Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти қандай ҳолатларда нақд пуллар яроқсиз ҳисобланиши ва пул муамоласида қабул қилинмасилиги ҳақидам маълумот берди.
Қандай пуллар тўловга яроқли ҳисобланади ва қабул қилинади?
Шикастланиш тури ва жойлашишидан қатъи назар, банкнот тўлиқ ҳажмининг 55 фоизидан кам бўлмаган қисми сақланиб қолинган пуллар яроқли ҳисобланади. Жумладан:
- ҳар қандай қисмида тешик ёки йиртилишлар, сийқаланишлар, доғлар, ёзувлар мавжуд бўлган пуллар;
- йиртилган ва елимланган пуллар;
- бўёқ моддалари ва кислота тўкилган, табиий ранги ўзгарган, куйган, бўялган ёки чизилган пуллар ҳам.
Бир-бирига елимланган пуллар яроқли ҳисобланадими?
Агарда елимланган банкнот қисмлари битта банкнотга тегишли бўлса, яъни серия, рақамлари бир хил бўлганда “яроқли пул” сифатида тўловга қабул қилиниши лозим.
Эскирган пулларни банкларда алмаштириб олиш мумкинми?
“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунида банклар шикастланган пулларни қоидаларга мувофиқ чекловларсиз алмаштириб бериши қайд этилган.
Банкларда қоғоз пулларни кичик қийматдаги купюралар ва тангалар кўринишида алмаштириб олиш мумкинми?
Марказий банк маҳаллий банкларни тангалар билан таъминлаб боради, шу туфайли фуқаролар ва савдо шохобчалари банклардан қоғоз пулларни ҳеч қандай тўловсиз ёки воситачилик ҳақисиз кичик қийматдаги купюралар ва тангалар кўринишида айирбошлашни олишлари мумкин. Бундан ташқари, савдо шохобчалари ҳисоб рақамларидаги маблағлар доирасида нақд пулларнинг бир қисмини танга кўринишида олсалар ҳам бўлади.
Нақд пулларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун асосан нималарга эътибор қаратиш керак?
Пулларнинг ҳақиқийлигини ушбу ҳимоя элементлари орқали аниқлаш мумкин:
- Ҳимоя ипидан. Мисол учун, 100 000 сўмликларда “3D” эффектли ҳимоя ипи ўтказилган;
- Бармоқ учлари билан ушлаб кўрилганда сезиладиган бўртиб турувчи тасвирлардан;
- Маълум қиялик бурчаги остида қаралганда, рангини ўзгартирувчи тасвирлардан(нақш ёки рақам кўринишида) пайқалади.
Сохта купюралар билан фуқаро кимга мурожаат қилиши зарур?
Фуқаро қўлига шубҳали ёки сохта бўлган пуллар келиб тушганда уларни ҳақиқатда қалбаки эканлигини аниқлаш ҳамда келгусида уларга қонуний баҳо бериш мақсадида тижорат банкларига топшириши тавсия этилади. 3028-сон “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқнома”да белгиланганидек ушбу пуллар керакли органларга топширилади ва экспертиза ўтказилади.
Вақт ўтиб нақд пуллар муомаладан чиқиши мумкинми?
2020 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар ҳажми 1,6 трлн. сўмга, бошқача сўз билан айтганда 5,8 фоизга кўпайди. Ўтган йили банклар кассаларига келиб тушган нақд пуллар ҳажми эса 179,9 трлн. сўмни ташкил этиб, бу 2019 йилга нисбатан 26 фоизга кўп. Шунингдек банклардан 25 фоизга кўпроқ 180,2 трлн. сўмлик нақд пуллар берилди. Ушбу кўрсаткичлардан келиб чиқган ҳолда шуни айта оламизки, сўнгги йилларда нақд пуллар аксинча ошиб бормоқда.
Ҳақиқий доллар купюрасини қандай ажратиш мумкин?
Самарқанддаги «долларфуруш»ларга лицензия бериш кўриб чиқилмоқда