Ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектрда «Ёшлар дафтари»га киритлганлар учун бир қатор имтиёзлар тақдим қилиниши ҳақида эълон қилинди, жумладан 1 майдан бошлаб ёшлар ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади.
1 майдан бошлаб қуйидагилар кучга кириради:
- Ёшларни ишга қабул қилган корхона ва компанияларга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади;
- «Ёшлар дафтари»га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади;
- Ходимлари сонининг камида 70 фоизи «ёшлар дафтари»га кирган ёш тадбиркорларга давлат мулки аукционсиз берилади ва улардан 5 йил давомида ижара ҳақи ундирилмайди;
- Тадбиркорлик фаолиятига керакли асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 10 миллион сўмгача субсидиялар берилади;
- Ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади.
1 июндан бошлаб “Ёшлар дафтари”га кирганларга қуйидаги имтиёзлар тақдим этилади:
- Талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади;
- Хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиши харажатининг бир қисми қоплаб берилади.
Шунингдек, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилади.
1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш харажатининг 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия берилади. Ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилинади.
Бундан ташқари, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигитлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли субсидиялар ажратилмоқда