Телеграм каналимиз

Ишсизлик нафақаси бериш тартиби ўзгарди

«Янги таҳрирдаги «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунга кўра ишсизлик нафақасини тўлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди.

Эски тартибга кўра, илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётган фуқароларга ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр учун 13 ҳафта мобайнида тақдим этилган бўлса, эндиликда ишсизлик нафақаси барча тоифадаги ишсиз шахсларга 26 ҳафта давомида тўланиши белгиланди.

Янги тизимга асосан ишсизлик нафақалари қуйидагича тўланади:

  • Ишдан ва иш ҳақидан сўнгги 12 ой давр ичида маҳрум бўлган шахсларга — аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи. Ушбу ҳолатда сумма меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаган ҳолда, нафақани ҳисоблаш пайтидаги ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • Ишдан ва иш ҳақидан 1 йилдан ортиқ маҳрум бўлган фуқароларга — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баробари миқдорида (2021 йил 1 февралдан 747 300 сўм);
  • Илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахслар учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизи миқдорида.

Аҳоли бандлиги вазири Нозим Хусанов сўзларига кўра 1998 йилги «Иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолатини акс еттира олмайди. Сўнгги 22 йил мобайнида Ўзбекистон меҳнат бозори жиддий ўзгаришларга дуч келди, хусусан, ишчилар сони 1,5 бараварга ошган бўлса (8,8 миллиондан 13,5 миллион кишига), иш берувчилар сони 4,5 бараварга ўсган.

Шунингдек, қонуннинг аввалги таҳририда амалда қўлланмайдиган норма ва қоидалар мавжуд. Янги нашр орқали меҳнат бозорини тартибга солишнинг янги воситаларини қўлланилади. Бундан ташқари тадбиркорликни ривожлантириш, ўз-ўзини иш билан таъминлаш, ишсизларни касб-ҳунарга ўргатиш, ўқитиш, иш тажрибасини қайд этиш учун ахборот тизимларидан фойдаланиш тартиблари мукаммалаштирилади.

Мазкур чоралар натижасида иш қидириш даврида фуқаролар моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади ва 80 мингга яқин ишсизларга нафақалар тайинланади.

Телеграм каналимиз