Телеграм каналимиз

Аҳолига иссиқхоналар қуриб берилади

Президентнинг 2021 йил 7-июньдаги “Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5138-сонли қарорига мувофиқ аҳоли томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар барпо этилади.

Шунингдек, ҳужжатга кўра:

  • қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонларида
  • захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонларда
  • яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида камида 20 сотих бўлган иссиқхоналар ташкил қилинади.

Қарорга мувофиқ замонавий иссиқхона хўжалигини ташкил этиб, уларда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишнинг самарали усулларини ўқитиш йўлга қўйилади. Ҳар йили ўтказиладиган “Ташаббус” кўрик танлови доирасида “Энг илғор иссиқхона хўжалиги” номинацияси жорий этилади.

Ташаббускорлар қандай танланади?
Танлов инвесторлар ва туман ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

2021 йил 31 декабргача уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган замонавий иссиқхоналар, материаллар, хомашёлар ва бутловчи қисмлар божхона божидан озод қилинади.

Бундан ташқари, иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуалари учун ер солиғи ставкалари, ҳамда мол-мулк солиғи ставкалари улар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 3 йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилади.

Телеграм каналимиз