2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонга Евросиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи-давлат мақоми тақдим этилади.
Бу ҳақида Россия Федерация саноат ва савдо вазирлиги департаменти бошлиғи Михаил Анисимов 1-декабрда бўлиб ўтган «Россия-Ўзбекистон саноат мулоқоти: янги лойиҳалар ва ҳамкорлик» онлайн-конференциясидаги қилган чиқишида хабар берди. Ҳозирда ЕОИИ кузатувчи мақомини Молдова мамлакати эгаллаб турибди.
Ушбу йилнинг 24 январида Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган мурожаатида ушбу сўзларни келтирган эди: «Биз, албатта, ушбу жиддий масалада, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг хоҳиш-иродасига таянамиз». Президентимиз гап аъзоликда ҳам эмас, ҳамкорлик тўғрисида кетаётганлигини таъкидламоқда.
Шу муносабати билан 6 – март куни Вазирлар Маҳкамасида мамлакатнинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги юзасидан олиб борилган таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишлари якуни бўйича тегишли хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига киритиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Ҳукумат ЕОИИга кузатувчи-давлат сифатида қўшилишга қарор қилди.
26 март куни парламентда ЕОИИ билан ҳамкорликни таҳлил қилиш учун барча партиялар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди.
Апрел ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон кузатувчи-давлат мақомида ЕОИИ билан ҳамкорлик қилишини овозга қўйган эди. Овоз беришда қатнашган 132 депутатдан 86 нафари буни ёқлаган бўлса, 32 нафар депутат қарши чиқишди, 14 нафари эса бетарафликда қолишди.
Май ойида эса ушбу масала Сенат томонидан тасдиқланди. 71 сенатор ЕОИИ кузатувчиси бўлишни ёқлаб овоз берган бўлса, 16 сенатор қарши чиқди, юқори палатанинг 4 аъзоси бетараф қолди.