Президентнинг 2021 йил 11 – мартдаги “Фуқароларга давлат пенсиясини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасига мувофиқ ягона тизим ишлаб чиқилди.
Пенсия ва нафақалар тўлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида ҳужжатлар йиғиш жараёнини комплекс ривожлантириш орқали давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур маълумотлар электрон базаси шакллантирилмоқда.
Таҳлилларга кўра пенсияларни тайинлашда фуқародан 30 турга яқин ҳужжатлар талаб этилади, бундан ташқари уларни қоғоз шаклида тақдим этиш учун 14дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларга мурожаат қилиш керак бўлади. Шу сабаб давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашда фақат паспорт билан мурожаат қилиш кифоя бўладиган автоматлаштирилган тизим жорий этиш лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.
Қарор лойиҳасига мувофиқ қуйидаги натижаларга эришилади:
- Пенсиялар “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилган меҳнат стажи, олий ўқув юртларидаги кундузги таълим ва ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги электрон маълумотлари асосида ҳисобланади;
- Пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ҳар уч йилда ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади;
- пенсия ва нафақалар етказилгани учун 1 фоизли устама жорий қилинади;
- Пенсия ва нафақа олувчиларга шахсий чипга эга бўлган биографик пенсия картаси берилади;
- Пенсия жамғармаси ташкилий тузилмаси қайтадан танқидий кўриб чиқилади;
- Пенсия жамғармаси вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромаднинг йигирма фоизи Пенсия жамғармаси ходимларини ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтирилади;
- Ҳар бир ҳудудда биттадан “Намунали Пенсия жамғармаси бўлими” ташкил этилади.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 2022 йил давлат бюджети ва Пенсия жамғармасидан ўртача 180 млрд сўм маблағ ажратилади.