«Мажбурий суғурта турлари тўғрисида» ги Қонун лойиҳаси муҳокама учун нашр этилди.
Қонун лойиҳаси транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш бўйича тўловларни кафолатлаш фонди томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳада мажбурий суғурта турлари бўйича қўлланилиши лозим бўлган асосий қоидалар белгиланган.
Қонун лойиҳасида қуйидаги мақсадлар кўзда тутилган:
- мажбурий суғурта соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш;
- мажбурий суғуртани барқарор ривожлантириш;
- мажбурий суғурталашни амалга оширишда илғор инновацион технологиялардан фойдаланиш;
- суғурта соҳасининг жамият учун фойдалилиги ва ишончлилигини таъминлаш;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг суғурталанишга қизиқишини таъминлаш;
- суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назоратни кучайтириш;
- мажбурий суғурта соҳасида рақобат, ҳалоллик ва шаффофликни ривожлантириш.
Ҳужжат қуйидаги мажбурий суғурталаш турларини ўз ичига олади:
- иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигинининг мажбурий суғуртаси;
- транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигинининг мажбурий суғуртаси;
- ташувчининг фуқаролик жавобгарлигинининг мажбурий суғуртаси;
- хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигинининг мажбурий суғуртаси;
- объектларни давлат маблағлари ва ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига барпо этишда қурилиш таваккалчиликларини мажбурий суғурта қилишдан иборат.
Лойиҳага мувофиқ, мажбурий суғурта қонунда кўрсатилган шахснинг бошқа шахслар олдида фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш ёки давлат маблағлари ва ҳукумат томонидан кафолатланган кредитлар ҳисобига объектларни қуриш пайтида қурилиш хатарларини суғурталаш мажбуриятидир.
Ушбу Қонун мажбурий давлат суғуртасини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилмайди.
Қонун лойиҳасида мажбурий суғурталашнинг қуйидаги умумий тамойиллари назарда тутилган:
- оммавийлик – суғуртани амалга ошириш мажбурияти жисмоний ва юридик шахсларнинг катта қисмига тегишли бўлиши ёки мажбурий суғурта бўйича суғурта ҳодисаси содир бўлиши оқибатларидан жисмоний ва юридик шахсларнинг катта қисмини манфаатларини ҳимоя қилиниши;
- умумийлик – суғурталаш жараёнида иштирок этган барча тарафлар Қонунда белгиланган талабларга риоя қилишлари шарт;
- мажбурийлик – суғурта қилдирувчи ушбу Қонунда белгиланган шартлар асосида ва тартибда мажбурий суғуртан амалга ошириши шарт;
- суғурта инфратузилмасини яратиш;
- бир хиллик – суғурта жараёни қайси республика ҳудудида амалга оширилаётганидан қатъи назар, қонун билан белгилан тартибда олиб борилади;
- мажбурий суғурта бўйича жабрланувчиларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига мажбурий суғурта бўйича етказилган зарарни қоплаш, ушбу Қонунда белгиланган тартибда кафолатланади.
Шунингдек, Қонун лойиҳасида мажбурий суғурта шартномаси тариф ставкалари, коэффициентлари ва суғурта полисилари тўғрисидаги тартиб ва қоидалар келтирилган.
Ижара шартномасини расмийлаштириш учун қайдан тўловлар белгиланган?