Микроқарз – банклар ва микрокредит ташкилотлари томонидан молиявий қийинчиликларга учраган жисмоний шахсларга тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида тақдим этилади.
Микроқарз Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида нақд ёки банк картасига пул кўчириш орқали тақдим этилади. Шунингдек, банк картаси дебет ёки кредит картаси бўлиши мумкин.
Микроқарзнинг миқдори 50 млн. сўмдан ошмаган ҳолда, қарздонинг тўлов қобилиятига келиб чиқган ҳолда берилади.
Шу билан бирга, банк томонидан банк картасига маблағларни ўтказиш орқали бериладиган микроқарзнинг асосий хусусиятлари қуйидагича:
- ҳар бир киши учун унинг ўртача ойлик даромади, кредит тарихи, ва бошқа омиллар асосида алоҳида ҳисобланиб банк томонидан белгиланган лимит доирасида тақдим этилади;
- фоизлар рухсат этилган лимит эмас, фақат ҳақиқатда ишлатилган маблағлар бўйича ҳисобланади;
- қарзнинг ўз вақтида қайтарилиши кредит хизматини қайта тиклаш имконини беради.
Шу билан бирга, микроқарзнинг лимити дебет картаси учун овердрафт шаклида очилиши мумкин. Бунда карта истеъмолчига ўз ва қарз маблағларини ишлатиш имконини беради. Шунингдек, овердрафт банклар томонидан чиқарилган дебет карталари асосан иш ҳақини тўлаш ёки пенсияни ўтказиб бериш учун берилади. Дебет картасига маблағларни ўтказиш йўли билан берилган микроқарзнинг сўндирилиши автоматик (банк қарз суммасини маблағлар карта ҳисобига тушганда ечиб олади) тарзда содир бўлади.
Микроқарзни қандай олиш мумкин?
Микроқарз банк томонидан тақдим этилаётган шартлар асосида расмийлаштирилади.
Ипотека банкдан микроқарз таклифи
Кредит олиш учун топшириладиган ҳужжатлар:
- кредит олувчиларнинг аризаси;
- паспорт нусхаси;
- иш жойидан сўнгги 12 ой давомида олинган даромадлар ёки пенсия миқдори тўғрисида маълумотнома;
- кредит таъминоти ҳужжатлари.
Таъминот турлари:
- юридик ва жисмоний шахсларнинг кафиллиги;
- банк ёки суғурта ташкилотининг кафолати;
- суғурта ташкилотининг суғурта полиси;
- бошқа турдаги кўчар ва кўчмас мулк гарови;
Шу билан бирга микроқарз бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинишига таъсир этувчи омиллар:
- ижобий кредит тарихи;
- доимий даромад манбаининг мавжудлиги;
- етарли таъминотни таъминлаш;
- керакли ҳужжатларни тўлиқ тақдим этиш.
Шунингдек, ҳозирда масофадан туриб онлайн микроқарзларни расмийлаштириш имкони мавжуд.