Телеграм каналимиз

Кадастр хизматларини хусусийлаштириш лойиҳаси кўриб чиқилмоқда

2021 йилнинг 1-февралида Вазирлар Маҳкамасининг ID-28630 сонли «Кадастр ишларини бажариш соҳасида давлат органлари функциясини хусусий секторга ўтказиш тўғрисида»ги ВМҚ лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада қуйидаги ҳужжатларни тасдиқлаш назарда тутилади:

  • Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кадастр муҳандислари томонидан кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилди тайёрлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар нархининг минимал ставкалари.

Низомга мувофиқ геодезия, бино ва иншоотлар қурилиши, қурилиш ва кўчмас мулк экспертизаси, архитектура, ер тузиш ва кадастри бўйича олий маълумотга эга ёки кадастр муносабатлари соҳасида касбий қайта тайёргарлик дастури бўйича таълим олган, шунингдек тегишли соҳада камида бир йил иш стажига эга жисмоний шахслар кадастр муҳандиси малака шаҳодатномасини олишга талабгор бўлиши мумкин.

Малака имтиҳони компьютер тест синови тарзида ўтқазилиб, талабгорнинг танловига биноан ўзбек ёки рус тилида бўлиши мумкин. Имтиҳондан ўтмаган ҳолатда талабгор имтиҳонни қайта топширишга ва апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Кадастр муҳандиси юридик шахслар билан тузилган меҳнат шартномаси асосида ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритиши мумкин.

Бунда ҳолатларда у қуйидаги хизматларни кўрсата олади:

  • кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш;
  • кўчмас мулк объектларининг қаватма-қават режаларини тузиш;
  • кўчмас мулк объектлари техник режаларини расмийлаштириш;
  • кўчмас мулк объектларини техник ҳисобга қўйиш.

Шунингдек лойиҳа билан қуйидагилар белгиланмоқда:

  • шаҳодатномани қайта расмийлаштириш ва дубликатини бериш тартиби;
  • шаҳодатнома амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш асослари;
  • Агентлик томонидан кадастр муҳандислари реестрини юритиш тартиби.



Телеграм каналимиз