Жамшид Қўчқоров: “Халқаро товар ва молия бозорларида юзага келган вазиятнинг сўм алмашув курсига таъсири ҳозирча нейтрал”

9 март куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк ҳамда Молия вазирлиги раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида жаҳон молия ва хом ашё бозорларидаги охирги ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини ўрганиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоров қуйидагиларин маълум қилди:

Биринчидан, газ нархининг пасайиши (нефть нархининг пасайиши сабабли) ва айрим мамлакатлар миллий валютасининг девальвацияси экспорт тушумларимизга салбий таъсир кўрсатади, шу билан бирга нефть ва газ нархипасайишининг ички бозорга ижобий таъсири ҳам ўрганиб чиқилади. Халқаро товар ва молия бозорларида юзага келган вазиятнинг сўмнинг алмашув курсига таъсирини ҳозирча нейтрал деб баҳолаймиз;

Иккинчидан, газ нархи пасайиши сабабли Давлат бюджети даромадларининг йўқотишлари олтин нархининг юқори эканлиги ҳисобига тўлиқ қопланади. Умуман олганда, Давлат бюджети барча мажбуриятларини тўлиқ таъминлаш имконига эгадир;

Учинчидан, мазкур масала бўйича асосий савдо ҳамкор давлатларимиз расмий идораларининг 9 мартдаги баёнотларини, асосийси, уларнинг макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга бўлган жиддий режаларини ижобий баҳолаймиз;

Тўртинчидан, халқоро молия ва товарлар бозорларида юзага келган қалтис вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирининг кўлами биринчи навбатда ушбу тебранишларнинг қанчалик узоқ муддат давом этишига боғлиқдир. Юзага келган вазиятнинг Ўзбекистондаги макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсирини минималлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга киришилди. Шу мақсадда учта идора вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи тузилди.

“Фурсатдан фойдаланиб шуни маълум қилмоқчимизки, жорий йилнинг 13 март куни Москва шаҳрида МДҲ давлатлари иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Унда ушбу масалани ташқи савдо бўйича асосий ҳамкор давлатларимиз вакиллари – ҳамкасбларимиз билан яна бир бор муҳокама қилиб оламиз. Ишчи гуруҳи ва тегишли идоралар жаҳон молия ва хом ашё бозорларидаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб борадилар ва оммавий ахборот воситалари орқали маълумот бериб турадилар”, деб ёзади вазир.

Давстатқўм ноябрь ойида нархлар қанчага ошгани маълум қилди

Жорий йилнинг ноябрида истеъмол нархлари ўртача 1,7 фоизга ўсди деб  хабар берди Давстатқўм.

stat.uz

2019 йил бошидан истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархлари 13,3 фоизга қимматлашди. 2018 йилнинг ноябрь ойига нисбатан республика истеъмол секторидаги ўртача нархлар даражаси 15,6 фоизга ошган. 

Товар ва хизматлар асосий гурухларининг истеъмол нархлари индекси

stat.uz

Нон махсулотларининг истеъмол нархлари индекси ўзгариши

Жорий йилнинг ноябрь ойида нон маҳсулотлар орасида олий навли буғдой унидан нон (8.3 %), буғдой уни (5.8 %) ва биринчи навли буғдой унидан нон (4.7 %) нархлари сезиларли даражада қимматлашди.

Парранда гўшти ва балиқ махсулотларининг истеъмол нархлари индекси ўзгариши

Ой давомида парранда гўшти нархлари 6.6 %, товуқ болдири, сон қисмлари 3.7 %, қўй гўшти 2.3 %, мол гўшти 1.8 %, гўшт қиймаси 1.3 % га кўтарилди. Тирик ва сўйиб сотилган балиқ нархлари эса аксинча, 0.4 % га арзонлашди.

Сут махсулотларининг истеъмол нархлари индекси ўзгариши

Ой давомида сут ва сут махсулотлари нархлари ўтган йилнинг мос ойидаги нархларга нисбатан 0.3 даражада,қимматлашган.

Бошқа хизмат ва товарларнинг истеъмол нархлари қандай ўзгаргани билан stat.uz сайтида батафсил танишингиз мумкин.

Россия иқтисодий ривожланиш вазири : Ўзбекистон 2020 йилда Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилади

Россия Олий иқтисодиёт мактаби талабалари ўтган учрашувда Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин Ўзбекистон 2020 йилда Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишини маълум қилди. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ўзининг телеграм каналида бу хақда хабар  қолдирди. Хусусан, Ҳошимов ёзмоқда :

«Бугун Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин, Олий иқтисодиёт мактаби (НИУ ВШЭ) талабалари билан бўлган учрашувда Ўзбекистон Евроосиё иттифоқига 2020 йили киришини тасдиқлади. Ундан ташқари талабаларга келаётган таътилда Ўзбекистонга боришни тавсия қилди ва Ўзбекистон туристик жиҳатдан ниҳоятда қизиқлиги ва меҳмондўстлигини айтиб ўтди. Ҳозирда музокаралар Ўзбекистон давлат корхоналарига Евроосиё иттифоқига киришдаги имтиёзлар ҳақида бўлаётганини ва бу масалада келишув албатта бўлиши ҳақида айтди.

Орешкин ҳозирда Россия ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг Россия тарафидан раҳбари ҳисобланади.

Бошқа жуда ишончли манбаларга кўра,  Ўзбекистон Евроосиё иттифоқига кириши 2020 йилнинг кузида, Тошкентдаги МДҲ давлатлари саммитида эълон қилинар экан» деб ёзмоқда иқтисодчи.

Олдинроқ, Россия Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенко Тошкентга ташрифи давомида Ўзбекистон иттифоқига қўшилиш масаласини кўриб чиқаётгани хақида айтиб ўтган эди.

Kun.uz хабар беришича , 7 октябрь куни Ўзбекистон Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси лойиҳаси жойлаштирилди. Унга кўра, Ўзбекистон 2022-2025 йилларда ЕОИИга аъзо бўлиб кириши кўзда тутилган.

Иқтисодчи Юлий Юсупов : Кўз ёшлар учун солиқ киритиш қолди

Иқтисодий тараққиёт маркази директори, иқтисодчи Юлий Юсупов сўнгги пайтларда ишбилармонларнинг ишига сезиларли даражада халақит берган мантиқсиз солиқлар тўғрисидаги ўз фикрларини билдирди. Унинг фикрича, амалдаги солиқ сиёсати бизнесни сусайтиради ва тадбиркорларнинг давлатга бўлган ишончини пасайтирмоқда. Kommersant.uz иқтисодчининг ДСҚ томонидан экспорт- импорт операциялари назорати буйича таклиф қилинаётган янги ўзгаришларга нисбатан билдирилган фикрларини келтирмоқда.

Сиз тадбиркорсиз. Товарларни хорижий шерикка сотдингиз. Aммо шерик тўловни кечиктирди ёки етказиб берилган товарлар учун тўлов қилмасдан умуман сизни алдади. Ёки бошқа бир ҳолатни олайлик: сиз товарни чет элда сотиб олдингиз, тўловни амалга оширдингиз, етказиб берувчи эса товарни етказиб беришни кечиктирди ёки умуман етказиб бермади. Бундай ҳолатларда ким айбдор: сизми ёки шеригингиз? Соғлом ақл бу шерик эканлигини айтади. Сиз эса зарар кўрган томон.

Aммо бизнинг амалдорларнинг мантиғи бутунлай бошқача: товарларни экспорт қилдингизми- мархамат қилиб, валютани тақдим этинг, валютага товар сотиб олдингмизми унда товарларни тақдим этинг. Aгар сизнинг товарларингиз учун пул тўловни олмаган бўлсангиз ёки сизга четдан товарларни етказиб беришмаган бўлса, бунда сиз айбдор экансиз.

Гарчи мажбуриятларни сиз эмас, балки шерикингиз бажармаган бўлса хам. Сиз зарар кўрдингиз. Ва бунинг учун барибир сиз жарималар билан жазоланасиз.

Жуда ажабланарли мантиқ, айниқса давлат вақтида етказиб берилмаган товар ёки валютага ҳеч қандай алоқаси йўқ бўлганда. Сиз давлат маҳсулотини эмас, ўз маҳсулотингизни сотдингиз. Ёки улар импорт учун давлат пулини эмас, балки ўзингизнинг хисобингиздан тўладингиз. Aммо нима учундир давлатимиз бу хақда қайғурмоқда.

Бундай мантиқ мутлақо советларга хос. Совет даврида ҳамма нарса давлатники эди. Aгар кимдир чет элга товар сотиб, лекин валюта олмаган бўлса, у миллий бойликни ўғирлаган хисобланарди. Ҳукуматнинг импортга сарфлаган пуллари билан хам худди шундай эди.

Aммо юқорида келтирилган ҳолатларда бу пуллар хам товарлар хам давлатники эди! Aгар ушбу экспорт ва импорт операцияларидан давлат камроқ солиқ олганда мен тушунган бўлардим. Бундай холатда давлат : » биз солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши курашяпмиз»,- дейиши мумкин эди. Лекин, хозир аксинча: экспорт қилган товарлар учун валюта олмасангиз ёки сизга импорт товарларни етказиб беришмаса, сиз барибир солиқ тўлайсиз.

Шундай экан, давлатнинг бунга нима алоқаси бор ва нега зарар кўрган томон жаримага тортилиши керак?

Aммо Солиқ қўмитаси мутасаддиларига бу бемаъни жарималар кичкина бўлиб туюлди ва улар жариманинг миқдорини ошириш ташаббуси билан чиқдилар.

ДСҚнинг таклифи Хўжа Насриддиннинг кўз ёшлар учун солиқ жорий этиш ҳақидаги машҳур ғоясига мос келади: «Кўз ёшлар учун солиқ янги кўз ёшларини келтириб чиқаради, янги кўз ёшлар эса янги солиқ «.

«Кўз ёшлар учун солиқлар» туркумидан яна бир мисол – «валюта курсидаги ижобий фарқ» деб аталади – у корхона солиқ тўлаши керак бўлган фойдага қўшилади.

Қандайдир сабабларга кўра, қонунчилигимиз миллий валютанинг қадрсизланишини даромад манбаи сифатида қабул қилади. Сумнинг қадри долларга нисбатан 20% га тушди, шунинг учун доллар эгалари 20% га бойидилар. Ғалати мантиқ.

Ва нега шу вақт ичида нархлар (инфляция) қанчага кўтарилганлиги ҳисобланади? Эҳтимол, 20% дан кўпроқдир. Агар шундай бўлса ҳеч қандай «бойиш» бўлмаган.

Бундан ташқари, нима учун фақат ижобий курсдаги фарқлар ҳисобга олинади.Aгар фарқ салбий бўлса, зарар сифатида солиқ базасидан чиқариб ташланиши мумкинми? Йўқ, сиз қила олмайсиз.

Бундан ташқари, миллий валюта, биринчи навбатда, давлатнинг айби – самарасиз пул-кредит ва бюджет сиёсати- туфайли қадрсизланмоқда. Aммо давлат валютани қадрсизлантириш учун ўзини жазоламайди, аммо ҳеч бўлмаганда қандайдир тарзда ўз жамғармаларини инфляциядан ҳимоя қилишга интилаётганларни жазолайди.

«Биз инфляция орқали сизни таламоқдамиз ва бу талончиликка қарши туришга журъат эта кўрманг ! » – мана аслида нима демоқда амалдорлар.

Бундаги мантиқ хам худди ўз вақтида олинмаган валюта тушумлари учун жаримага солиш мантиғи каби бузилган. Яъни, кучли кишиларнинг мантиғи: мен шундай бўлишини хоҳламан, шунинг учун шундай бўлади. Жамият томонидан бошқариладиган давлат эмас, қароқчи мантиғи.

Биз қачон бу қароқчи мантиғидан воз кечамиз? Ҳеч бўлмаганда, ушбу икки нарса учун (пеня ва валюта курси солиғи)? Янги Солиқ кодекси қабул қилинмасдан олдин парламент ва ҳукумат бу ҳақда ўйлаш кўриши керак.

Тошкентда INNOWEEK-2019 29—31 октябрь кунлари бўлиб ўтади.Унда нималар тақдим қилинади?


Инновацион ғоялар ҳафталиги – INNOWEEK-2019 29—31 октябрь кунлари “Ўзекспомарказ”миллий кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтади. Тадбир маҳаллий ва хорижий тадқиқот ва инновацион марказлар, инвестиция фондлари, технология агентликлари, технопарклар ва бизнес инкубаторлар учун ноёб платформа бўлиши кутилмоқда. Ҳафталик доирасида инновацион ва инвестиция форуми, инновацион маҳсулотлар кўргазмаси, IRC халқаро робототехника чемпионати , Осиё-тинч океани технологиялар трансфери марказининг тақдимоти бўлиб ўтади.

Инновацион маҳсулотлар кўргазмаси

Кўргазмадан кўзланган асосий мақсад — янги маҳаллий ва хорижий технологияларни намойиш этиш,мамлакат иқтисодиёти учун қулай бўлган янги инвестиция имкониятларини жалб қилиш. Кўргазмада маҳаллий ва хорижий барча соҳаларда энг инновацион маҳсулотлар, инновацион лойиҳалар, прототиплар ёки бизнес моделлари намойиш этилади. Тадбирда хорижий инновацион ва илмий марказлар, инвестиция фондлари, технология агентликлари, технопарклар ва бизнес инкубаторлар иштирок этади.

Кўргазма 29, 30, 31 октябрь кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар давом этади.

Инновацион ва инвестиция форуми

Форумда хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестиция жамғармалари, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес инкубаторлари иштирок этадилар. Тадбирда 30 дан ортиқ мамлакат вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотлар ва компаниялар, Австрия, Буюк Британия, Нидерландия, Италия, Исроил, Россия, Туркия, Эстония, Эрон, Қозоғистон ва АҚШдан илм-фан ва инновациялар соҳасидаги етакчи мутахассислар қатнашади. Президентимизнинг “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида таъкидланганидек, инсон капиталини мамлакат рақобатбардошлиги ва халқаро майдонда инновацион ривожланишнинг асосий омили сифатида ривожлантириш ҳафтанинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

IRC Халқаро робототехника чемпионати

ИРC-2019 28 октябрдан 31 октябргача “UzEkspoMarkaz” кўргазмалар мажмуасида икки ёш тоифасида бўлиб ўтади: 9-16 (Junior) ва 17-23 (Senior). Ҳар бир ёш тоифаси турли танловлардан иборат.

“Junior” категорияси бўйича мусобақалар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилади. “Кегелринг” ва “Робо-сумо” танловида ўз-ўзини бошқарадиган роботлар билан иштирок этадилар.

“Senior” тоифасидаги мусобақалар “1st OIC Robotics Challenge Uzbekistan” деб номланади. Мазкур халқаро мусобақа Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилоти Илмий-техник ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси билан биргаликда ташкил этилди. Мусобақада Ислом ҳамкорлик ташкилоти иштирокчи-давлатларидан келган ёшлар иштирок этади.

Чемпионат 29, 30 ва 31 октябрь кунлари соат 09.00-12.00 ва 13.00-16.00 да бўлиб ўтади.

ЭСКАТО

Инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида 2019 йилнинг 30-31 октябрь кунлари Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази фаолиятини юртимиз жамоатчилигига тақдим этиш мақсадида БМТ ҳузуридаги Осиё-Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази билан ҳамкорликда “Innovation and Technology Transfer — Role of Intellectual Property” (“Инновациялар ва технологиялар трансферида интеллектуал мулкнинг аҳамияти”) мавзусида ОТТТМнинг минтақавий семинари ўтказилади.

“Инновацион ғоялар етакчиси“ кўкрак нишони тақдимоти”

“InnoWeek-2019”доирасида “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони топширилади. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да таъсис этилган “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони ёш олимлар, талабалар ва ташаббускор фуқароларга, шу жумладан, норезидентларга инновацион ғоялар ва технологияларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва уларни амалиётга жорий этгани учун топширилади.

Future Foresight

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг Вазирлар Маҳкамаси ва Келажак ишлари бўйича вазирлиги билан ҳамкорликда “Future Foresight” семинар-тренинглари ташкил этилади.

Мазкур семинар-тренинглар давлат хизматчилари учун халқаро экспертлардан янги билим ва малакаларни ўзлаштиришларига қаратилган бўлиб, бу ўз навбатида иш самарадорлигини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, келажакни прогнозлаштиришга ёрдам беради.

Таҳлил: Жорий йилда олтин экспорти рекорд даражага чиқди

Жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистон қарийб 4 миллиард долларлик олтин экспорт қилди. Экспортнинг умумий ҳажмида ушбу қимматбаҳо металнинг улуши 29 фоизни ташкил этди – бу барча экспортнинг қарийб учдан бир қисми дегани. Ушбу маълумотлар Давлат статистика қўмитасининг 21-октябрь куни эълон қилинган ташқи савдо айланмаси ҳақидаги ҳисоботида келтирилган. Давстатқўм маълумотларига кўра, 2000 йилда умумий экспорт ҳажмининг тахминан шу миқдордаги улуши (27,5%) “оқ олтин” деб аталган пахта толасига тўғри келган. Энди “оқ олтин” ўрнини “сариқ олтин” эгаллади. Uzanalytics статистика қўмитасини келтирган маълумотлар асосида сўнги ўн тўққиз йил ичидаги экспорт ва унинг таркибини таҳлил қилди.

Охирги 19 йил мобайнида мамлакат экспорт таркибида жиддий ўзгаришлар рўй берди.

Бу ўзгаришлар экспорт таркибидаги хом ашё бўлмаган (пахта, олтин, энергия манбалари, нефть маҳсулотлари ва металлардан ташқари) товарлар улушини 2000 йилдаги 39 фоиздан 2018 йилда 51 фоизгача ўсишига олиб келди. Бироқ, бу ютуқни хом ашё бўлмаган товарлар экспорти улушини ошириш йўлида 19 йилда эришилган жиддий силжиш деб бўлмайди. Қуйида 2000 йилдан 2019 йил октябр ойигача бўлган даврда мамлакат ташқи савдо таркибидаги ўзгаришлар ва унинг ўсиш суръатларини қисқача таҳлилини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Экспорт ва импортнинг ўсиш суръатларидаги катта фарқ ошиб бормоқда

Экспорт ва импортнинг прогноз ҳажмини ҳисобга олсак, 2000 йилдан 2019 йил якунигача Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси қарийб 7 баравар, шу жумладан экспорт 5,5 баравар, импорт эса қарийб 8 баравар ошади. Экспорт ва импортнинг ўсиш суръатларидаги катта фарқ бугунги кунда кузатилаётган савдо балансининг катта дефицитини (экспорт ва импорт ўртасидаги фарқ) шаклланишига олиб келди. Бироқ, Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, мазкур даврда савдо баланси дефицити илк бор 2014 йилда 439 миллион доллар миқдорида кузатилган. Бундан ҳам кўпроқ миқдорда (1,6 млрд доллар) 2017 йилда бошлаб кузатила бошланди. Ўшандан бери бу кўрсаткич ўсиб келмоқда. Жорий йилнинг охирига бориб мамлкат ташқи савдо айланмасида 6,4 миллиард долларлик дефицит кутилмоқда[i].

Мамлакатнинг экспорти таркиби жиддий ўзгармоқда

2000 йилдан бери мамлакатнинг экспорти таркибида жиддий ўзгаришлар кузатилди. Агар 2000 йилда экспортнинг умумий ҳажмида хом ашё ва энергия манбааларининг улуши 61,4 фоиздан иборат бўлган бўлса, 2018 йилда бу улуш 49 фоизгача пасайди.

19 йил олдин пахта толаси мамлакат экспорти таркибида етакчи роль ўйнаган ва унинг улуши 27,5 фоизни ташкил қилган. 2019 йилга келиб пахта толаси экспортининг улуши 1,7 гача пасайди ва унинг мамлакат экспортидаги «ўрни»ни олтин эгаллади.

Пахта толаси экспортининг пасайиши ҳукуматнинг пахта ва тўқимачилик саноатидаги иқтисодий сиёсати билан боғлиқ. Мазкур сиёсат пахтани мамлакат ичида тўлиқ қайта ишлашга ва кейинчалик пахта толаси ўрнига тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилишга босқичма-босқич ўтишни назарда тутади. Мақсад қўшимча иш ўринларини яратиш ва юқорироқ қўшимча қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилиш эди. Натижада, 2000-2019 йилларда пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг умумий ҳажми қарийб 2 баравар кўпайди. Бироқ, бунга қарамай пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг умумий улуши экспорт ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши ҳисобига 2019 йилга келиб 10 фоизгача пасайди.

Мамлакат экспорт таркибидаги бошқа муҳим ўзгаришлар бу “энергия манбалари” ва “хизматлар” каби товар гуруҳлари улушининг ўсишидир. 2000 йил бошида энергия манбаларининг улуши экспортнинг умумий ҳажмида 8-10% ни ташкил этган бўлса, 2012 йилга келиб бу кўрсаткич 34 фоизга етди, сўнгги йилларда эса 16-19% гача камайди. Энергия манбаларидан фарқли ўлароқ, хизматлар экспорти 2012 йилдан бери барқарор ўсиб бормоқда. 2016 йилда хизматлар улуши максимал даражага етди (26%), аммо кейинчалик 19 фоизгача пасайди.

“Машина ва асбоб-ускуналар” товарлари экспорти пасайиб бормоқда

Назаримизда хом ашё бўлмаган товарлар орасида “Машина ва асбоб-ускуналар” товар гуруҳининг динамикасига эътибор қаратиш қизиқарли. Бу товарлар гуруҳи автомобилсозлик саноати маҳсулотлари экспортини ўз ичига қамраб олиб, 2004-2008 йилларда маҳсулотларниниг экспорти сезиларли даражада ўсди ва мамлакат жами экспортининг 7,4-10,4 фоизини ташкил этди. Кейинги йилларда «машина ва ускуналар»нинг умумий экспортдаги улуши кескин камайиб, бугунги кунда қарийб 2% ни ташкил қилади.

Жорий йилда олтин рекорд миқдорда экспорт қилинди

Олтин экспортининг ўсиши алоҳида эътиборга лойиқ. 2000 йилдан 2018 йилгача олтин экспортининг йиллик миқдори 3,3 миллиард долларгача бўлган ва унинг умумий экспортдаги улушининг максимал даражаси 21 фоизга етган. Бироқ, жорий йилда олтин рекорд миқдорда экспорт қилинди. Январь-сентябрь ойларида олтиннинг мамлакат экспортидаги улуши 29 фоизни кўрсатган. Тахмин қилишимизча, олтиннинг бундай катта миқдорда экспорт қилиниши савдо баланси дефицитини камайтиришга қаратилган.

Экспортдан фарқли ўлароқ, импортнинг ҳажми деярли 8 баробар ошган бўлишига қарамай унинг таркибида жиддий ўзгаришлар юз бермади. 19 йил давомида “Озиқ-овқат товарлари” гуруҳининг умумий импорт ҳажмидаги улуши 12,2 фоиздан 7,5 фоизгача қисқарди, “Машина ва асбоб-ускуналар” гуруҳи товарлар импортининг улуши эса ортди. Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу товарлар гуруҳи мамлакат импортида деярли ҳар доим энг катта улушга эга бўлган. 2009 йилда эса умумий импорт ҳажмининг ярмидан кўпи (56,5 фоизи) айнан “Машина ва ускуналар”га тўғри келган.

[i] UzAnalytics сайти таҳлилчиларининг фикрига кўра

Сурат манбаси: kapital.kz

Тошкент шаҳрида тадбиркорларнинг ер олиш тартиби ўзгарди

Ўтган йилнинг  августидан Тошкент шаҳрида тадбиркорларга эксперимент тариқасида тўғридан-тўғри музокаралар орқали ер бериш тартиби жорий қилинган эди.

2018 йилнинг августидан 2019 йилнинг августигача 1 йил давомида 775 та лойиҳа муҳокама қилиниб, ижобий хулоса олинди. 775 нафар тадбиркорга ер ажратиш бўйича қарор қабул қилинди. 2019 йилнинг август ойида эксперимент тугади ва октябрдан тадбиркорлик учун ер олиш аукцион орқали амалга ошириладиган бўлди. Ҳозир бу борада ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Бу янги тажриба бўлиб, бундай амалиёт аввал қўлланилмаган. Тошкент шаҳридаги ерлар очиқ аукционга қўйилади.

Тадбиркорлик қиламан, ер керак деган тадбиркор ҳокимиятга, ягона дарчага ва бошқа ташкилотларга боришининг ҳожати йўқ. Эндиликда уйида ўтирган жойида e.ijro auksion.uz порталига кириб, рўйхатдан ўтиб, ер олиш имконияти мавжуд, – деб хабар бермоқда шахар хокимияти.

Аукционда ер сотишдан тушган маблағлар бузилишга тушган хонадонлар ёки бинолар эгаларига компенсацияси сифатида сарф қилинади

Аукционда ер сотишдан тушган маблағлар махсус жамғармага жамланади ва бу фонд давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер майдонлари зарур бўлганда бузилишга тушган хонадонлар ёки бинолар эгаларига етказилган зарарни қоплаш учун, компенсацияси сифатида сарф қилинади. Яқин кунларда аукционга ерлар чиқарилиши бошланади. Фақат аукционда иштирок этиш истагнини билдирсангиз, ҳисоб рақамингизга кафолат суммаси қўйишингиз керак. Ғолиб бўлсангиз у сумма инобатга олинади, ғолиб бўлмасангиз қайтариб берилади.

Пойтахда 86 та бўш турган биноларни аниқланган

Шунингдек, Тошкент шаҳрида бўш бинолар бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар пойтахда 86 та бўш турган биноларни аниқланган. Бу давлат мулки бўлган бинолардир. Уларнинг 73 тасини ишлаб чиқариш ва тадбиркорликка жалб этиш масаласи ҳал қилинган.

Ишчи гуруҳнинг август ойида яна хатлови натижасига кўра яна 35 та объектлар аниқлангна. Ҳозирги кунда давлат мулки ҳисобланган 48 та объектлар бўш. Агар вазирлик ва бошқа идоралар улардан мақсадли фойдаланмаса ҳамда тегишли чораларни кўрмаса, улар ҳокимият балансига ўтказилади ва аукционга қўйилади.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи қандай ташкилот?


Ўзбекистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш масаласи кўриб чиқилаётгани хақида шу ойнинг бошида хабар берилган эди.

Кеча кун.узда «Buyuk Kelajak» эксперт кенгаши аъзоси Баҳром Исмоилов «Евросиё Иқтисодий Иттифоқи ҳақида 5 афсона» сарлавҳали мақоласи эълон қилингандан кейин,  иттифоқ масаласи яна куннинг асосий мавзусига  айланди.

Хусусан, ижтимоий  тармоқларда бу мавзу қизғин муҳокама қилинмоқда. Bankvabiznes.uz телеграм каналларида мавзуга нисбатан билдирилган муннособатлар туркумини тақдим этади.

Ташқарида канали ёзмоқда:

Россия парламенти юқори палатаси раҳбари Валентина Матвиенконинг кечаги гапларидан кейин Евроосиё иқтисодий иттифоқи бўйича ботга кўплаб саволлар келди. ушбу ташкилотга қўшилиш оқибатлари ҳақида кўпчилик ёзяпти, шунинг учун яна бирор нарса қўшиш шарт эмас деб ўйлайман. Ҳозир ёзадиганларим ЕОИИнинг шу пайтгача кўрсатган кароматлари ҳақида.

Постсовет ҳудудида Россия иштирокида муваффақиятли интеграция ташкилотларини тузиш деярли имконсиз

Дастлаб айтиш лозим бўлган асосий фикрлардан бири – постсовет ҳудудида Россия иштирокида муваффақиятли интеграция ташкилотларини тузиш деярли имконсизлиги. Бунга сабаб – Россия деярли барча кўрсаткичларда (ҳудуд, аҳоли, иқтисодиёт, ҳарбий салоҳият, ресурслар) қолган барча собиқ совет мамлакатларининг умумий натижасидан ҳам устунроқ. Бундай улкан тенгсизлик интеграция йўлидаги асосий тўсиқ бўлиб, жумладан деярли барча қарорлар асосан Россия томонидан қабул қилинишига олиб келади.

Ташкилотда сиёсий компонент асосий ролни ўйнашига эътибор қаратиш керак

ЕООИ эса номида «иқтисодий» сўзи борлигига қарамай бу ташкилотда сиёсий компонент асосий ролни ўйнашига эътибор қаратиш керак. Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи тузиш таклифини 2011 йил октябрида «Известия» журналига ёзган мақоласига Россиянинг ўша пайтдаги бош вазири Владимир Путин 2012 йилги президентлик кампанияси учун дастлабки қадам сифтида берганининг ўзи бу ташаббуснинг қанчалик сиёсий бўлганидан дарак беради.

Путин мақоласида ўша пайтда мавжуд бўлган Божхона Иттифоқи ва 2012 йилдан ишга тушадиган Ягона иқтисодий ҳудуд базасида ЕООИни тузиш билан чекланмай, Назарбоев 1990 йиллар ўрталарида берган таклифига мурожаат қилиб Евроосиё Иттифоқигача боришни таклиф қилган ва мақоланинг катта қисмини айнан шунга бағишлаган эди. Кейинчалик Қозоғистон ва Беларусь етакчилари иттифоқ фақат иқтисодий бўлиши лозимлиги бўйича қатъий позициясини маълум қилди ва 2015 йил 1 январдан Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи иш бошлади.

ЕООИ тузилишидан мақсад интеграциядан кўра унинг мавжудлиги фактини кўрсатиш эканлигини асосий урғу пастки эмас, юқори даражадаги ҳамкорликка қаратилгани ва интеграциянинг бир неча босқичи бир пайтда ўтказилиши режалаштирилганидан ҳам билиш мумкин.

ЕООИнинг тузилиши Россиянинг Украина билан можароси туфайли Ғарб давлатлари билан санкциялар уруши даврига тўғри келди. Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, Киев билан можаронинг негизида ҳам украиналикларнинг Россия бошчилигидаги интеграция ташкилотларига қўшилиш учун ЕИ билан яқинлашишдан воз кечишга қарши намойишлари оқибатидаги воқеалар сабаб бўлганди.

Россия иттифоқ аъзоларига ўз шартларини мажбурламоқда

Ғарб билан санкциялар уруши натижасида Москва Беларусь ва Қозоғистондан санкцияга тушган маҳсулотлар реэкспортини чеклашга уриниб, уларнинг ўз маҳсулотлари ҳам қўшимча текширувларга ва чекловларга учрашига сабаб бўлди. Шунингдек, Россия умумий стандартлар ўрнига ўз стандартларини ўтказишга мажбурлаши кузатилган. Россия иттифоқ аъзоларига ўз шартларини мажбурлаши фақатгина ўз манфаатларидан келиб чиқиб, Қрим ва Донбасс туфайли юзага келтирган қийинчиликлари товонини тўлатишга урингани жумладан кескин эътирозларга сабаб бўлган.

Иттифоқ аъзолари Россияга ёқмайдиган бирор ҳаракат қилса, масалан Ғарб билан яқинлашиб юборса ёки Москва қўйган антисанкцияларга амал қилмаса (ўзи уларга фақат Россия амал қилиши кераклиги равшан бўлса ҳам), уларга нисбатан дарҳол савдо чекловлари қўйиб, интеграция шартларини бузишдан тоймайди. Қозоғистон ва айниқса Беларусь билан доимий равишда кузатиладиган савдо урушлари бунга яққол мисол бўлиши мумкин. Россия учун ЕОИИ доирасидаги эркинликлар керак бўлганда уларни чеклаб, иттифоқдошларига босим ўтказиш учун керак.

ЕОИИ тенг ҳуқуқли давлатлар интеграцияси эмас

Хуллас, ЕОИИ тенг ҳуқуқли давлатлар интеграцияси эмас, балки Россия ва унга лоял давлатлар иттифоқи оддий кўзга ҳам маълум бўлса-да, юқорида бундай ўйлашга нималар сабаб бўлиши ҳақида қисқача тўхталишга ҳаракат қилдик.

Европа Иттифоқи ҳозиргача бу даражада чиқурлашганига сабаб – уларнинг етакчилари аъзо-давлатлар халқлари ва бизнесларининг ўзаро алоқалар учун эҳтиёжларига ўз вақтида жавоб қайтариб, қулайлик яратиб кетавергани бўлган. ЕОИИ эса аксинча тепадагилар истагани учун тузилган ва пастдагилар уларнинг қарорларига мослашишга ҳаракат қилиб юради.

Kun.uz – Халқаро интернет дўконларининг бепул жўнатмалари 25 $ қилиб белгиланиши мумкин

Kun.Uz  ўз манбасига асосланиб ёзишича Давлат божхона қўмитаси томонидан хориждан Ўзбекистонга юборилаётган почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона тўловларисиз киритиладиган миқдорини 25 долларгача чеклаш масаласи ўрганиб чиқилмоқда экан.

Мақсад импортни чеклашми?

Бу чеклов Ўзбекистонга импорт қилинаётган товарлар ҳажмини қисқартириш, хорижий валютанинг четга чиқиб кетишини камайтириш чора-тадбирлари доирасида жорий қилиниши режалаштирилмоқда.

Агар бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинадиган бўлса, ўзбекистонликлар орасида машҳур бўлган AliExpress, Gearbest, Banggood, Amazon, Ebay ва бошқа халқаро интернет дўконларидан бир календарь чорак мобайнида кўпи билан қиймати 25 долларлик жўнатмани бепул олиш мумкин бўлади. Бундан ортиқ қийматдаги жўнатмаларга бож тўлови жорий қилинади.

Хозирги тартиб қандай?

Амалдаги қонунларга кўра, айни вақтда халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун — бир календарь чорак мобайнида 1000 АҚШ долларини, халқаро почта жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун — 100 АҚШ долларини ташкил қилади.

Қайд қилиш жоизки, почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона тўловларисиз киритиладиган миқдорини 25 долларгача чеклаш масаласи айни пайтда ўрганиб чиқиш жараёнида.

Ўзбекистон ривожланиши учун “импортни чеклаш керак” ми?

Кўпчилик мамлакат ривожланиши учун экспортни кўпайтириб, импортни чеклаш керак, дея ҳисоблайди. Содда қилиб айтганда, камроқ сотиб олиб, кўпроқ сотиш фойдали, деб биламиз. Бу тужжор нигоҳи билан қараганда тўғри ўлчов. Аммо ишлаб чиқарувчи бундай қарашдан воз кечиши керак. Буни тўғри тушунмаганимиз сабабли, афсуски, маҳаллий корхоналарни қўл­лаб-қувватлаш мақсадида импортни «бўғиш» ҳолатлари учраб турибди.

Жумладан, турли вазирлик ва идоралар томонидан импортни ҳар томонлама чеклаш учун тариф ва нотариф чоралар қўлланмоқда. Гўёки, биз шу йўл билан, яъни рақобатни камайтириб, маҳаллий корхоналарга ўзини ўзи ўнглаб олиши ва рақобатбардош бўлишига замин яратяпмиз. Аслида бу йўл билан уларнинг рақобатбардошлиги камайишига хизмат қилган бўламиз.

Импортни чеклаш зарар…(ми?)

Хўш, импорт чекланса, қандай вазият вужудга келади? Мамлакатда импорт қанча чекланса, экспортни кўпайтириш учун шунча кўп ресурс сарфланади. Бошқача айтганда, импорт тарифини ошириш ёки турли чекловлар (стандартлаштириш, сертификатлаштиришга доир ва бошқа қўшимча тартиб-таомиллар) ни жорий қилиш орқали экспортга шунча миқдорда солиқ жорий этилган бўлади.

Оддий мисол: ташқаридан маҳсулот киритилмайдиган бозорда хориж валютасига бўлган талаб камаяди. Бу миллий валютанинг қадри ошишига сабаб бўлади. Дейлик, биронта корхона ўз маҳсулотини 1 АҚШ доллари эвазига сотаётган бўлса, импортнинг чекланиши ва унинг натижасида курс тушиши, дейлик, 9 400 сўмдан 8 000 сўмга арзонлашиши сабаб ўша маҳсулот 1,75 доллар қийматга эга бўлади. Бир қарашда бу — хориж валютасининг арзонлашиши, миллий маҳсулотнинг қимматлашиши каби кўринади. Аслида бу халқ учун ҳам, ишлаб чиқарувчига ҳам зарар. Чунки импорти чекланган маҳсулот ички бозорда қимматлашади. Бу ишлаб чиқарувчининг ташқи бозордан ўрин олиш иштиёқини пасайтиради. Айни пайтда бу имконсиз бўлиб, ташқи бозорда ўша маҳсулот мамлакат ичкарисидагига нисбатан арзон ва сифатли бўлиши мумкин.

Маҳсулот қанча қиммат бўлса, уни ташқи бозорда сотиш шунчалик қийинлашади. Оқибатда халқ қиммат нархда рақобатбардош бўлмаган маҳсулот сотиб олишга мажбур бўлади. Аксинча импортнинг ўсишини табиий жараён деб қабул қилсак, бозорда арзон маҳсулот кўпаяди ва харид миқдори ҳам сезиларли равишда ўсади. Қолаверса, импорт ҳажми экспортдан қанча кўп бўлса, валютага бўлган талаб ошади ва мамлакатга валюта (капитал) оқими шунча кўпаяди. Бундай вазиятда хорижий валюталар курси мувозанатини бозорнинг ўзи белгилайди. Импортга қилинган харажат эса экспорт ҳажмининг ўсиши билан қопланади.

Ўз навбатида, хориждаги меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари, сайёҳлар оқимининг ўсиши, хорижий инвестициянинг кўпайиши ҳам мамлакатда импорт ҳажмининг ортишига сабаб бўлади ва табиий равишда импорт-экспорт ҳажми ўртасидаги салбий фарқ катталашади. Бундай вазиятда, салбий фарқни камайтириш учун мамлакатга келаётган сайёҳларни камайтириш ёки хорижий инвестиция киришига тўсқинлик қилиш ноўрин, албатта. Зеро, биз каби ривожланаётган давлат учун хорижий инвестиция кириб келиши муҳимроқдир.

Нима қилиш керак?

Импорт ҳажмини оширишдан қўрқмай, экспорт салоҳиятини яхшилаш керак экан, бунинг учун қандай йўл тутиш лозим, деган савол туғилади. Бунинг учун, аввало, импортни чеклашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларни тўхтатиш лозим. Шунингдек, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш керак. Бунда уларга энергия манбалари ва мавжуд хомашёлардан самарали ва эркин фойдаланишга шарт-шароитлар яратиш лозим. Зарур инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, темир йўллар ва автомобиль йўлларининг, электр таъминоти сифатларини ошириш керак. Қолаверса, миллий ишлаб чиқарувчилар учун мақбул, имтиёзли коммунал ва транспорт тарифларини белгилаш лозим.

Ҳар бир соҳанинг ривожланиши, аввало, кадрлар салоҳияти билан белгиланади. Шу сабаб юртимизда фан, миллий инновацион тизим ва технологияларни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш шарт. Бунинг учун кичик ва ўрта инновацион бизнесни яратиш ҳамда ривожлантиришдаги айрим маъмурий тўсиқларни қисқартириб, тадқиқотлар ва ишланмалар учун давлат буюртмаларини шакллантириш керак. Энг муҳими, иқтисодиёт тармоқларидаги технологик қолоқликни камайтириш учун институтлар, университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш талаб этилади.

Хориж тажрибаси қандай?

Ривожланган давлатларнинг тўлов балансини таҳлил қилсак, қизиқ зиддиятга дуч келамиз. Масалан, дунёдаги айрим давлатларда ташқи савдо балансидаги юқори профицит — ушбу мамлакат маҳсулотларининг жаҳон бозорида машҳурлигини ва импортга бўлган талаб пастлигини билдиради. Бунга Германия ва Хитой мисол бўла олади. Улар каби ривожланган давлатларда экспорт импорт ҳажмидан кўп, лекин уларда хорижий инвестицияга бўлган талаб кам. Аксинча улар бошқа давлатларга кўпроқ инвестиция киритади. Ана шу сабаб туфайли уларда импорт ҳажми табиий равишда камайган.

Хулоса ўрнида…

Ташқи савдо балансидаги дефицит Ўзбекистон каби ривожланаётган давлат учун қўрқинчли ҳисобланмайди. Импортнинг кўпайиши бизнинг маҳсулотларимиз рақобатдош бўлишига имкон беради. Мамлакатимиз ривожи учун савдо балансидаги дефицитни қисқартириш йўлида курашиш эмас, балки хорижий сармоянинг кириб келишини янада кўпайтириш лозим. Зеро, хорижий сармоялар бу янги инфратузилма, янги технология, янги машина ва ускуналар деганидир.

Фурқат ЮНУСОВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази лойиҳа

координатори.


МАЪЛУМОТ УЧУН…

Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси маълумотларига кўра, 2019 йилнинг I ярим йиллигида хорижда қисқа муддатли меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимиз 1,4 млрд. АҚШ доллари миқдорида иш ҳақи олган. Узоқ вақтдан буён хорижда юрган ватандошларимиз эса юртимизга 2,4 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағ юборган.

2019 йилнинг II чорагида эса хорижий инвестицияларнинг кириб келиши кескин ўсган бўлиб, уларнинг қиймати 923 млн. АҚШ долларига етган. Бу жорий йилнинг I чорагига нисбатан 4 бараварга кўп дегани. Ушбу кўпайиш тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмининг ортиши билан боғлиқ.