Имтиёзли шартларда кредит олишда истеъмолчилар кредит олишнинг тўлиқ жараёнини кузатиб боришга имкон берувчи oilakredit.uz электрон платформасидан фойдаланишлари мумкин.
oilakredit.uz орқали онлайн ариза қандай юборилади?
Асосий саҳифанинг ўнг томонида жойлашган ёки менюлар тўпламидан жой олган кредитга ариза юбориш тугмасини босинг. Экранда 4 қадамдан иборат кредитга ариза юбориш шакли чиқади. Жисмоний шахс сифатида кредитга ариза юбориш кетма-кетлиги қуйидагилардан иборат:
- Паспорт маълумотлари ва туғилган санани тегишли катакчаларга киритинг;
- Қонун талаблари доирасида шахсий маълумотларимдан фойдаланишга розилик бераман ва ишлов беришга розилик билдирувчи бандни белгиланг;
- Кредитни қаердан бериш манзили асосида маълумотларни киритинг. Агар кредит доимий яшаш жойидан олинаётган бўлса, фақатгина маҳаллани танлаш кифоя. Акс ҳолда «бошқа манзил бўйича» тугмасини босиб, вилоят, туман, маҳаллани танлаб, кўча ва уй рақамини киритинг;
- Мобил телефон рақами ва почта рақамини ҳам киритиш ҳам зарур;
- Телефон рақамингизга келган тасдиқлаш кодини теринг;
- Давом этиш тугмачасини босинг.
Кейинги саҳифада танланган ҳудуд бўйича кредитга ариза топширганлар статистикасини кўришимиз мумкин. Энди дастур, фаолият йўналиши ва кредит мақсадини танлаш керак бўлади, шунда соҳага мос тадбиркорлик тавсиявий кўрсатмалари билан танишиб чиқиш имкони яратилади. Навбатда бизнес учун зарур бўлган кредит миқдорини киритинг. Шундан сўнг сертификат маълумотлари қайси дафтарга киритилганлиги бўйича катакчаларни бирма-бир тўлдириб чиқинг. Энг сўнгги босқичда киритилган маълумотлар тўғрилигини тасдиқлаб, юбориш тугмасини босинг.
oilakredit.uz сайтида ариза рақами, юборилган сана, уни кўриб чиқиш бўйича тўлиқ маълумотлар берилади. Бироқ такрорий ариза юбориш имкони йўқ.
Юридик шахс сифатида ариза юбориш тартиби
Юридик шахсларга ёки якка тартибдаги шахсларга кредит юбориш тугмасини босинг. Агар сизнинг ташкилотингиз МЧЖ бўлса тўғридан-тўғри ташкилотингизнинг СТИР рақамини киритиш мумкин. Агар сиз ЯТТ бўлсангиз, «мен якка тартибдаги тадбиркор» катакчасини белгиланг. Тадбиркорлик объектингизнинг маълумотлари тўғри эканлигига амин бўлганингиздан сўнг тасдиқлаш тугмасини босинг. Энди дастурда иштирок этаётган банкдан биттасини танлаш керак бўлади. Телефон рақимингизни киритгандан сўнг тасдиқлаш кодини 5 дақиқа давомида киритинг. Кейинги босқичлар жисмоний шахсларга ариза топшириш тартибида кечади.
Бизнес режа бўлимида тадбиркорлик бўйича режангизни жойлаштириш керак бўлади. Таъминотчи билан тузилган шартномани сайтга юклаб, гаров турини белгиланг. Юбориш тугмасини босишингиз билан аризангиз қабул қилинади.