2020-йилнинг 26-декабрида Вазирлар Маҳкамасининг «Қурол муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 810-сонли қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда юридик шахслар ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқароларининг қурол-яроқ ва унинг ўқ-дориларидан фойдаланишга рухсат беришга доир талаблар ва шартларни назорат қилиш тартибини назарда тутувчи низомлар тасдиқланди.
Ушбу қарор кучга кирганидан сўнг 3 ой мобайнида «Қурол тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ юридик ва жисмоний шахслардаги мавжуд пневматик қуроллар ички ишлар органларида рўйхатга қўйилади.
Асосий талаблар ва шартлар қуйидагилардан иборат:
- фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, шунингдек, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонун ва норматив ҳужжатларга, ёнғинга қарши, экология, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилишини таъминлаш;
- қурол ва унинг ўқ-дориларининг бут сақланишини таъминлаш;
- «Қурол тўғрисида»ги Қонуннинг 7 ва 9-моддалари бузилишига йўл қўймаслик;
- қуролнинг индивидуал, унинг ўқ-дориларининг эса жамланма ҳисобини юритиш, уларнинг мавжудлигини, кирим-чиқими ҳамда фойдаланиш учун бериш ва қабул қилиб олишни назорат қилиб бориш, шунингдек, бухгалтерия ҳужжатларини 10 йил мобайнида сақлаш;
- қурол фаолиятини амалга оширираётган ходимлар орасида 18 ёшга тўлмаган, шунингдек доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахслар бўлмаслигини таъминлаш.
Фуқаровий, хизмат ва коллекциялаш қуроли ва унинг ўқ-дориларини олиш бўйича:
- мамлакат ҳудудида қурол ва унинг ўқ-дориларини фақат уларни реализация қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар орқали олиш;
- қурол ва унинг ўқ-дорилари олингандан (ёки реализация қилингандан) сўнг 10 кун муддатда рухсатномани расмийлаштириш учун ҳужжатларни тақдим этиш;
- жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш учун зарур моддий-техник базанинг ва ускуналарнинг мавжудлиги;
- ўрнатилган сигнализация воситалари Миллий гвардиянинг техник қўриқлаш марказига уланишини таъминлаш ва бошқалар.
Шунингдек, Низомда рухсатномаларни расмийлаштириш схемаси, тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ва уларни беришни назорат қилиш, рухсатномалар реестрини юритиш тартиби белгиланган.
2021 йил 1 февралдан бюджет ташкилоти ходимларининг ойликлари 10% га оширилади.