“Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонига мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб ипотека кредити бўйича субсидия бериш тартиби соддалаштирилди.
- аризалар йил давомида топширилиши мумкин;
- субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин;
- истеъмолчининг ҳужжатлари “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали олинади;
- уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарнома улар берилган вақтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади.
Бундан ташқари, муҳтож фуқароларни уй-жой билан таъминлаш, ҳамда хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун 1 000 та квартира сотиб олинади.
Бошпанасиз ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга ижара харажатлари бир қисми қопланади. Бу қуйидаги тартибда кечади: субсидиялар ижара ҳақининг 50%ни 6 ой мобайнида тўланади. Ушбу тизим 2021 йил 1 июндан Тошкент шаҳрида тажриба сифатида қўлланилади.
Фармонга кўра, “Халқпарвар” комиссиялари ташкил этилиб, улар зиммасига компенсация, субсидиялар ва давлат томонидан тақдим этиладиган бошқа имтиёзларни адолатли тақсимлаш бўйича чора-тадбирлар юклатилди.
Шунингдек, аҳолига қулай шаклда маълумотларни етказиш учун 2021 йил 1 майгача ипотека бозори веб-портали ишга туширилади.