Грин карт анкетасини тўғри тўлдириш сирлари

Грин Карта дастурига иштирок этмоқчи бўлганлар учун 2020-йилнинг 7-октябрдан dvprogram.state.gov сайти орқали мустақил ариза тўлдириш имкониятлари яратилди. Ариза тўлдираётганда айнан нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида яқиндан танишиб олсак.

Биринчидан, анкета тўлдиришга фақатгина 30 дақиқа ажратилганлиги сабабли, қуйидагиларни аниқлаштириб олинг.

  • Хорижга чиқиш паспортингиз мавжудлиги;
  • Электрон сурат нусхаси;
  • Почта индексингиз;
  • Электрон почтангизнинг мавжудлиги;
  • Янги браузерингиз ва интернет барқарор ишлаётганига ишонч ҳосил қилинг.

Мавзуга оид: хорижий сафар учун паспорт олиш тартиби қандай?

Анкета саволларини тўлдиришда ас қотадиган маслаҳатлар:

1. Last/Family Name – фамилия; First Name – исм. Middle Name – иккинчи исм, бу ўзбекистонликларга тааллуқли эмас, шу сабаб No Middle Name дея белгилаш лозим.

2. Жинсингизни кўрсатингMale – эркак; Female – аёл.

3. Туғилган сана (рақамларда киритилади): Month – ой, Day – кун, Year– йил. Эътибор беринг, биринчи бўлиб ой ёзилади.

4. Сиз туғилган шаҳар. Шаҳар ёки аҳоли пунктининг номи лотин алифбосида, «тумани», «шаҳри» каби сўзлар киритилиши лозим.

Агар туғилган шаҳрингиз номаълум бўлса, Birth City Unknown (Туғилган шаҳри маълум эмас) катакчасини белгиланг.

5. Сиз туғилган мамлакат. Рўйхатдан Ўзбекистонни танлаймиз (Uzbekistan).

6. Олтинчи банд туғилган давлати лотереяда қатнашадиган давлатлар рўйхатида бўлмаган шахслар учун. Ўзбекистон фуқароларига катак автоматик тарзда белгиланади.

7. Паспорт маълумотлари. 1-банддаги каби исм ва фамилиянгизни киритиб, No Middle Name катагини белгилайсиз.

  • Passport Number – хорижга чиқиш биометрик паспортингиз серия ва рақами;
  • Passport Expiration Date – паспортнинг амал қилиш муддати (ой, кун, йил тартибида);
  • Country/Authority of Issiance – паспорт Ўзбекистон томонидан берилган.

Фуқаролиги бўлмаган шахслар 7-банднинг «B» қисми катакчасини белгилаб, биринчи вариантни (Stateless – фуқаролиги йўқ) танлашлари керак бўлади.

8. Фотосурат. Ўзингизнинг охирги 6 ой ичида тушган суратингизни жойланг. (фото JPEG форматда, максимал 240 КБ ҳажмда, ўлчами 600×600дан 1200×1200гача пиксел оралиғида, 24 бит ранг чуқурлигида бўлиши лозим);

Сурат талаблари ҳақида қуйидаги манба орқали билиб олишингиз мумкин.

9. Почта манзили. 

  • In Care Of – бу ерга почта манзилидаги шахснинг исми ва фамилияси ёзилади. Унга ўзингизнинг исм-фамилиянгизни ёзсангиз ҳам бўлади.
  • Address Line 1 – ушбу бандда кўча номи, уй ва хонадон рақами кўрсатилади. Жой ёки кўча номи биринчи қаторга сиғмаган тақдирда уни Address Line 2 ёзишингиз мумкин.
  • City/Town – яшаш жойининг номи.
  • District/Country/Province/State – туман / ўлка / вилоят / округ (штат) номи.
  • Postal Code/Zip Code– почта индекси. Агар сиз яшайдиган жойнинг почта индекси бўлмаса, No Postal Code/Zip Code катакчасини белгилаб қўясиз.

Почта индексингизни қуйидаги файл орқали билиб олишингиз мумкин.

10. Country Where You Live Today – Сиз ҳозир яшаётган мамлакат.

11. Phone Numer –телефон рақамингизни халқаро форматда (+998901234567) киритиш лозим.

12. E-mail. Биринчи қаторга электрон почта манзилингизни, иккинчи қаторга шу манзилни қайтадан кўчириб ёзинг.

13. Бугунги кун ҳолатига сиз эгаллаган таълимнинг энг юқори даражаси қайси? Кўрсатилган вариантлардан бирини танлаш лозим.

• Primary school only – фақат бошланғич мактаб
• High School, no degree – ўрта мактаб, лекин шаҳодатномаси йўқ
• High School, degree – ўрта мактаб, шаҳодатномага эга
• Vocational School – касб-ҳунар коллежи
• Some University Courses – тўлиқсиз олий (бакалавриат талабалари шу бандни танлашади)
• University Degree – олий маълумот (бакалавр даражасига эга фуқаролар учун)
• Some Graduate Level Courses – бир қанча магистратура даражасидаги курслар (магистратура талабалари шу бандни танлашади)
• Master’s Degree – магистр даражаси
• Some Doctorate Level Courses – Тугалланмаган аспирантура/докторантура (аспирантура ва докторантура тадқиқотчилари шу бандни танлашади)
• Doctorate Degree – докторант даражаси

14. Оилавий ҳолатингиз. Кўрсатилган вариантлардан бирини танлаш лозим.

  • Unmarried – Ҳеч қачон турмуш қурмаганман.
  • Married and my spouse is NOT a U.S. citizen or U.S. Lawful Permanent Resident (LPR)  – Оила қурганман, турмуш ўртоғим АҚШ фуқароси эмас ёки АҚШда яшаш ҳуқуқига эга эмас.
  • Married and my spouse IS a U.S. citizen or U.S. Lawful Permanent Resident (LPR) – Оила қурганман, турмуш ўртоғим АҚШ фуқароси ёки АҚШда яшаш ҳуқуқига эга.
  • Divorced – Ажрашганман.
  • Widowed – Турмуш ўртоғим вафот этган.
  • Legally Separated – МДҲ давлатларида Legally Separated ҳолатининг юридик асоси йўқ, шу боис бу бандни белгилаш суҳбат жараёнида аризани рад этишга сабаб бўлиши мумкин.

15. Number of Children – фарзандлар сониБу ерга 21 ёшга тўлмаган барча фарзандларингиз сонини кўрсатасиз. Ушбу бандга фарзандларингиз сонини рақам билан ёзилиб, бўлмаган тақдирда ноль рақами киритилади.

Эслатиб ўтамиз, агар бандларда турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингиз кўрсатилган бўлса, аризанинг иккинчи қисми очилади. Иккинчи қисмда уларнинг маълумотларини юқоридагидек тўлдирилиб борилиши шарт

Барча жараёнлар тугаганидан сўнг, Continue тугмаси босилади. Шунда сизга аризангизни яна бир кўздан кечириш учун имкон яратилади. Барчаси жойида эканига ишонч ҳосил қилганингиздан сўнг, яшил рангли Submit тугмасини босишингиз мумкин.

Кейинги саҳифада натижа текшириш коди жой олганлиги сабабли уни дарҳол расмга олиш ёки чоп этишингизни маслаҳат берамиз.

Лотерея натижалари 2021 йил 8 май куни dvprogram.state.gov сайтида эълон қилинади.

Ҳамма грин-карта ғолиблари ҳам виза ололмаслиги ростми?