Президент Фарғона вилоятига ташрифи доирасида «Шаффоф омадли саноат» қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. У ерда 2021 йилдан электромобиллар ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, юртимизда ишлаб чиқариладиган экологик тоза электромобиллар нархи 3 минг доллар атрофида бўлади. Улар нефть маҳсулотлари чекланган шароитда муҳим аҳамият касб этади. Электромобиллар бир марта қувватлантирилгандан сўнг 150 километр масофани босиб ўта олади.
Мазкур лойиҳа ишга тушса, йилига 2 минг дона электромобиль ишлаб чиқарилади. Бу ички бозорни транспортнинг ушбу янги тури билан таъминлаш баробарида экспорт қилиш имконини беради.
Шунингдек, корхонада йилига 230 минг дона метан ва 250 минг дона пропан ускуналари, 300 минг дона бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади. 400 ишчи меҳнат қиладиган корхона маҳсулотлари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия каби давлатларга экспорт қилинади.
Корхонада келаси йилдан юк ташувчи каралар, 2021 йилдан Ўзбекистонда биринчи марта электромобиллар ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Хитойнинг “Silk road company” компанияси билан ҳамкорликда барпо этиладиган мазкур янги қувват учун ҳозирда 3 гектар майдон ажратилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион АҚШ доллари бўлиб, унинг 24 миллион доллари хорижий инвестициядир.
Илгари, bankvabiznes.uz Президент 3 минг долларлик электромобил билан танишгани хақида хабар берган эди.