Телеграм каналимиз

Стипендия нархи оширилди, энди контракт ҳам кўтариладими?

Давлат гранти кўринишида ўқийдиган талабаларнинг стипендияси 10 фоизга оширилади. Контрактлар нархи ҳам ошириладими?

2021 йил 1 февралдан бошлаб стипендиялар базавий миқдорнинг 1,1 баровари, яъни 42 минг 800 сўмга оширилиб, 470 минг 800 сўм миқдорида берила бошланади.

Бундан ташқари, агар давлат грантида ўқийдиган талаба семестр якунида барча фанларнинг рейтинг кўрсаткичида 86 ва ундан юқори балл тўпласа, талаба стипендиясининг базавий миқдори 20%га оширилган ҳолда 564 минг 960 сўм миқдорида тақдим этилади.

Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдори ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 10 фоизга кўтарилиши ҳаммага маълум.

Бу ўз навбатида, тўлов-контракт нархлари миқдори ошишига олиб келиши керак эди. Бироқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган брифингда пандемия шароитида тўлов-контракт асосида ўқиётган оилаларга енгиллик яратиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида контракт нархлари ўзгартирилмаслиги ҳақида маълумот берилди.

Ушбу вазиятда стипендияли тўлов-контрактни танлаган талабаларнинг икки йўли бор:

  • 5 млн 136 минг сўм тўлов асосида 428 минг сўмли стипендия олиш;
  • 299 минг 600 сўм қўшимча тўлов қилиб 470 минг 800 сўмли стипендия олиш.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, тўлов-контракт асосида ўқаётган талабаларда ҳам 20 фоиз, яъни 94 минг 160 сўм миқдорида қўшимча рағбатлантириш олиш имкони мавжуд. Бунинг учун талаба ҳамма фанларни “5” баҳога якунлаши керак бўлади.

Телеграм каналимиз