловчи ташишга мўлжалланган енгил автомобиллар ва бошқа моторли транспорт воситалари, шу жумладан юк ва йўловчиларни ташиш учун фургонлар ва пойга автомобиллари (8703-гуруҳ);
  • юк ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари (8704-гуруҳ).

Бекор қилинаётган ставкаларнинг тўлиқ рўйхати – бу ерда.

Айни пайтда 1 августдан утилизация йиғимининг тасдиқланган ставкалари амал қила бошлайди. Бу ҳолда сумма транспорт воситасининг тури, тоифаси ва техник тавсифларига қараб – 30 БҲМдан 1 500 БҲМгача миқдорда белгиланади. Ставкаларнинг тўлиқ рўйхати – бу ерда.

«Норма» экспертининг шарҳини ўқиб, акциз солиғининг бекор қилиниши ва утилизация йиғимининг жорий этилиши автомобиллар қийматига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида билиб олишингиз мумкин. 

Маркировка қилинмаганми – сертификат расмийлаштирилмайди 

Давлат тилида (лотин ёзувида) маркировка қилинмаган истеъмол товарларига 1 августдан бошлаб мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмайди. Ушбу норма бир вақтнинг ўзида қуйидаги рўйхатларга киритилган товарларга тааллуқли:

  • Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари рўйхати;
  • Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхати.

Илгари товарларни импорт режимида божхонада расмийлаштиришда уларнинг давлат тилида маркировкалангани текшириларди. 2018 йил 1 сентябрдан бундай маркировкасиз божхонада расмийлаштиришга рухсат берилди, бироқ талаб сақланиб қолди. Шу сабабли унга риоя этилиши устидан назорат ўрнатишнинг янги тартибини жорий этишга эҳтиёж туғилди.  

Янги механизм қуйидагича ишлайди:

  • товар давлат тилида лотин алифбосида маркировкаланмаган бўлса, унга мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмайди;
  • товарларни сертификатланган маҳсулотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларсиз реализация қилиш савдо қоидаларини бузиш ҳисобланади, бунинг учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Вагонлар ва контейнерлар ҳаракати – назорат остида 

1 августдан темир йўл транспорти ташкилотлари божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни божхона органларига реал вақт режимида беғараз тарзда тақдим этишлари шарт. Бунинг учун ташувчилар ва божхона органларининг ахборот тизимларини интеграциялаш зарур.

«Яшил» энергия ишлаб чиқарувчиларга преференциялар  

Электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станциялари, қуввати 1 МВт гача бўлган микро ва кичик ГЭСлардан кафолатланган тарзда сотиб олиш бўйича тариф II тариф гуруҳи истеъмолчилари даражасида белгиланади. Айни пайтда бу – 1 кВт/с учун 450 сўм (ҚҚСни ҳисобга олганда). Сотиш, тарқатиш ва етказиб бериш харажатлари чегириб ташланади. Норма ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясига ҳам тааллуқли.

Судгача – апелляция кенгаши 

Энди фуқаролар ва ташкилотлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низолар судгача ҳал қилиш бўйича махсус апелляция кенгашлари томонидан кўриб чиқилади. 1 августдан бошлаб улар эксперимент тариқасида ДБҚ, Ергеодезкадастрдавқўм, Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилади. Апелляция кенгашларининг фаолият юритиш тартиби ва уларнинг ваколатлари ҳақида батафсил бу ерда ўқинг.

МИБ ваколатлари қисқартирилади 

1 августдан бошлаб Мажбурий ижро бюросининг қуйидаги вазифалари ва ваколатлари бошқа муассасаларга ўтказилади. Хусусан:

а) Энергетика вазирлигига:

  • электр энергияси ва табиий газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек муқобил энергия манбаларининг жорий этилишини ташкил этиш ва ушбу жараёнлар устидан мониторинг ўтказиш;
  • энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш тизимини комплекс таҳлил қилиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан биргаликда – энергия ресурсларини эҳтиёт қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш юзасидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

б) «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий корхоналарига ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий газ таъминоти ташкилотларига:

  • электр энергияси ва табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш, шунингдек электр энергияси ва табиий газ сотуви ва истеъмолини ҳисобга олиш;
  • тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда – электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш.

Кўп қаватли уйларни бошқариш – янги қонун бўйича 

2019 йил ноябрь ойида кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида янги қонун қабул қилинди. Бироқ у дарҳол амалга киритилмади. Аввал барча янгиликлар амалиётда қандай ишлашини таҳлил қилиш керак эди. 1 майгача қонун ишлашини синаб кўриш учун пойтахтнинг Яккасарой туманида, Жиззах ва Марғилонда ҳуқуқий эксперимент ўтказилди. Унинг якунларига кўра ҳужжат такомиллаштирилишига зарурат бор-йўқлигини ҳал этишлари керак эди. 

Натижада ҳеч қандай тузатиш киритилмади. Тегишинча, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун 1 августдан бошлаб шу кўринишда кучга киради.

Режаларга карантин халал берди… 

2020 йил 1 августдан бошлаб қуйидагиларни ишга тушириш режалаштирилган эди:

  • А.Навоий номидаги ДАКТ ва Бухоро давлат музейида – блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда чипталарни харид қилиш бўйича операцияларнинг ягона электрон тизими;
  • Нукус ва вилоят марказларида – жамоат транспортида йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими.

Бироқ карантин 15 августгача узайтирилди, унинг доирасида, бошқалардан ташқари, оммавий-маданий тадбирларни ўтказиш ва жамоат транспортининг ҳаракатланиши тақиқланди

Айрим соҳаларда пластик карталар орқали килинган тўловлар даромад солиғидан озод этилиши мумкин

2020 йил 27 июльда президент Шавкат Мирзиёев яширин иқтисодиётни қисқартириш, божхона ва солиқ тизими бўйича олиб борилаётган ишлар ва масалалар тугрисида йиғилиш ўтказди. Куйида куриб чикилган масалалар билан кискача танишишингиз мумкин:

  • Тошкент шаҳрида йил охиригача “Инсофли солиқ тўловчи” тизими шакллантириб, намуна сифатида синаб курилади
  • Савдо, умумий овқатланиш, транспорт ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида пластик карталар ва бошқа турдаги контактсиз тўловларни айланма даромад солиғини ҳисоблаш базасига киритмаслик таклифи билдирилди
  • 43 та идоранинг 270 та назорат функциясини танқидий ўрганиб, яширин иқтисодиёт ва коррупцияга сабаб бўлаётган ваколатларини қисқартирилади
  • яширин иқтисодиётни таҳлил қилиш даражасини ошириш максадида халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда бир вилоят мисолида яширин иқтисодиётнинг статистик ҳисоботи жорий этилиши белгиланди.
  • ҳар бир инвестиция лойиҳаси коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиши белгиланди
    • 2021 йилдан бошлаб ушбу тизим марказлашган маблағлар ҳисобига амалга ошириладиган барча лойиҳаларга татбиқ этилади
  • коррупция ва яширин иқтисодиёт рейтинг методикаси ишлаб чиқилади
    • 2021 йилдан бошлаб давлат органлари, корхоналар ва ҳудудларлар рейтинг натижалари эълон қилиб борилади

Божхона масалаларида:

  • Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси импорт товарларининг кириб келиши, божхонадан ўтказилиши ва сотилиши бўйича ягона базасини ишга туширади
  • 2021 йил 1 январдан “Божхона аудити” ахборот тизимини жорий этилади
  • контрабанда ва маҳсулотларнинг божхона қийматини сунъий пасайтириш ҳолатлари устидан божхона назоратини кучайтириш лозимлиги айтилди

Норасмий бандлик юзасидан:

  • Уз-узини банд қилиш тизими соддалаштирилгани натижасида июль ойининг ўзида 184 минг фуқаро расмий секторда иш юрита бошлаган
  • иқтисодиётда банд бўлган 10,5 миллион аҳолининг атиги 4,9 миллиони даромад солиғи тўлаятгани айтилди. олдинрок, иқтисодиёт ва саноат вазири, Ботир Хўжаев хам яширин иқтисодиёт 45-46 фоизни ташкил этишини айтиб утган эди.
  • Курилиш, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида норасмий бандлик даражаси юқорилиги такидланди
  • норасмий фаолият юритаётган субъектларни рағбатлантирувчи механизмлар орқали яширин иқтисодиётдан олиб чиқиш кераклиги айтилди.

Бундай ташкари, кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолияти маъмуриятчилигини соддалаштириш максадида 100 та лицензия ва 34 та рухсатномани қисқартириш, хабардор қилиш тартибига ўтказиш, 14 та ҳужжатни бериш муддатларини 2 бараваргача қисқартириш мумкинлиги айтиб утилди

“Яширин иқтисодиётга қарши курашиш тадбиркорларни жазолаш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш дегани эмас. Бу, айниқса, пандемия даврида катта аҳамиятга эга. Жойларда жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали майда коррупцияга ҳам қатъий чоралар кўриш зарур”

Шавкат Мирзиёев

Кредит янгиликлари ва валюта курсларини телеграм каналимизда кузатиб боринг.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги хузуридаги фонддан имтиёзли кредитлар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида янги иш ўринлари яратилишини рағбатлантириш фонди янги иш ўринлари яратилишини таъминлайдиган кичик лойиҳалар учун имтиёзли микрокредитлар ажратмоқда.

Агробанк билан хамкорликда бериладиган кредитлар куйидаги шартлар асосида ажратилади:

  • 3 йилгача муддатга
  • 6 ой имтиёзли давр билан
  • Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бўйича (15%)
  • Базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробаригача (111 500 000 сум)

Кредит ажратиладиган йуналишлар:

  • хизмат кўрсатиш соҳасида, маиший, таъмирлаш, таълим, тиббиёт, ахборот-коммуникация ва бошқа соҳаларда ишлайдиган корхоналарни ташкил этиш ва жиҳозлаш учун
  • аёлларнинг хунармандчилигини ривожлантириш учун

Кушимча маълумотларни Тошкент шахар хокимлиги сайти, Агробанк алока маркази +998 (71) 202-80-08 ва Янги иш ўринлари яратилишини рағбатлантириш жамғармаси телефонлари +998 (71) 239-41-36 оркали олишингиз мумкин.

Кредит янгиликлари ва валюта курсларини телеграм каналимизда кузатиб боришингиз мумкин.

Миллийбанкдан юридик шахслар учун йиллик 21%

«Миллий банк» АЖ ташкилотларнинг фаолияти билан бевосита боғлиқ ҳаридларни молиялаштириш учун қисқа ва узоқ муддатли кредитлар таклиф килади:

Муддати: 

  • мева-сабзавот махсулотлари етиштирувчи корхоналарга:
    • музлаткичли омборхона, иссикхона ускуналари учун – 7 йилгача (24 ойгача имтиёзли давр)
    • айланма маблагни тулдириш учун – 18 ойгача (6 ойгача имтиёзли давр)
  • колган фаолият турига караб 3 йилгача

Суммаси: ҳисоб-китобга асосан

Фоиз ставкаси:

  • Миллий валютада:
    • Ишлаб чиқариш фаолияти учун: 21%
    • Савдо фаолияти учун: 21%
    • мева-сабзавотчилик учун: 21%
  • Хорижий валютада:
    • ҳар бир лойиҳа бўйича индивидуал белгиланади, 8% гача

Туликрок маълумотни банк сайтителеграм канали ёки (998) 78 148-00-10 ракамлари оркалиолишингиз мумкин

Кредит янгиликлари ва валюта курсларини телеграм каналимизда кузатиб боришингиз мумкин.

500 ва 200 сумлик купюралар муомаладан чикарилади

2020 йил 1 июлдан :

  • 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик
  • 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик

банкнотлар қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.

Эски намунадаги купюралар 2020 йил 1 июлга қадар барча тижорат банклари бўлинмалари, 2020 йил 1 июлдан кейин эса Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан қабул қилинади.

Ушбу пуллар каъбул килинишида кушимча йигин ва чекловлар кулланилишига йук куйилмайди.

Марказий банк сайтида «Шу муносабат билан, эски намунадаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотларингиз мавжуд бўлса, белгиланган тартибда муомаладаги пул белгиларига алмаштириб олишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз» дея хабар беради

Тошкент шаҳрида тадбиркорларнинг ер олиш тартиби ўзгарди

Ўтган йилнинг  августидан Тошкент шаҳрида тадбиркорларга эксперимент тариқасида тўғридан-тўғри музокаралар орқали ер бериш тартиби жорий қилинган эди.

2018 йилнинг августидан 2019 йилнинг августигача 1 йил давомида 775 та лойиҳа муҳокама қилиниб, ижобий хулоса олинди. 775 нафар тадбиркорга ер ажратиш бўйича қарор қабул қилинди. 2019 йилнинг август ойида эксперимент тугади ва октябрдан тадбиркорлик учун ер олиш аукцион орқали амалга ошириладиган бўлди. Ҳозир бу борада ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Бу янги тажриба бўлиб, бундай амалиёт аввал қўлланилмаган. Тошкент шаҳридаги ерлар очиқ аукционга қўйилади.

Тадбиркорлик қиламан, ер керак деган тадбиркор ҳокимиятга, ягона дарчага ва бошқа ташкилотларга боришининг ҳожати йўқ. Эндиликда уйида ўтирган жойида e.ijro auksion.uz порталига кириб, рўйхатдан ўтиб, ер олиш имконияти мавжуд, – деб хабар бермоқда шахар хокимияти.

Аукционда ер сотишдан тушган маблағлар бузилишга тушган хонадонлар ёки бинолар эгаларига компенсацияси сифатида сарф қилинади

Аукционда ер сотишдан тушган маблағлар махсус жамғармага жамланади ва бу фонд давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер майдонлари зарур бўлганда бузилишга тушган хонадонлар ёки бинолар эгаларига етказилган зарарни қоплаш учун, компенсацияси сифатида сарф қилинади. Яқин кунларда аукционга ерлар чиқарилиши бошланади. Фақат аукционда иштирок этиш истагнини билдирсангиз, ҳисоб рақамингизга кафолат суммаси қўйишингиз керак. Ғолиб бўлсангиз у сумма инобатга олинади, ғолиб бўлмасангиз қайтариб берилади.

Пойтахда 86 та бўш турган биноларни аниқланган

Шунингдек, Тошкент шаҳрида бўш бинолар бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар пойтахда 86 та бўш турган биноларни аниқланган. Бу давлат мулки бўлган бинолардир. Уларнинг 73 тасини ишлаб чиқариш ва тадбиркорликка жалб этиш масаласи ҳал қилинган.

Ишчи гуруҳнинг август ойида яна хатлови натижасига кўра яна 35 та объектлар аниқлангна. Ҳозирги кунда давлат мулки ҳисобланган 48 та объектлар бўш. Агар вазирлик ва бошқа идоралар улардан мақсадли фойдаланмаса ҳамда тегишли чораларни кўрмаса, улар ҳокимият балансига ўтказилади ва аукционга қўйилади.

Ўзбекистонда бизнесга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жудаям кўп

Фото dynamicbusiness.com.au

Mонополияга қарши курашиш қўмита раиси Нажмиддинхўжа Шарипов маъмурий ва тартибга солувчи ҳужжатларнинг бизнесга таъсири хақида маълум қилди.

Ўзбекистонда бизнес учун маъмурий юк жуда катта. Ҳозирги кунда бу борада 45 мингга яқин меъёрий-техник ҳужжатлар мавжуд. Mонополияга қарши қўмитаси уларнинг сонини камайтиришни режалаштирмоқда Бу хақда togri.uz  хабар қилди

Tехник ҳужжатлар сони 40 мингдан ортиқ

Қўмита раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирги кунда республикада бизнесга бевосита таъсир кўрсатувчи 500 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 40 мингдан ортиқ техник ҳужжатлар мавжуд.

“Бу жуда кўп, ҳатто тартибга солиш органларининг ўзи ҳам норматив ҳужжатларнинг кўплиги сабабли чалкашиб кетган. Бу ўз навбатида, коррупцияга олиб келади. Энди биз уларни камайтириш чоралари устида ишламоқдамиз,” деган Шарипов.

Лицензиялаш ҳужжатлари ҳам жуда кўп

Aйрим тадбиркорлик фаолиятини лицензиялашда юқори маъмурий юк кузатилмоқда. Энди лицензия олиш учун зарур бўлган йўналишлар сони 51 тагача қисқартирилди. Aммо ҳозирда лицензиялаш ҳужжатларининг сони 355 тани, рухсатномалар сони эса 141 тани ташкил этади.

Ялпи ички маҳсулотнинг 70 фоизини давлат корхоналари ишлаб чиқаради

Mонополияга қарши қўмита раҳбари, шунингдек, иқтисодиётни ҳаддан ташқари давлат томонидан тартибга солишнинг зарари ҳақида ҳам гапирди. Унга кўра, бугунги кунда мамлакатда устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган 4100 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

“Ўтган йилги ялпи маҳсулотнинг қарийб 70 фоизи давлат улушига эга корхоналарга тўғри келади. Бу жудаям кўп”, деган Шарипов.

Давлат корхоналарида ресурслардан фойдаланиш имконияти яхши

Хусусан, бугунги кунда мамлакатда 1800 га яқин давлат унитар корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Улардан баъзилари монополиялардир. Қолган қисми хусусий бизнес билан рақобатлашади.

“Албатта, улар турли хил манбалардан яхшироқ фойдаланиш имкониятига эга. Aввало, улар маъмурий ресурсга эга. Шу сабабли, баъзи бозорларда тенгсизлик кузатилмоқда. Бизнинг мақсадимиз – бозорлардаги рақобат ва бозорнинг барча иштирокчилари учун ресурслардан тенг фойдаланишни таъминлаш”, дейди Шарипов.

Шу мақсадда қўмита давлат корхоналарининг преференция, имтиёзлари ва мутлақ ҳуқуқларини қисқартиришни ва умуман иқтисодиётда давлатнинг бевосита иштирокини камайтиришни режалаштирмоқда.

Ҳукумат доим ҳам қўмитага қулоқ солмаяпти

Қўмита раҳбарининг сўзларига кўра, қўмита томонидан кўриб чиқилган меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларининг 80 фоизга яқини рақобатни чекловчи қоидаларни ўз ичига олган. Уларнинг баъзилари қўмитанинг салбий хулосасига қарамай қабул қилинган.

Адлия вазирлиги :“Тадбиркорни ҳомийликка мажбурлама!”

Адлия вазирлиги “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳаси  доирасида  “Тадбиркорни ҳомийликка мажбурлама!” акциясини бошланганини эълон қилди..

Мазкур лойиҳа доирасида “Тадбиркорни ҳомийликка мажбурлама!” шиори остида тадбиркорларни ноқонуний ҳомийлик ишларига жалб қилишга қарши акция эълон қилинди. Ушбу акция октябрь ойи давомида ўтказилади.

Акция доирасида ижтимоий тармоқлар орқали ҳамда ҳудудий адлия органлари томонидан республиканинг барча ҳудудларида сўровлар ўтказиш, шунингдек, ноқонуний ҳомийликнинг барча кўринишларига қарши зарур чора-тадбирларни кўриш режалаштирилган.

Шунингдек, ушбу Акция орқали тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига мажбурий жалб қилиш, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш ҳолатларини аниқлаш бўйича сўровлар ўтказилади.

Сўровномада аноним равишда ёки шахсингизни кўрсатган ҳолда иштирок этишиш мумкин. Шахсини кўрсатган иштирокчиларнинг тадбиркорлик ҳуқуқларини тиклаш юзасидан зарур чоралар кўрилади.

Сўровномада қуйидаги ҳавола орқали иштирок этишингиз мумкин: http://bit.ly/2lSYnc5

Бундан ташқари, мазкур ҳолатларга барҳам бериш мақсадида тадбиркорларнинг ноқонуний ҳомийликка жалб қилишнинг ҳар қандай кўриниши юзасидан @tadbirkor_adliyabot ёки 1008 рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.

Тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-4-моддасида  ҳамда Жиноят кодекси 192-4-моддасида  жавобгарлик белгиланганлини хам Адлия вазирлиги эслатиб ўтди.

Тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганларга субсидия берилади

Regulation.gov.uz порталида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш имконияти чекланган аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламларини қўллаб- қувватлашнинг янги воситаларини киритишни кўзда тутувчи қарор лойихаси қўйилди.

Лойиха муаллифи –  Молия вазирлиги. Ушбу ҳужжат Президентнинг 13.08.2019 йилдаги № 5780 – сон Фармонини ижросини таъминлаш  доирасида ишлаб чиқилган.ПФ -5780 билан танишиш учун бу ерга қаранг.

Қарор лойиҳасида нималар таклиф қилинмоқда?

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш имконияти чекланган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ва номолиявий қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги янги воситаларини таклиф қилинмоқда:

  • тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини ўргатиш;
  • талаб бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича ўқитиш;
  • тадбиркорларни қонунчилик, янги технологиялар ва маҳсулотлар, бозорлар ва бошқа долзарб масалалар бўйича номолиявий қўллаб-қувватлаш (бепул телефон ва онлайн-маслахат хизматлари, ўқув марказлари, бизнес – инкубаторлар, ахборот хизматлари ва бошқалар)

“Микрокредитбанк” АТБ  ва “Халк банки” АТБлари Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини молиявий қўллаб қувватлайди. 2020 йилнинг 1 январидан Жамғарма томонидан қуйидаги субсидия маблағлари ажратилиши қўзда тутилмоқда:

касб ва мутахассисликлар бўйича ўқитиш йўналишида ҳар бир фуқаро учун бир ойга:

  • ўқитиш харажатларига – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари ;
  • ўқитиш жараёнида ётоқ ва озиқ овқат билан таъминлашга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида;

тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини ўргатиш йўналишида ўқитиш жараёнида ётоқ ва озиқ овқат билан таъминлаш харажатларига – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида;

тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқа харажатларига ҳар бир фуқаро учун бир марталик- базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 10 бараваригача миқдорида.

Карор ижроси учун маъсуллар

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Агентлик – талаб бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича ўқитиш йўналишига;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Агентлик – тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини ўргатиш ҳамда тадбиркорларни қонунчилик, янги технологиялар ва маҳсулотлар, бозорлар ва бошқа долзарб масалалар бўйича номолиявий қўллаб-қувватлашни (бепул телефон ва онлайн-маслахат хизматлари, ўқув марказлари, бизнес-инкубаторлар, ахборот хизматлари ва бошқалар) ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари –  2019 йил 1 октябрга қадар маҳаллий бюджетда қўшимча манбалардан шаклланган маблағлар ҳисобидан Савдо-саноат палатасининг туман ва шаҳар тадбиркорликка кўмаклашиш марказларини бино ва иншоотлар ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминлаш.

Қарор лойихаси муҳокамаси 12.09.2019 гача давом этади.