Тошкент шаҳар ЙПХ ва ППХ ходимлари бодикамераларни тақишни бошлади

Аввал хабар берилганидек, 2020 йилнинг бошидан ички ишлар органлари ходимларидан хизмат олиб бориш давомида бодикамералардан фойдаланишлари талаб этилади. Бироқ жорий йилнинг 19 сентябриданоқ пойтахт ИИББнинг 50 нафар ходимлари хизматга тест тартибида бодикамералар билан киришдилар (улар қаторида 32 нафар ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари ва 18 та патруль-пост хизмати ходимлари). 

Кейинчалик Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг барча бўлинмалари, улар қаторида қўлга олинган, ҳибсга олинган ва айбланган шахсларни, шунингдек, маъмурий қамоқ қўлланилган шахсларни конвойлаш ва этаплаш билан шуғулланувчи ходимларнинг фаолиятида ҳам бодикамералардан фойдаланиш йўлга қўйилади. Шу тарзда кейинги йилнинг бошига қадар хизмат давомида бодикамераларни ишлатиш, маълумотларни мобиль узатиш, қайта ишлаш, сақлаш ва таҳлил қилиш, жараённи хизмат олиб бориш давомида назорат қилиш бўйича амалий кўникма ҳосил бўлади.    

Бодикамералар хақида нималарни билиш зарур?

“Бодикамера” мосламаси аудио- ва видеоконтентни (FullHD форматида) ёзиш ва марказлашмаган тарзда сақлаш, кейинчалик кўриб чиқиш, фавқулодда вазиятларда марказлашган диспетчерлик хизматига “хавотир” сигналини етказиш, реал вақт режимида мобиль гуруҳларнинг жойлашувлари ва фаолиятларинин масофадан туриб мониторинг қилиш имкониятини берувчи мосламадир. Қизиқарлиси, бодикамера мосламаси инфрақизил ёритиш қурилмаси билан жиҳозланган бўлиб, ушбу қурилма тунги вақтда ҳам ўн метрлик масофани ёритиб, видеога олиб бориш имкониятини беради.

Ходимда контентни ёзилиш жараёнига аралашиш, уни таҳрир қилиш ва ўчириш имконияти йўқ: камера, ходим уни қабул қилиш вақтидан бошлаб, қатариб топширгунга қадар видеога олиб боради. Мослама корпуси очилмаслиги учун махсус ҳимоя билан жиҳозланган.

Шунингдек мослама ёрдамида радиоалоқага чиқиш имконияти бўлиб, ушбу имконият ходимларни рациядан беҳожат қилади.

Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги мониторинг маркази

Ёзувлар натижаси махсус серверда бир ой давомида сақланади. Бодикамераларни ишлатиш учун зарур бўлган ахборот тизимида мониторинг марказини ташкиллаштириш ҳам кўзда тутилган. Айнан ўша ерда бодикамералар томонидан қайд этилган маълумотлар сақланади ва кўриб чиқилади. Мосламанинг хотира картасидан серверга маълумотларни кўчириш, махсус дастурий таъминот томонидан WI-FI маълумотлар кўчириш симсиз тармоғи ёрдамида доимий дислокация жойига етиб келгач амалга оширилади (архивга сақлаш жараёни инсон аралашувисиз амалга ошади). Марказ операторида мосламага масофадан туриб боғланиш ва назорат қилиш имконияти мавжуд.       

Мониторинг марказидаги махсус электрон картада ҳар бир ходимнинг айни вақтда жойлашган манзили, ҳамда ушбу манзилнинг патруллаш йўналишига мувофиқлиги акс этади.

Бундан ташқари, шу ерда фавқулодда вазиятлар ҳолатларида ҳаракатлар координацияси амалга оширилади: мониторинг марказига автоматик тарзда гео-, аудио- ва видеомаълумотлар ёпиқ (ҳимояланган) алоқа каналлари орқали етказилиб турилади.

Адлия вазирлиги :“Тадбиркорни ҳомийликка мажбурлама!”

Адлия вазирлиги “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳаси  доирасида  “Тадбиркорни ҳомийликка мажбурлама!” акциясини бошланганини эълон қилди..

Мазкур лойиҳа доирасида “Тадбиркорни ҳомийликка мажбурлама!” шиори остида тадбиркорларни ноқонуний ҳомийлик ишларига жалб қилишга қарши акция эълон қилинди. Ушбу акция октябрь ойи давомида ўтказилади.

Акция доирасида ижтимоий тармоқлар орқали ҳамда ҳудудий адлия органлари томонидан республиканинг барча ҳудудларида сўровлар ўтказиш, шунингдек, ноқонуний ҳомийликнинг барча кўринишларига қарши зарур чора-тадбирларни кўриш режалаштирилган.

Шунингдек, ушбу Акция орқали тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига мажбурий жалб қилиш, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш ҳолатларини аниқлаш бўйича сўровлар ўтказилади.

Сўровномада аноним равишда ёки шахсингизни кўрсатган ҳолда иштирок этишиш мумкин. Шахсини кўрсатган иштирокчиларнинг тадбиркорлик ҳуқуқларини тиклаш юзасидан зарур чоралар кўрилади.

Сўровномада қуйидаги ҳавола орқали иштирок этишингиз мумкин: http://bit.ly/2lSYnc5

Бундан ташқари, мазкур ҳолатларга барҳам бериш мақсадида тадбиркорларнинг ноқонуний ҳомийликка жалб қилишнинг ҳар қандай кўриниши юзасидан @tadbirkor_adliyabot ёки 1008 рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.

Тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-4-моддасида  ҳамда Жиноят кодекси 192-4-моддасида  жавобгарлик белгиланганлини хам Адлия вазирлиги эслатиб ўтди.

Ўзбекистон энг ислоҳотчи ТОП-20 давлатлар ичида

Жаҳон банки бизнес юритишни енгиллаштиришда энг катта ислоҳотлар амалга оширган дунёдаги 20 та топ давлатлар ичида Ўзбекистон ҳам эътироф этилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.

Жаҳон банки “Бизнес юритиш” халқаро рейтинги доирасида охирги бир йил ичида бизнесни юритишда енгилликларни назарда тутувчи энг кўп ислоҳотларни амалга оширган 20 та давлатни эътироф этди. Булар ичида Ўзбекистонда 5 та йўналишда амалга оширилган қадамлар алоҳида тан олинди.

Жаҳон банки хабарига кўра, Ўзбекистон охирги даврда миноритар инвесторларни ҳимоя қилишни мустаҳкамлаган, солиқлар тўлаш тизимини соддалаштирган, шартномаларни ижросини амалга оширишни кучайтирган, шунингдек ташқи савдо йўналишида сезиларли янгиликлар киритган.

Бундай ташқари, тижорат ташкилотларида мустақил кенгаш аъзолари бўлиши юзасидан янги талаблар ва аудит қўмиталарининг мавқеи мустаҳкамланди.

Инфратузилма солиқлари фойда солиғи билан бирлаштирилгани ҳам алоҳида таъкидланган. Жаҳон банки медиация институтини ривожлантиришга қаратилган қадамларни ҳам эътироф этиб, бу борада ягона ҳуқуқий база шаклланганини ва медиациядан фойдаланишни рағбатлантириш механизмлари жорий этилганини таъкидлаган.

Божхона соҳасида эса хавф-хатарни таҳлил қилиш асосида текширувларни амалга ошириш тартиботлари киритилганини ҳам маъқуллаган.

Адлия вазирлиги ушбу йўналишда ислоҳотларни олиб боришда иштирок этган барча ташкилотлар ва уларнинг мутасаддиларини ушбу эътироф билан табриклайди.

Давстатқўм деҳқон бозорларидаги минимал-максимал нархларни маълум қилди

Давлат статистика қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг марказий деҳқон бозорларидаги  алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал-максимал нархларини маълум қилди. 2019 йил 24 сентябрь куни холатига кўра улар қуйидагича :

Мол гўшти (лаҳм гўштидан ташқари) 32 000 сўмдан 55 000 сўмгача (кг)

Кузатув натижасига кўра, 1 кг мол гўштининг (суяксиз гўштидан ташқари) минимал нархи Нукус шаҳрининг “Нукус деҳқон бозори”, Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори”да қайд этилган (32 000 сўм). Мол гўштининг максимал нархлари эса Тошкент шаҳрининг “Эски жўва деҳқон бозори”, “Фарҳод деҳқон бозори”, “Олой деҳқон бозори”, “Қўйлиқ деҳқон бозори”, “Миробод деҳқон бозори”да кузатилди (55 000 сўм).

Қўй гўшти 35 000 сўмдан 60 000 сўмгача (кг)

Қўй гўштининг минимал нархи кузатув натижасига кўра Нукус шаҳрининг “Нукус деҳқон бозори”да (35 000) сўмдан рўйхатга олинган. Максимал нархлари эса Тошкент шаҳрининг “Олой деҳқон бозори”да (60 000) сўмдан кузатилди.

Картошка 1 200 сўмдан 4 000 сўмгача (кг)

Олиб борилган кузатув натижаларига кўра, картошканинг минимал нархи Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори”да (1 200 сўмдан), максимал нархлари эса Тошкент шаҳрининг “Олой деҳқон бозори”да (4 000 сўм) қайд этилди.

Пиёз 1 000 сўмдан 3 000 сўмгача (кг)

Кузатув натижасига кўра, пиёз маҳсулотининг минимал нархлари Жиззах шаҳрининг “Жиззах марказий деҳқон бозори”, Тошкент шаҳрининг “Эски жўва деҳқон бозори”да (1 000) сўмдан кузатилди. Максимал нархлари эса Наманган шаҳрининг “Наманган Чорсу деҳқон универсал бозори”, Урганч шаҳри “Урганч марказий деҳқон бозори”, Тошкент шаҳрининг “Олой деҳқон бозори”, “Миробод деҳқон бозори”да кузатилди (3 000 сўм).

Сабзи 1 500 сўмдан 5 500 сўмгача (кг)

Сабзи маҳсулотининг минимал нархи кузатув натижасига кўра Нукус шаҳрининг “Нукус деҳқон бозори”, Жиззах шаҳрининг “Жиззах марказий деҳқон бозори”, Фарғона шаҳри “Фарғона шаҳар марказий деҳқон бозори”да (1 500) сўмдан қайд этилган. Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг “Миробод деҳқон бозори”да (5 500) сўмдан кузатилди.

Тухум 5 000 сўмдан 10 000 сўмгача (10 дона)

Тухум маҳсулоти кузатув натижасига кўра, минимал нархи Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори”да кузатилди (5 000 сўм). Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг “Миробод деҳқон бозори”да қайд этилган (10 000 сўм).

Гуруч 5 700 сўмдан 18 000 сўмгача (кг)

Гуруч маҳсулотлари кузатув натижаларига асосан, минимал нарх Тошкент шаҳрининг “Олой деҳқон бозори”да (5 700 сўмдан), максимал нарх эса Тошкент шаҳрининг “Олой деҳқон бозори”, “Миробод деҳқон бозори”да кузатилди 18 000 сўм).

Ўсимлик ёғи 8 500 сўмдан 13 500 сўмгача (1 л.)

Ўсимлик ёғи маҳсулотлари кузатув натижасига кўра, минимал нархи Бухоро шаҳрининг “Бухоро марказий деҳқон бозори”, Термиз шаҳрининг “Марказий деҳқон озиқ-овқат бозори” ва Тошкент шаҳрининг “Миробод деҳқон бозори”да (8 500) сўмдан кузатилди. Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори”да (13 500) сўмдан кузатилди.

Шакар 5 000 сўмдан 6 500 сўмгача (кг)

Шакар маҳсулоти кузатув натижасига кўра, минимал нархи Тошкент шаҳрининг “Қўйлиқ деҳқон бозори”да (5 000) сўмдан кузатилди. Максимал нархи эса Термиз шаҳрининг “Термиз шаҳар деҳқон озиқ-овқат бозори”, “Марказий деҳқон озиқ-овқат бозори”да (6 500) сўмдан кузатилди.

Ангренда электромобиллар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда

Хитойнинг Hebei Good Hope Logistics Development Co. компанияси Ангренда электромобиллар(пикаплар) ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришди. Бу хақда Вазирлар Маҳкамасининг 240.09.2019 йил , 805-сон “Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг бешинчи мажлиси якунларига кўра эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди.

Ўнлаб янги лойихалар амалга оширилади

Шунингдек, қарорда айтилишича,Hebei Good Hope Logistics Development Co. компанияси электромобиллар(пикаплар)  ишлаб чиқаришдан ташқари қуйидаги лойихаларни хам амалга оширмоқчи:

  • Юқори сифатли архитектура ойналари(3-12 мм.)
  • Велосипедлар ( кейинчалик 50 % махаллийлаштирилади
  • Электротехника маҳсулотлари
  • Фотоэлектрик модуллар
  • Текстил маҳсулотлари
  • Логистика маркази
  • Замонавий ва анаънавий дори маҳсулотлари
  • Даволаш – профилактика маркази

4 342,0 млн АҚШ доллари қийматидаги келишувга эришилди

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон-Хитой хукуматлар аро хамкорлик қўмитасининг навбатдаги мажлиси якунлари буйича савдо-иқтисодий, инвестициявий, банк-молия, транспорт-коммуникация ва бошқа сохаларда умумий қиймати 4 342,0 млн АҚШ доллари бўлган битимлар, меморандумлар ва тўғридан-тўғри шартномалар имзоланганди.

Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев «Қўқон» эркин иқтисодий зонасидаги «Шаффоф омадли саноат» қўшма корхонаси фаолияти билан танишганлиги хақида хабар берилган эди

Адлия Вазирлиги 1 октябрдан бошлаб нималар ўзгаришини маълум қилди

Адлия Вазирлиги 1 октябрдан бошлаб қонунчиликда қандай ўзгаришлар бўлишини маълум қилди. Қуйида ушбу ўзгаришлар билан танишишингиз мумкин.

1. Яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома бекор қилинади.

Транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади.

2. Меҳнат мигрантларига микроқарзлар берилади.

Меҳнат мигрантларига хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун бир банк куни давомида тез расмийлаштирилган ҳолда энг кам талаб қилинадиган ҳужжатлар (паспорт, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси) асосида 2019-2020 йилларда 10 фоиз ва 2021 йилда 12 фоиз ставкада 2 млн. сўм миқдорида 1 йил муддатга микроқарзлар берилади.

Шунингдек, суғурта компанияларига йилига бир маротаба суғурталанган ҳар бир меҳнат мигранти учун 50 минг сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этиш амалиёти жорий этилади.

3. Қайта суғурталовчилар учун янги тартиб ўрнатилади.

Қайта суғурталовчи суғурта мажбуриятларини қайта суғурталаш учун хорижий суғурта ташкилотларига беришдан аввал бериладиган суғурта мажбуриятларининг камида 50 фоизи миқдорида қайта суғурталаш бўйича оферта (қайта суғурталаш бўйича шартнома тузиш таклифи)ни суғурта ташкилотларига юбориши шарт.

4. Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи оширилади.

Алкоголли маҳсулотнинг акциз солиғи ставкаси ўрта ҳисобда 10 фоизга, тамаки маҳсулотининг акциз солиғи ставкаси 20 фоизга оширилади.

5. Солиқ соҳасидаги бошқа ўзгаришлар:

2019 йил 1 октябрдан:

  • бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади;
  • товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар;
  • қуйидагилар бўйича қўшилган қиймат солиғидан, шу жумладан импорт қилинганда ҳам, имтиёзлар бекор қилинади:
  • асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси;
  • соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси;
  • қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;
  • юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

Шунингдек, ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

6. Айрим нашриётлар лицензия учун давлат божи тўламайдилар.

Болалар адабиётлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган маҳсулотлар чоп этишга ихтисослашган нашриётлар ноширлик фаолиятини амалга оширишга лицензия берганлик учун давлат божи тўлашдан озод қилинади.

7. Қонун ҳужжатлари лойиҳалари электрон кўринишда келишилади ва киритилади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ва кейинги даврда — манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ишлаб чиқилган ва келишилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ҳужжатлари лойиҳалари келишиш (виза қўйиш) ҳамда кейинчалик қабул қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига фақат Ягона электрон тизим орқали электрон кўринишда киритилади.

8. Ижро ҳужжатларининг ягона электрон базаси юритилади.

Мажбурий ижро бюроси Ижро ҳужжатларининг ягона электрон базасини юритади, унга тегишли маълумотлар базаси тизимлари билан интеграция қилиш йўли билан қуйидагилар киритиб борилади:

  • ижро органлари юритувига келиб тушган барча ижро ҳужжатлари;
  • маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар (мансабдор шахслар) томонидан солинган ва ундирилган маъмурий жарималар ҳақидаги маълумотлар.

9. «Меҳрибонлик» уйлари ходимларининг тариф ставкалари ўзгаради.

«Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари раҳбар ходимлари ва олий маълумотли тарбиячилари ҳамда барча турдаги халқ таълими муассасаларининг олий маълумотли тарбиячиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактабларининг тегишли раҳбар ва педагог ходимлари базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади, бунда айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган таълим муассасалари тарбиячилари учун кўзда тутилган устама бекор қилинади.

Шунингдек, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 75 фоизи миқдорида тўланади.

10. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари фақат “E-IJRO AUKSION” орқали тақдим этилади.

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари республиканинг барча ҳудудларида фақат «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали тақдим этилади.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга «YERELEKTRON» ААТда аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш майдончаси тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, ер участкасини танлаш материалларини келишиш ва (ёки) у бўйича хулосалар бериш ваколатли ташкилотлар томонидан фақат электрон шаклда «YERELEKTRON» ААТ орқали амалга оширилади.

Ер участкасини танлаш материаллари юзасидан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, ёнғин хавфсизлиги ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари, санитария-эпидемиология назорати хизматининг ҳудудий ташкилотлари, туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекцияларининг хулосасини олиш талаби бекор қилинади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг аукцион ғолиби номига ер участкасини ажратиш бўйича қарор қабул қилиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади.

11. Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги Қонун кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги Қонуни ҳамда Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш учун жавобгарликни назарда тутувчи нормалар кучга киради.

12. Эски автотранспорт воситаларини янгисига алмаштириш мумкин.

Юртимизда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари эгалари учун ўзларига тегишли автотранспорт воситаларини топшириш ҳамда улар қийматидаги фарқни тўлаш орқали маҳаллий автомобилларнинг янгисини харид қилиш имконини берувчи «TRADE-IN» дастури жорий этилади.

1-октябридан бошлаб банкоматлар нақд доллар беришни тўхтатади

2019 йилнинг 1- октябридан бошлаб банкоматлар нақда долларни беришни тўхтатади. Энди  валютанинг сўмдаги қиймати нақд кўринишда берилади. Бу хақда  АИТБ «Ипак Йули» матбуот хизмати хабар қилди.


1- октябридан бошлаб банкоматлар нақд долларни беришни тўхтатади

«Ўзбекистон резидентлари Ипак йўли банки кассаларида халқаро тўлов карталаридан нақд хорижий валютани тўсиқларсиз ечиб олишлари мумкин. Aйни вақтда шуни маълум қиламизки, жорий йилнинг 1-октабридан бошлаб банкнинг халқаро тўлов тизимлари (VISA, MasterCard ва UnionPay )га хизмат кўрсатувчи барча банкоматлари халқаро тўлов карталаридан (хусусан, Ипак йўли банки томонидан эмиссия қилинган халқаро тўлов карталаридан) нақд пулни фақат миллий валютада беради», — дейилган банк баёнотида.

Шунингдек, kun.uz га кўра  24-сентабрдан бошлаб баъзи банкоматлар халқаро тўлов карталаридаги пулни фақат миллий валюта (сўм)да нақд чиқариб беришни бошлаган.

«1- октябридан бошлаб нақд доллар ечиб олиниши хамма банкларда шундай тартибда бўлади, фақат бизнинг банкда эмас, норезидентлар фақат миллий валютада пулларни ечиб олиши мумкин. Айни пайтда бизнинг банк банкоматларнинг дастурий таъминотини қайта созлба чиқишни бошлади», –    деб хабар берди АИТБ «Ипак Йули»


Марказий банк изоҳи

Марказий банкнинг Kun.uz га хабар қилишича, бундай амалиётдан асосий мақсад жиноий йўл билан топилган даромадларни қонунийлаштиришга қарши кураш.

“Исталган нормал мамлакатда, ҳатто қўшни мамлакатларда ҳам, банкоматлар орқали фақат миллий валюта олиш мумкин. Ўзбекистонликлар банкоматлардан нақд хорижий эчиб ололмайди, лекин паспорт билан банк кассасига бориб, нақд хорижий валюта эчиб олиш мумкин бўлади», – деб изоҳ берган Марказий банк.


Бошқа банклар хабардор эмас

Капиталбанк, Давр банк и Алокабанк  банклари бу чекловдан хабардор эмаслигини маълум қилган. Хусусан, АТБ «Алокабанк»да уларга хеч қандай чекловлар хақида хабар қилишмаганини қайд этишди.

Spark автомобиллари Россияда ишлаб чиқарилиши мумкин

Ўзбекистон ва Россия келишуви асосида 2020 йил бошида Россияда Spark автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин. Тошкентда бўлиб ўтаётган “Локализация-2019” кўргазмаси доирасида “Ўзавтосаноат” раиси Шавкат Умурзоқов Spark автомобилларини Россияда ишлаб чиқариш ҳақида келишувга эришилди, деб хабар қилди Sputnik нашри.

«Россия томон фақат А-класс автомобилларини ишлаб чиқаришга рухсат берди. Бу биздаги Spark моделига тўғри келади», – деди Умурзоқов.

Асосий мақсади – автомобил таннархини тушириш ва техник масалаларни малакали ҳал қилиш

Айни дамда, Россия ва Ўзбекистон томонидан махсус ташкил қилинган ишчи гуруҳ ушбу лойиҳа тафсилотларини ишлаб чиқмоқда. Унинг асосий мақсади – автомобил таннархини тушириш ва техник масалаларни малакали ҳал қилишдир. Лойиҳани амалга ошириш 2020 йилнинг биринчи кварталида бошланади, деб қўшимча қилди “Ўзавтосаноат” раҳбари.

Бизнинг мақсадимиз – фақатгина Россия бозорида бўлиш эмас. Биз ушбу соҳага халқаро тажрибага эга бўлган экспертларни таклиф қилиб, автомобилларни харидорлар учун арзонроқ нархларда етказиб беришга ҳаракат қилмоқдамиз, – дейди Умурзоқов.

Аввалроқ, kommersant.ru  UzAuto Motors ва Россия хукумати ўртасида  автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб борилаётгани хақида хабар берган эди. UzAuto Motors бошқарувчи директори Александр Сахаповга кўра , музокаралар хозирги кунда «фаол» босқичда, унинг натижалари йил якунигача  хабар қилинади.Ишлаб чиқариш “Дервейс” заводида йўлга қўйилиши мумкин, шунингдек, компания собиқ GM заводини сотиб олиш  варианти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг. Bankvabiznes.uz’ни ижтимоий тармоқларда  кузатинг.

Қўқонда ишлаб чиқариладиган электробомил синаб қўрилди

Автоблогер Алан Енилеев Қўқон шахрида ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган  электробомилларни синаб кўрди. Бу хақда Spot блоггернинг  YouTube каналида эълон қилинган видео роликка асосланиб хабар берди.

Аввалроқ, Bank va biznes видео роликда кўрсатилган автомобиллар президент Шавкат Мирзиёевга намойиш қилинганлиги хақида ёзган эди.

Ушбу электробомиллар «Шаффоф омадли саноат» ҚК томонидан 2021 йилдан  ишлаб чиқарилиш мўлжалламоқда.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра корхона келгуси йилдан юк ташувчи каралар, 2021 йилдан электромобиллар ишлаб чиқаришни мўлжалламоқда.

Лойиха қиймати 30 миллион АҚШ доллари бўлиб, шундан 24 миллион доллари хорижий инвестициядир. Ушбу маблағлар Хитойнинг Silk Road Company компанияси томонидан киритилади.

Электромобиллар нархи 3 минг доллар атрофида бўлади

Ҳисоб-китобларга кўра, юртимизда ишлаб чиқариладиган экологик тоза электромобиллар нархи 3 минг доллар атрофида бўлади. Улар нефть маҳсулотлари чекланган шароитда муҳим аҳамият касб этади.

ҚҚСнинг нарх-навога ва тадбиркорлик субъектларига салбий таъсири бўлмаслиги айтилганди. Тадбиркорлик кайфияти бунинг аксини кўрсатмоқда

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бўлим бошлиғи, I даражали адлия маслаҳатчиси Н.И.Норбаевнинг ҚҚС ҳақида таҳлил ва таклифлари эълон қилинди. Қуйида мақолада келтирилган асосий таҳлил ва таклифлар билан танишишингиз мумкин.

ҚҚС бўйича саволларга жавоб берилганми?

Адлия маслаҳатчиси Норбаев ўз мақоласида ҚҚС бўйича ўрганишлар ўтказилганмиди ва саволларга жавоб берилган бериламаганлигига эътибор қаратди. Хусусун, у ёзмоқда :

  • ҚҚС жорий этилишидан олдин ёки кейин социологик ўрганишлар ўтказилганми;
  • ҚҚСга тортишнинг ижтимоий самарадорлиги кузатилганми;
  • Умуман солиқ идоралари фаолиятида социологик тадқиқотлар амалга ошириладими;
  • Солиқ тизимини бошқаришда таҳлилий социологик хизматлар ташкил этилганми;
  • Бошқарув қарорларининг ижтимоий оқибатлари прогноз қилинадими

ҚҚСнинг нарх-навога ва тадбиркорлик субъектларига салбий таъсири бўлмаслиги айтилганди. Тадбиркорлик кайфияти бунинг аксини кўрсатмоқда

ҚҚСнинг жорий қилиниши ёки ставкасининг оширилиши ёки пасайиши амалга оширилса, бундай ўзгаришда аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ўзларини қандай тутадилар. Булар ўрганиладими?

Ижтимоий ҳолат ёки солиқ тўловчи фуқаронинг ҳулқ-атвори юзасидан таҳлиллар етарли бўлмаганлиги оқибатида, ҚҚС ислоҳоти доирасида мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан бир неча бор ҚҚСнинг нарх-навога ва тадбиркорлик субъектларига салбий таъсири бўлмаслиги ёки минимал бўлиши тўғрисида кўп марта баёнот берилди. Лекин бугунги кундаги истеъмол товарлари ва бозордаги ҳолат, тадбиркорлик субъектларининг кайфияти бунинг аксини кўрсатмоқда.

Яқинда Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги илмий-тадқиқот маркази Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Наманган вилоятларидаги маҳаллий ва хорижий инвесторларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида 200дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар билан суҳбат ўтказган. Маълум бўлишича, энг асосий қийнаётган масала бу оғир солиқ юки ва юқори ҚҚС миқдори уларнинг фаолиятига халақит бермоқда.

Солиқ юки камаймоқда, солиқ тизими самарадорлиги хам 

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, солиқ тизими самарадорлигининг пастлиги кўп жиҳатдан унинг иқтисодий қонунлар ва нормаларга мувофиқ ишлаши, объектив ва субъектив омилларнинг ўзаро таъсири умумийлигини ҳисобга олмаслиги ва солиқ тизими фаолиятининг ижтимоий механизм-лардан ажралганлиги билан изоҳланар экан.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йил бошидан буён тадбиркорларга солиқ юки 30 фоизга камайган бўлсада, 135 минг тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатган. Бу ўтган йилга нисбатан 3 фоизга кўпдир.

Йил бошидан буён ҚҚС тўловчилари сони беш баравар ошди. Бироқ, ҚҚСни ҳисоблашнинг самарали ва содда механизмлари йўқлиги сабабли, янги тизимга ўтган 26 минг корхонадан 9 минг (35%) нафари солиқ ҳисоботларини тақдим эта олмадилар.

ҚҚС соддалаштирилган ҳисоблашни тизими ростдан соддами? Нега имтиёзли ва имтиёзсиз  корхоналар маҳсулот ва хизмат сотиш нархларида деярли фарқ сезилмайди ?

Жамиятимизда кўп кузатилган тадбиркорлик субъектларимизнинг аксариятига хос бўлган хулқ-атвор тўғрисида фикр юритмоқчимиз. Маълумки, айрим тоифа солиқ тўловчилар маълум бир солиқ имтиёзларидан фойдаланадилар. Аммо, улар томонидан ишлаб чиқарилган махсулот ёки хизматлар билан имтиёздан фойдаланмайдиган корхоналар маҳсулот ва хизмат сотиш нархлари орасида деярли фарқ сезилмайди.

Нега? Ахир имтиёздан фойдаланса маҳсулоти арзонроқ чиқиши керак эмасми?!

Бу борада ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аксарият ҳолларда, имтиёз тақдим этилиши ёки ставканинг пасайтирилиши бозорда шаклланиб бўлган нарх-навонинг пасайишига олиб келмайди яъни бу преференциядан фойдаланган тадбиркорлик субъекти нархни туширмайди.

ҚҚС ставкасининг оширилиши биринчидан, тадбиркорлар томонидан бозорда ўз мавқеини сақлаб қолиш ва ҚҚС таъсирини камайтириш учун солиқдан қочишнинг янги имкониятларини излай ошлайдилар, иккинчидан, коррупция элементларини ошишига хизмат қилади, учинчидан, нақд пул савдоси кучаяди, бу эса хуфиёна иқтисодиётдаги тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратади.

ҚҚСни жорий қилишда уни кўп ўлчовли ижтимоий ҳодиса сифатида ҳар томонлама таҳлил қилиш, объектив ва субъектив омилларнинг ўзаро таъсирини ҳисобга олган ҳолда ўрганиш, келгусидаги салбий таъсирларнинг олдини олишга хизмат қилади.

ҚҚСнинг салбий оқибатларини камайтириш тадбирларини икки босқичда ташкил қилиш лозим

1) 2020 йил 1 январдан бошлаб барча корхоналарни, товар айланмаси миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўлашга ўтказиш, шу билан бирга ҚҚС ставкасини пасайтириш;

2) ҚҚС билан боғлиқ инфратузилмани яратиш, яъни:

  • имтиёзларни максимал даражада бекор қилиш;
  • ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш;
  • Электрон ҳисоб-фактура тизимини тезкор равишда амалга киритиш, товарлар ҳаракати таҳлили ва ҚҚС ҳисобланишини назорат қилиш;
  • ҚҚСнинг ҳисобга олинган суммасининг уни ҳисобланганидан ошган суммасини мажбурий қоплаб бериш тартибини жорий этиш.

Ушбу саналган тадбирларни айнан паст ставка билан амалга ошириш бирмунча осонроқ ва оғриқсизроқ кечади. Юқори ставка тадбиркорликни чўчитади, натижада керакли инфратузилмани яратиш қийинлашади. Ифратузилма заиф бўлганда ҚҚСнинг салбий таъсири кучаяди;

  • ҚҚС ставкасини пасайиши билан боғлиқ бюджет йўқотиши ўрнини қоплаш мақсадида, давлат харажатларини оптималлаштириш, ортиқча харажатлардан воз кечиш, харажатларни иқтисодиёт ривожланишига ҳамоҳанг ошириб бориш;
  • Солиқ соҳасида социологик тадқиқотлар амалга оширишни йўлга қўйиш, солиқ тизимини бошқаришда таҳлилий социологик хизматларни ташкил этиш;
  • Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси бизнес вакиллари ўртасида ҚҚСни ҳисоблаш бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш;
  • Нархларни жиловлашнинг бошқа барча омилларини самарали қўллаш;
  • Иқтисод, солиқ ва молия соҳасида мутахассислар тайёрлаш дастурларида “Иқтисод ва молия соҳасида социология” каби ўқув дастурларни жорий қилиш. 

Ушбу таҳлил ва таклифлар 2019 йил август ойида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган ва тегишли давлат органларига, хусусан Давлат солиқ қўмитасига киритилган.